Байрам тадбирлари турли миллат вакилларини бирлаштирди

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилиб, жойларда манзилли тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Самарқанд вилоятининг Ургут, Булунғур, Нуробод ва Самарқанд туманларидаги 21 та маҳаллада шу мақсадга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида театрлаштирилган саҳна кўринишлари, турли миллат вакилларининг фольклор-этнографик ансамбллари бадиий чиқишлари, миллий мақом, рақс ва халқ оғзаки ижодиёти намуналари, лапар, айтишувлар ижроси, либослар намойиши, «Меҳр-оқибат дастурхони» шиори остида турли миллатларнинг миллий таомлари кўргазмалари ташкил этилмоқда.
Жумладан, Ургут туманининг қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудида жойлашган «Тинчлик» маҳалласида байрамона шодиёналар кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Унда маҳаллий аҳоли билан бирга, Тожикистон, Туркия, Япония ва Жанубий Кореядан келган меҳмонлар иштирок этди. Концерт дастурлари, театр томошалари, миллий спорт мусобақалари ва кўргазмалар намойиш қилинди.
Самарқанд туманининг Гулобод ва Деҳнав маҳаллаларида «Қўшничилик — минг йилчилик» шиори остида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимиздаги осойишталик ва фаровонлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни асраб-авайлаш барчанинг бурчи эканлигини таъкидлади.
Тадбирларда амалий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, «Варраклар сайли», миллий ўйин ва спорт чиқишлари ўтказилди. «Адабий кўприк» композицияси асосида қўшни халқларнинг адабий меросини акс эттирувчи китоблар кўргазмаси ташкил этилиб, ёшлар ўртасида миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган рассомлик ҳамда китобхонлик танловлари бўлиб ўтди.
— Ўтган йили туман бўйича энг намунали оила бекаси деб, топилгандим, — дейди Шоира Аҳадова. — Ҳозир маҳалла нуронийси сифатида ёшларга билим ва ҳаётий тажрибамни улашмоқдаман. Бундан ташқари, 5 та кам таъминланган оила билан ишлайман. Ҳукуматимиз томонидан муносиб ҳаёт кечириш учун барча шароитлар яратилган. Биз шундан тўғри фойдаланишимиз, бугунги фаровонликнинг қадрига етишимиз керак.
Нуробод туманининг Оқсой маҳалласида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир доирасида «Варраклар сайли», «Оқ теракми – кўк терак», «Чиллак» сингари миллий ўйинлар, маҳаллий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, «Адабий кўприк» композицияси асосида қўшни халқларнинг адабий меросини акс эттирувчи китоблар кўргазмаси, ёшлар ўртасида миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган рассомчилик ҳамда китобхонлик танловлари ташкил этилди.
Турли миллатларнинг миллий таомлари кўргазмалари, «Ҳайит оши — тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик оши» шиори остида тадбир иштирокчилари, маҳалла аҳолиси учун эҳсон тадбирлари ўтказилади.
Булунғур туманининг Хўжамазгил маҳалласида миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлашга бағишланган тадбир доирасида «Дўстлик боғи» ташкил этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг