Ҳунари борнинг даромади бор
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Моҳир ҳунармандларимизнинг ипак матога туширган миллий каштачилик буюмларини, айниқса, сўзаналарни ҳозир жаҳоннинг, хусусан, Европанинг қатор давлатлари музейлари, хусусий коллекцияларда кўплаб учратиш мумкин. Жондор тумани Сомончиқ маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳсина Йўлдошева бу йўналишга ижодий ёндашиб, турли тасвирларни бахмал матога тикишни йўлга қўйди.
– Ушбу усулнинг фарқи шундаки, тикув матонинг орқа томонидан олиб борилади. Шу йўсинда у ёки бу манзара ҳосил қилинади, – дейди ҳунарманд. – Бунинг учун махсус игна зарур эди. Киши қунт билан изланса, йўлини топаркан. Каштачиликда асосий қурол саналган бигизу нинадан фарқланадиган, бахмал матога нақш тушириш имконини берадиган игна тайёрладим. Сирасини айтганда, шунга ўхшаш каштачилик билан қадимда момоларимиз шуғулланган. Мен икки йилдирки, бу юмуш билан машғулман. Унгача оддий уй бекаси эдим. Матодаги гуллар, турли гиёҳлар, нақшлар тасвирини ўзим чизаман. Яқинда маҳалламизда яшовчи ногиронлиги бўлган икки нафар хотин – қизни шогирдликка олдим.
Муҳсина Йўлдошевага йўл бошида турган халқ амалий санъати устаси дея таъриф бериш мумкин. У тайёрлаётган сўзана, дастурхон, ёстиқлар совғабопгина эмас, чинакам санъат асаридир. Улар қўл меҳнатини қадрлайдиган хорижий сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотиши тайин. Бинобарин, тегишли ташкилотлар ташаббускорни қўллаб–қувватлашса, Жондорда бахмал матога кашта тикиш мактаби яратилиши, ўнлаб хотин – қизларнинг бандлиги таъминланиши, миллий ҳунармандчилигимизнинг янги бир йўналиши дунёга довруқ таратиши мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг