Атом энергетикасини ривожлантириш муаммолари ва истиқболлари муҳокамаси

22:38 15 Октябр 2024 Жамият
241 0

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида энергетика соҳасида муҳим халқаро тадбир — “Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш муаммолари ва истиқболлари” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбир атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишнинг долзарб масалалари ва имкониятларини муҳокама қилиш, миллий ва халқаро экспертлар ўртасида билим ва тажриба алмашиш учун майдонга айланди.

Илғор халқаро тадқиқотлар институти Энергетика дипломатияси ва геосиёсат маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Венгрия, Туркия, Жанубий Африка Республикаси, Сербия, АҚШ, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан халқаро экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари,  Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев, Бутунжаҳон ядро ассоциацияси бош директори Сама Бильбао-и-Леон хоним, Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов, “Ўзатом” агентлиги директори Азим Ахмедхўжаев, “Росатом” давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўринбосари Андрей Петров ва бошқалар сўзга чиққан тадбирда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишнинг долзарб масалалари ва имкониятлари, бу борада амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчилар атом энергетикаси соҳасидаги жорий ва истиқболли лойиҳалар, атом иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш йўллари ҳамда ядро энергетикасининг мамлакат энергетика балансидаги ўрни билан танишди. Кадрлар тайёрлаш, бу борада инновацион технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Конференция дастуридан давра суҳбати шаклидаги иккита панель сессияси ўрин олди. Унда етакчи мутахассислар, экспертлар ҳамда олимлар атом энергетикасининг истиқболлари ва имкониятларига бағишланган маърузаларни тинглади. Муҳокамаларда асосий эътибор атом энергетикаси соҳасида хавфсизликни таъминлашга қаратилди. Иштирокчилар ядровий объектлар фаолияти ишончлилигини оширишга қаратилган илғор технологиялар ва инновацион усуллар билан танишди. Атом электр станциялари ҳолатини мониторинг ва назорат қилиш тизимини ривожлантиришнинг глобал тенденциялари, шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларга тезкор жавоб бериш механизмлари муҳокама этилди.

Мутахассислар ҳодисалар эҳтимолини минималлаштириш ва касбий тайёргарликни ошириш учун халқаро тажрибани миллий амалиётга, жумладан, мунтазам машғулотларга киритиш муҳимлигини таъкидлади. Ўзбекистон атом саноатини янада ривожлантириш учун асос вазифасини бажариши керак бўлган халқаро тартибга солиш стандартларини жорий этиш, миллий қонунчиликни жаҳон хавфсизлиги ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш стандартларига мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш муҳим жиҳат бўлди.

Муҳокамаларда ижтимоий-иқтисодий ва экологик йўналишлар ҳам четда қолмади. Иштирокчилар атом энергетикасини ривожлантириш мамлакатимиз энергетик мустақиллигини мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш орқали иқтисодий ўсишга кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Анжуманда Ўзбекистон энергетика соҳасини диверсификация қилишни қўллаб-қувватлаш, илмий-техникавий соҳада салоҳиятни ошириш ва тижорий ҳамкорлик, жумладан, инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда ядро тиббиёти ва унинг саратонга қарши курашдаги ўрни, шунингдек, ядро технологияларини ноэнергетик йўналишларида қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Университетлараро ҳамкорлик ва атом саноати учун кадрлар тайёрлаш воситаси сифатида филиаллар яратиш мавзулари ҳам долзарб бўлди.

Тадбир Ўзбекистоннинг халқаро тажрибани интеграциялаш ва атом саноатини хавфсиз ҳамда самарали ривожлантиришнинг зарур шарти бўлган илғор стандартларни жорий қилишга тайёрлигини намойиш этди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?