Аёл судьяларнинг одил судловни таъминлашдаги ҳиссаси
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
2023 йил 11 март куни Тошкентда «Аёл судьяларнинг одил судловни таъминлашдаги ҳиссаси» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелдаги резолюцияси билан 10 март Халқаро аёл судьялар куни деб эълон қилинган.
Ушбу сана муносабати билан Олий суд, Судьялар олий кенгаши, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда "East-west management institute" HTT Ўзбекистондаги филиалининг "Суд тизимини мустаҳкамлаш" (JSSA) қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда Олий мажлис Сенати раиси, сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, суд фахрийлари, фаолият юритаётган аёл судьялар билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова ва Сербия давлатлари аёл судьялари вакилалари ҳам иштирок этди.
Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров очиб, тадбир иштирокчиларини Халқаро аёл судьялар куни табриклади.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева конференция иштирокчиларига уз видеомурожаати ва табрик сўзини йўллади.
Шунингдек, халқаро анжуманда Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Демократия ва бошқарув офиси директори Фэй Хаселкорн ва Аёл судьялар халқаро ассоциацияси президенти Сьюзан Глейзбрук тадбирнинг аҳамияти ва ундаги мавзуларнинг долзарблиги хусусида тўхталиб ўтдилар.
Таъкидлангандек, бугунги кунда суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар ўзларининг юксак билими, ақл-заковати билан жамиятда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Суд тизимида аёлларнинг ҳиссасини ошириш нафақат хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, балки қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, гендер тенглигини таъминлаш учун ҳам зарурлиги қайд этилди.
Эътироф этилганидек, Ўзбекистонда ислоҳотларнинг янги боскичи айнан суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу жараёнда хотин-қизларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эгадир.
Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Олий Мажлиснинг Инсон хуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева конференция қатнашчиларини Халқаро аёл судьялар куни билан муборакбод этдилар.
Эътиборлиси шундаки, одил судловни амалга оширишдаги самарали меҳнати учун 30 нафар аёл судья Олий суднинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши томонидан суд тизимида юксак обру-эътибор қозонган, судьялик бурчини бенуқсон ва ҳалол амалга оширган, жамиятда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ёш судья кадрларни етиштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган 8 нафар аёл судьяга "Суд фахрийси" кўкрак нишони ва 5 нафар аёл судьяга эсдалик совғалари топширилди. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова ва Сербиядан ташриф буюрган аёл судьялар ҳам эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Конференцияда аёлларнинг судьялик касбига эришиш имкониятлари масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, юридик таълим, судьяларнинг малака ошириши ва номзодларни тайёрлаш, ихтисослашган таълимга оид масалалар муҳокама этилди.
Шунингдек, анжуман кун тартибидан ўрин олган яна бир муҳим мавзу одил судловни таъминлашда гендер тенгликни таъминлаш масаласида ҳам иштирокчилар суд ишини юритишда гендер ёндашувни кўллашнинг заруриятига урғу бердилар.
Аёл судьяларни суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнларига жалб қилиш, хусусан, бу жараёнларда аёл судьяларни фаоллаштириш, аҳоли ва жамоат бирлашмалари ҳамда оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилиш масалалари ҳам иштирокчилар эътиборидан четда қолмади.
Тадбирда иштирокчилар алоҳида суд тизимлари мисолида гендер тенгликнинг халқаро стандартларини татбиқ этиш муаммоларини муҳокама қилиб, гендер стандартларини қўллаш бўйича ўзларининг миллий тажрибалари, бу борада мавжуд муаммолар ва тавсиялар билан ўртоқлашди.
Конференция сўнгида муҳокама этилган масалалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Маълумот учун: Ўзбекистонда бугунги кунда 181 нафар аёл судья фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 26 нафари раҳбар судьялик лавозимига тайинланган.
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг