«Байрам сайлига янги равон йўлдан борамиз»
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Уйғониш фасли Тўрақўрғон туманидаги Қатағон маҳалласи аҳли учун ҳар йилгидан қувончли келди. Гап шундаки, анча узоқ тарихга эга масканда яшовчиларнинг ўтган асрдан буён дурустроқ таъмир кўрмаган ички йўлларига уч кун ичида асфальт ётқизилиб, копток юмалатса тўхтамайдиган равон ҳолатга келтирилди. 6,5 мингдан зиёд нуфусга эга йиғин бу имкониятни «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг аввалги мавсумида юқори даражадаги уюшқоқлик билан қўлга киритган эди.
— Уч километрдан ортиқ масофанинг асфальтланиши туман марказидан йигирма чақирим олисдаги маҳалла учун кичик масала эмас, унга давлат томонидан 1 миллиард 260 миллион сўм сарфланди, — дейди МФЙ раиси Эркинбой Бориев. — Кишининг кўнглини кўтариб юборадиган бундай хайрли юмуш бажарилаётган чоғда кўпчиликнинг ғайрати жўшади, бошқаларга яхшилик соғиниб, дил тубидаги эзгу мақсадини амалга оширгиси келади. Одамлар уй-жой, ҳовлиси атрофини саришталашга тушиб қолишди. Маҳалла кайвониларидан – юз ёшни қоралаб қолган Лола момо Мирзааҳмедовнинг хонадонида сумалак қайнади, бошқа бир ҳовлида ҳалим пиширилди. Баҳорнинг тансиқ таомлари биринчи навбатда ёши улуғ инсонлар, камхарж оилаларга етказилди, сўнгра астойдил ишлаётган йўлсозларга тутилди.

Дарвоқе, шу кунлари оғир хасталик билан бир неча йилдан буён тўшакка михланиб қолган Адҳамбек Аҳмедов жиддий тиббий амалиётдан сўнг уйга оёқда юриб қайтди. Унинг тўла тузалиб кетишида ҳам маҳалладошлар бирдамлиги асқатди. Даволаш харажатларнинг асосий қисмини саховатли инсонлар ўртага ташлашди.
Аҳиллик, оқибат кўрсатиш билан катта ишларнинг уддасидан чиқиш халқимизнинг боқий қадриятларидан. Кейинги пайтда масалалар ечимига каттаю кичикнинг бошини қовуштираётган «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси ҳам қўшилганлиги айни муддао бўлди. Унинг шарофати билан Наврўзнинг маҳалла гузарида ўтказиладиган бу галги сайлига теп-текис асфальт кўчалардан борамиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- «Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди», деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг!»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг