Автосурбетлик болалар ҳаётига таҳдид солмоқда
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Ғилдиракнинг яратилиши техника тараққиётининг ибтидоси, десак муболаға эмас. Аввалига арава, кейинчалик темирйўл ва ниҳоят автотранспорт воситалари унинг асосида яратилиб, оғиримизни енгил, узоғимизни яқин қилаётган ушбу ҳаракатланиш воситаларидан фойдаланиш махсус қоидалар билан тартибга солинаётганига ҳам юз йилдан ошиб кетди. Бироқ ҳар йили минг-минглаб кишилар ушбу қоидаларга риоя этмаслик сабаб ҳаётдан кўз юммоқда. Миллионлаб одамлар ногиронлик олиб, тўшакка михланиб қолмоқда. Хусусан, расмий маълумотларга кўра, ҳар йили мамлакатимизда уч мингга яқин киши йўл-транспорт ҳодисаларининг қурбони бўлиб, уларнинг 12 фоизини болалар ва ўсмирлар ташкил этади.
Муаммо йўлнинг ҳолатида эмас
Эътибор қилганмисиз, каттаю кичик трассаларда ҳайдовчилар рўпарасидан келаётган ҳамкасбини «кўз қисиб»(фараларни ёқиб ўчириб) қаршингда радар ёки «гаи» бор, дея огоҳлантириб ўтади. Ҳушёр тортган ҳайдовчи тезликни ташлаб, хавфсизлик камарини тортиб олади.
Яқин-ўтмишнинг бу «анъана»сини ҳайдовчиларнинг бирдамлиги сифатида қабул қилиш ҳам мумкин. Ҳар ҳолда бундан кўпчилик ёмонлик ахтармайди. Аслида ушбу огоҳликка чорлов билан қанчадан-қанча рецидив қоидабузарлар жаримадан қутилиб қолади. Ўтиб олгач «темир от»га яна қамчи тортади. Кўза ҳар куни синавермайди.
Олий Мажлис Сенатининг таҳлиллари шуни кўрсатадики, мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг қарийб ярми шунчаки йўл ҳаракати қоидаларини менсимаслик оқибатида рўй берар экан.
Шу ўринда узоққа бормай жорий йилнинг 9 июнь куни «Навбаҳор — Нурота» автомобиль йўлида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасини эсга олайлик. Унда «Gentra» ҳайдовчиси ўзи билан бир йўналишда кетаётган «Damas» машинасини қувиб ўтмоқчи бўлиб, рўпарасидан ҳаракатланиб келаётган «Onix» билан тўқнашиши оқибатида шу автомобилда бўлган бир оиланинг 5 аъзоси, яъни 36 ёшли эркак, унинг 58 ёшли онаси, турмуш ўртоғи, 2 ёшли ўғли ҳамда 2 ойлик қизи, шунингдек, «Gentra» ҳайдовчиси вафот этади.
Ваҳоланки, ЙТҲ содир бўлган ушбу ҳудудда қувиб ўтишни тақиқловчи йўл белгиси ўрнатилган. Боиси маълум масофада қарама-қарши тарафдан келаётган транспорт воситаси кўринмайди. Айнан мазкур ҳудудда уч-тўрт йил аввал шу каби пешма-пеш тўқнашув оқибатида ғозғонлик тўрт йигит ЙТҲнинг қурбони бўлган эди. Ўша ҳудудда йўлни бир-икки метрга пасайтириш фалокатларнинг олдини олар деган фикр хаёлингиздан ўтган бўлса, не ажаб. Бироқ барча муаммо йўлнинг ҳолатида эмас. Ишонмасангиз, Қалқонота қўрғонида истиқомат қиладиган онахоннинг сўзларига эътибор қилинг!
— Қишлоғимизни кесиб ўтган катта йўл яқинда тўлиқ таъмирланиб, кафтдек текис бўлди, ёритиш чироқлари ўрнатилди, — дейди Маҳкам ая. — Бошида жудаям хурсанд бўлган эдик. Лекин энди болаларимиз кўчага чиқса, юрак ҳовучлаб ўтирамиз. Айрим машиналар учиб ўтади. Тун ярмидан оққанда автопойга ўйнаб туришади…
Ҳақиқатан ҳам айримлар учун автоулов манзилдан-манзилга етиб олиш воситаси эмас, ўзини кўрсатиб қўйиш манбаига айланиб қолмоқда. Жорий йилнинг 1 июль куни Хатирчи туманида 142 километр соат тезликда ҳаракатланган «BYD» русумдаги автомобиль тагида қолиб кетган 9 ёшли қизча шу каби автосурбетликнинг қурбони бўлди. Демоқчимизки, гап йўлларнинг текис ёки нотекислигида эмас, аксинча, айрим ҳайдовчиларнинг сурбетлик билан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслиги ва бошқа ҳаракат иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини менсимаслиги ҳақида бормоқда. Акс ҳолда одамлар ҳаракатланиш 30 км/соат этиб белгиланган маҳаллалар ичидаги теп-текис йўлларда сунъий тўсиқлар ўрнатиб олмасди. Сабаби кундай равшан, ҳайдовчи ўзга ҳаракат иштирокчисининг эҳтимолий озорига ачинмасада, ўз автоуловини эҳтиёт қилади. Буни разолатдан бошқача аташ мумкинми?
Бировнинг жони
Кўчаларимизга автомашиналар сиғмай, ҳатто шаҳар ва қишлоғу қўрғонларни боғловчи йўлларда ҳам қатнов тиғизлашиб қолганига анча бўлди. Албатта, ҳар бирининг ўз ташвиш ва режалари бор. Қолаверса, ўз уловингда манзилга беташвиш, беминнат ва уриниб қолмасдан етиб олишга не етсин. Туси қорайтирилмаган бўлса ойналарга сочиқ осиб, офтобнинг тик нуридан ҳимояланишади. Бироқ аксарияти хавфсизлик камаридан фойдаланишни хаёлига ҳам келтирмайди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганларнинг 96 фоиздан ортиғи хавфсизлик камарини тақмаган. Соҳа мутахассисларининг фикрича, агар орқада ўтирган йўловчилар хавфсизлик камарини тақишса олдинги ўриндиқларда ўтирган йўловчиларнинг кўпчилиги автоҳалокатда омон қолиши, акс ҳолда эса ЙТҲ вақтида олдинги ўриндиқда ўтирган йўловчининг ҳалок бўлиш эҳтимоли беш баробар ортади. Мазкур таҳлилни ЙҲХ ходими ҳайдовчига айтиб огоҳлантирса, у ҳеч бўлмаганда, маломатга қолиши турган гап. Аслида эса хоҳ ҳайдовчи бўлсин, хоҳ йўловчи шу арзимас қоидабузиш орқали қайсидир хонадонга кулфат келтираётганини билмайди, деб ўйлайсизми?!. Билади, шунчаки, бўйин ёр бермайди. Ўзини камситилгандек, хавфсизлик камари тортилса ғурури топталгандек ҳис этади.
Таҳлиллар (Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасидаги эшитув) шуни кўрсатадики, ЙТҲларидаги аянчли ҳолатларнинг 45 фоизи ҳайдовчиларнинг қоидаларни менсимаслиги оқибатида содир бўларкан. Мамлакатимизда 2023 йилда ЙТҲлари туфайли 2282 нафар фуқаро ҳалок бўлганлигини инобатга олсак, демак, камида минг киши автосурбетларнинг касофати туфайли ҳаётдан эрта кетган.
Икки йил аввал репетитордан қайтаётган прокурорнинг ўн тўрт ёшли ўсмир ўғли ўлимига сабаб бўлган ЙТҲни навоийликлар ҳали ҳамон эсда чиқаргани йўқ. Маст ҳайдовчи уни уриб, қочиб кетгач, ўспирин бир ярим соатча ўлим билан олишган. Ҳайдовчининг дастлабки терговда «нима бўпти, бир-икки йил ўтириб келаманда», деган сўзлари ижтимоий тармоқларга жойлангач эса , жуда кўплаб изоҳларда обуначилар унга ўлим жазосини талаб қилишди.
Суд томонидан ҳайдовчига нисбатан қонунчилигимизда белгиланган тартибда адолатли қамоқ жазоси тайинланди. Ўзи таъкидлаганидек, у ўша муддатни ўтириб, қайтиб ҳам келар. Бироқ бир оиланинг кўз қароғини энди қайтариб бўлмайди. Аксинча, ўша касофат ушбу оилага кулфат эшикларини очиб, прокурор жудоликни кўтара олмади, унинг турмуш ўртоғи эса ногирон бўлиб қолди.
Шукрки орамизда касофатлар кам, афсуски йўқ эмас. Кўпга озор етказиб, офат келтирувчи кишиларга «кўз қисиб» ҳимоя ва рағбат бераётганлар эса кулфат ўз дарвозасидан мўраламагунча буни билмайди.
Эҳтиёт бўлинг, болалар!
Оналаримизнинг алласида алланечук мунг бор. Ҳазин оҳангда улар фарзанди камолоти йўлида юртга тинчлик, хотиржамлик ва фаровонлик, элга осойишталик, инсоф ва диёнат истаб, самимий тилакларга йўғириб илтижо қилишади.
Шу нури дийдага кун келиб, ушбу фарзанди бир нокас шошқалоқлигининг қурбони бўлиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб кўрингчи… Камида «оғзингдан чиқиб, ёқангга ёпишсин», деган ҳақоратни эшитасиз. Ваҳоланки, сизнинг сўзларингиз башорат эмас, оддий огоҳлик, хавотир тартибида бўлиши мумкин. Лекин барибир эшитган қулоққа ёқмайди. Куни кеча Ургутда автоҳалокат қурбони бўлган уч яшар болага ким ҳам ёмонлик соғинибди, дейсиз.
Ҳолат юзасидан маълумот берган Самарқанд вилояти ИИБ ЭКМнинг хулосасига кўра, автомашинанинг руль бошқаруви ва ишчи тормоз тизими соз ҳолда бўлган. Шунингдек, вилоят ИИБ ЭКМ хулосасида ҳайдовчи машинани фавқулодда тормозлаб, тўхтатиб қолиш йўли билан ҳодисанинг олдини олиш учун техник имкониятга эга бўлганлиги кўрсатилган.
Донишмандлар бу дунёнинг барча қувончи бир бола кўзидаги бир томчи ёш, барча қайғуси бир гўдак лабидаги ним табассумга арзимайди, дейишади. Болалар — кучли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам. Шу сабабдан ҳам статистик маълумотларнинг аксарияти болаларга нисбатан олиниб, «жумладан, фалон фоизи болалар» иборасига тез-тез дуч келамиз. Шу кузатув асосида назар солсак, мамлакатимизда 2024 йилнинг дастлабки беш ойида рўй берган ЙТҲ оқибатида 65 нафар бола нобуд бўлганлигини кузатиш мумкин. Ўшандан буён ўтган икки ой давомида болалар билан боғлиқ яна қанчадан-қанча ЙТҲларининг аянчли оқибатлари гувоҳи бўлмадик, дейсиз. Афсуски, аксарияти юқорида таъкидлаганимиздек, шунчаки йўл ҳаракати қоидаларини менсимаслик туфайли содир бўлмоқда.
Шу кетишда бўлса, «Эҳтиёт бўлинг, болалар!» чорловини «Болалар, эҳтиёт бўлинг»га алмаштиришга тўғри келади.
Секинлик ҳаётни сақлаб қолади
Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2022 йил 4 апрелда «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Ушбу ҳужжатда ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш, ҳар қандай қоидабузарлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда йўл ҳаракати қоидалари асосларини болаликдан сингдиришни йўлга қўйиш, амалиётни мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида жорий этиш — йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб йўналишлари этиб белгиланган. Ўтган давр мобайнида мазкур вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича 6 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.
Афсуски, ЙТҲлари камайиб боришида сезиларли ижобий ўзгаришлар кўзга ташланиш ўрнига аянчли ҳолатлар совиб улгурмасидан янгиси одамларни ларзага солмоқда. Кимдир жазо чораларини, яна биров ҳайдовчилик ҳуқуқи бериш талабини кучайтириш таклифини илгари сурмоқда. Бироқ дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, қонунга итоаткорликни таъминлашда қўрқувдан кўра ҳуқуқий маданият юксаклиги, оддий инсоний муносабатлар устуворлиги яхши самара беради. Қолаверса, юқорида таъкидланганидек, ЙТҲларининг 45 фоизи қоидаларни менсимаслик туфайли рўй бергани ҳолда, уларда тажрибасизлик омили бор-йўғи 10 фоизни ташкил этади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш нафақат ички ишлар органлари ходимлари, балки барчанинг бирдек вазифаси бўлиши зарур, акс ҳолда, йўл-транспорт ҳодисаларининг оқибати ҳаётимизга таҳдид солаверади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг