Ассалом, янги йил — янги умидлар
Президентимиз Ўзбекистон халқини Янги йил билан табриклар экан, бу йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун имкониятлар яратиш янада кучайтирилишини, шунингдек, илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади. Бу сўзларнинг тасдиғи ўлароқ давлатимиз раҳбари янги йилнинг илк кунларидаёқ инвестиция сиёсатини амалга ошириш ҳамда энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия қувватлари улушини кўпайтириш бўйича 2023 йилда қилинган ишлар ва 2024 йилга мўлжалланган режалар тақдимоти билан танишди.
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, ортда қолган ҳаётимиз кўплаб қувончли, ёдда қоларли воқеаларга бой бўлди. Айниқса, ўтган йил эл-юртимиз учун қут-баракали ва омадли келиб, халқимиз фаровонлигига эришиш, иқтисодиётимизни юксалтириш борасида улкан муваффақиятлар қўлга киритилди. Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва мавқеи тобора ортиб бораётгани, янги Ўзбекистон — инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланадиган ижтимоий давлат, очиқ фуқаролик жамиятига айлангани барчамизга фахр-ифтихор бағишламоқда.
2023 йилда мамлакатимизнинг энергетика соҳасини ривожлантиришда янги давр бошланди, десак, муболаға бўлмайди. Янги йил арафасида нафақат иқтисодиётимиз равнақи, балки ҳар биримизнинг ҳаётимиз учун сув билан ҳаводек муҳим аҳамият касб этаётган “яшил” энергетика бўйича йирик инвестиция лойиҳаларининг ишга туширилгани барчамизни тўлқинлантириб юборди, халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.
Очиқчасига айтганда, иқтисодиётимиз ривожлангани сари энергия танқислиги тобора кескинлашаётган, айниқса, чекка қишлоқларда чироқ ўчиши ҳолатлари кўзга ташланаётган эди. Энди бундай нохушликлар барҳам топади. Ишга туширилаётган қўшимча қувватлар энергия барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистонда электр энергияси тақчиллиги XXI аср аввалидаёқ кузатила бошланган бўлсада, бу масалага Шавкат Мирзиёев президентлиги даврига келиб алоҳида эътибор қаратилди. Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли мамлакат электр энергияси тақчиллиги шароитида яшаётгани давлат даражасида тан олинди. Энергетика соҳасини модернизациялашга доир яхлит дастур доирасида 2019 — 2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистонда энергия таъминоти манбаларини диверсификациялаш сиёсатининг тамал тошини қўйиб берди, дейиш мумкин.
Яна бир жиҳат. Қуёш ва шамол генерациясига ўтиш тегишли инфратузилмани яратишдан бошланади. Бу эса осон иш эмас. “Яшил” энергетика — жуда қиммат соҳа. 2017 йилгача Ўзбекистон ҳозиргидек дунёга очиқ мамлакат бўлмаган. Иқтисодиёт тармоқлари давлат томонидан қаттиқ назорат қилинарди. Бундай шароитда йирик инфратузилмавий лойиҳалар учун хорижий ҳамкорларни жалб этиш, уларга қулай шартлар таклиф қилиш мушкул эди. Инвесторлар биз билан ишлашдан чўчиган. Эндиликда давлатнинг ўзи қайта тикланувчи энергия манбаларига маблағ тикаётган тадбиркорларни рағбатлантирмоқда. Ўзбекистонда фото ва гидроэлектр станциялари, шамол генераторларини қуриш учун солиқ имтиёзлари кўзда тутилган. Мазкур йўналишда эълон қилинаётган тендер танловларида доим ўнлаб хорижий компаниялар иштирок этиш истагини билдираётгани бежиз эмас. Ҳозир ҳатто уй хўжаликларига ўз эҳтиёжи учун кичик гидроэлектр станциялари қуришга рухсат берилди. Демак, аҳолига узлуксиз энергия таъминоти кафолатланибгина қолмай, бундан даромад олиш имконияти ҳам яратилмоқда.
Янги йил арафасида “яшил” энергетика соҳасидаги йирик қўшма лойиҳалар ишга туширилгани бу борада беш йил муқаддам олдинга қўйилган жуда катта мақсад ва вазифалар қоғозда қолиб кетмагани, реал ҳаётга кўчганидан дарак беради. Аслида электр қуввати тақчиллиги ҳеч бир давлатга бегона эмас.
Халқаро энергетика агентлигининг маълумотига кўра, ҳозирда жаҳон миқёсида 1,3 миллиардга яқин аҳоли электр энергия билан таъминланмаган. 2,6 миллиард одам овқат тайёрлаш учун анъанавий ёқилғи — ўтин, кўмир ва бошқалардан фойдаланади. 2035 йилга бориб жаҳонда энергияга бўлган талаб яна 35 фоизга ошиши тахмин қилинмоқда. Шу боис дунёда электр энергиядан оқилона фойдаланиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Хусусан, кўпгина ривожланган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам электр энергия ишлаб чиқариш қувватларини ошириш баробарида мавжуд ресурслардан тежамли ва самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Электр энергия ишлаб чиқаришни қанчалик оширмайлик, агар унинг сарфини тартибга солмас эканмиз, йилдан-йилга ортиб бораётган талабни қондириш жуда мушкул. Мисол учун, бугун аҳоли фаровонлиги ошаётгани сабабли ҳар бир хонадонда камида битта телевизор, кир ювиш машинаси, чангютгич, кондиционер каби маиший техникалар бор. Баъзида улардан фойдаланиб бўлгач токдан узиб қўйилмайди. Гарчи улар ўчирилган бўлсада, ток линиясига уланган ҳолда турса, электр энергия истеъмол қилаверади. Биргина оддий телефон қувватлагични олайлик. У токка уланган ҳолда туну кун қолса, бир ойда ўртача 1,5 кВт/соат, йилига 18 кВт/соат энергия сарфлайди. Шу боис мамлакатимизда ҳам хонадонларда, ишлаб чиқариш саноатида ва бошқа турли тармоқларда электр энергия тежамкорлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
Мамлакатимиз ўзининг тўрт фаслли бетакрор табиати, ер ости ва ер усти бойликлари билан етти иқлимга маълуму машҳур бўлиб келган бўлса, эндиликда унинг янги ноёб хусусиятлари — офтобли осмони, шамолли кенгликлари, тезоқар дарёлари, биологик манбалари ҳам шуҳратини янада оширишга хизмат қилиши мумкин.
Маълумки, 2019 — 2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси қабул қилинди. Унда яқин ўн йилда мамлакатда углерод сарфини кескин камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоғида экологик тоза ва ресурстежамкор технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи, самарали энергия манбаларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган.
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, Ўзбекистон углеводород энергияси — нефть, газ, кўмирдан фойдаланиш ҳисобига ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг камида 4,5 фоизини йўқотмоқда. Қолаверса, мамлакатдаги энергия ишлаб чиқарувчи қувватларнинг салкам ярми эскирган. Уларни тиклаш ёки модернизациялаш катта маблағни талаб қилади. Бунинг ўрнига ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан самарали бўлган “яшил” энергетикага ўтиш минг чандон афзал. Зеро, бутун дунё шу йўлни танлаяпти.
Моҳиятан олиб қаралганда, тўрт йил аввал қабул қилинган “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси юртимизнинг “яшил тараққиёт” сари юз бурганини англатади. Кези келганда айтиш жоизки, 2030 йилга қадар электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 40 фоизга етказиш режа қилинган.
Башарият дуч келаётган иқлим ўзгариши, Орол денгизи ҳалокати ва бошқа экологик инқирозлар оқибатларини енгиб ўтиш айнан “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, углерод нейтраллигини таъминлаш, ичимлик суви, йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш каби масалаларни самарали ҳал этиш билан бевосита боғлиқ.
Ҳозирда Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия соҳасида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 600 миллион евро маблағи иштирокида йирик лойиҳалар бошланган. Қолаверса, “ACWA Power”, “Masdar”, “Total Eren” каби жаҳоннинг энг нуфузли компаниялари мамлакатимизда йирик қуёш ва шамол электр станциялари лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Бир пайтнинг ўзида “яшил тараққиёт”га эришиш учун “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва уни ривожлантиришни замоннинг ўзи талаб этмоқда. Шу мақсадда қайта тикланувчи энергия манбаларини 25 минг мегаваттга, уларнинг улушини ҳозирги 14 фоиздан 40 фоизга етказиш; 2024 йилдан бошлаб саноатда “яшил сертификат”лар бозорини яратиш; автобусларни тўлиқ экологик тоза электр ёки газ ёқилғисига ўтказиш; барча янги уйлар ва асбоб-ускуналарга энергия тежаш бўйича талабларни жорий этиш мақсад қилинганки, натижада иқтисодиётда энергия самарадорлиги 2 карра ошиб, 2030 йилга бориб 50 миллиард кВт/соат “яшил” энергия ишлаб чиқарилади. Янги станциялар ишга тушиши билан 10 минг километр магистраль ва 110 минг километр ҳудудий электр тармоқлари барпо этилади.
Ўтган 4-5 йилда Ўзбекистонда иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича хорижий инвесторлар билан умумий қиймати 16 миллиард 62 миллион долларга тенг бўлган 34 та битим имзоланди. Бу Ўзбекистонда инвесторлар томонидан айнан шунча замонавий электр станция қурилади, деганидир.
Аҳамиятлиси, Ўзбекистон тарихида биринчи марта аҳоли хонадонида ўрнатилган қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат томонидан сотиб олиш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, ишлаб чиқарилган электр энергиясини истеъмолчиларга сифатли ва барқарор етказиш мақсадида сўнгги 5 йилда қарийб 46 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 14 мингта трансформатор пункти янгиланди. Бунинг натижасида эса 7,5 мингдан ортиқ маҳаллаларнинг электр таъминоти яхшиланди.
Ўзбекистонда янгидан-янги тадбиркорлик субъектлари, аввало, халқимизни электр энергия билан узлуксиз таъминлаш учун атроф-муҳитга кам зарар етказадиган қувватлардан, яъни қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш борасида аллақачон катта қадамлар ташланган. Илк бор 100 фоиз тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан Кармана ва Нуробод туманларида 2 та қуёш станцияси ишга туширилиб, шу кунга қадар 1 миллиард кВт/соат “яшил” электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Янги йил арафасида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида барпо этилган учта қуёш электр станциясининг биринчи босқичи ишга туширилиши ва умумий қуввати икки минг тўрт юз мегаватт бўлган олтита йирик қуёш ҳамда шамол станцияси тармоққа уланиши эса бу борадаги кўрсаткичларни бир неча баробар ошириш имконини беради.
Бундан ташқари, ушбу нуфузли компания томонидан Томди туманида барпо этилаётган замонавий шамол электр станциясининг 100 мегаватти ишга туширилмоқда. Бугунги кунда “Masdar” компанияси ҳамкорликни Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи, тоза энергияни ишлаб чиқариш бўйича саъй-ҳаракатларига ҳамоҳанг тарзда йўлга қўймоқда. Яъни қайта тикланувчи энергия манбалари устида ишлаш бўйича Ўзбекистоннинг барча ҳудудида иш тизимини жорий этган. Компания умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан зиёд, қуввати 2 гигаваттдан ортиқ тоза энергия манбаларини ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Мазкур компания 2021 йилда Навоий вилоятида 100 мегаватт қувватга эга бўлган биринчи лойиҳани амалга оширди. Энди эса 1,2 гигаваттдан ортиқ бўлган тоза энергия ишлаб чиқарувчи лойиҳаларни ишга туширди. Зарафшон, Шеробод, Самарқанд ва Жиззахдаги лойиҳалар шулар жумласидан. Хитойнинг “Gezhouba” компанияси билан эса Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги қуёш фотоэлектр станцияларининг дастлабки 400 мегаваттли генерацияси бошланади.
Энг эътиборли жиҳати — ушбу лойиҳаларнинг барчаси давлат-хусусий шериклик асосида, тўҚридан-тўҚри хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилди. Демак, хорижий инвесторларнинг Ўзбекистонга қизиқиши, аввало, ишончи ортган. Асосийси, умумий қиймати 2 миллиард долларлик бу лойиҳалар ҳисобидан йилига 6 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, икки миллиард куб метр табиий газ тежалади. 2 миллион хонадон узлуксиз ва кафолатли электр энергияси билан таъминланади. Саноат ва хизматлар соҳасида 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратилади. Атмосферага зарарли чиқинди газлар чиқарилиши ҳисобига ҳаво кескин ифлосланишининг олдини олиш борасида зиммамиздаги халқаро мажбуриятларни бажариш йўлидаги катта қадам бўлади.
Бизнинг стратегик шеригимиз ва йирик савдо ҳамкоримиз бўлган Хитой иштирокидаги лойиҳалар илгари тажрибада кузатилмаган жуда қисқа муддатда — 9 ой ичида ишга туширилгани эътиборга молик. Зеро, катта-катта маблағлар эвазига иш бошлаётган замонавий электр тармоқлари нафақат хонадонларимизни ёруғ, балки кўнгилларимизни ҳам чароғон қилади. Одамларнинг турмуш тарзи яхшиланиб, розилиги ортади.
Мана, нима учун “яшил” энергетика ривожига бу қадар катта рағбат ва эътибор қаратяпмиз?! Қолаверса, 2030 йилга бориб саноат ҳажмини икки карра оширишни, металлургия, нефть-кимё ва машинасозлик каби соҳаларни сифат жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтаришни мақсад қилиб қўйган, умумий қиймати 150 миллиард долларлик 500 дан зиёд йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни кўзлаётган эканмиз, бу улуғвор ниятларимизга эришиш учун бизга кафолатли ва барқарор энергия ресурслари сув билан ҳаводек зарур.
Ҳисоб-китобларга кўра, келгуси олти йилда мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб ҳозирги 83 миллиарддан 120 миллиард кВт/соатга ўсиши кутилмоқда. Буни, биринчи галда, қайта тикланадиган энергия ҳисобидан қоплаш режалаштирилган. Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларига доим содиқ. Яъни глобал муаммога айланган иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича башарият тинимсиз изланяпти. Ўзбекистон ҳам. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида ҳам, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Душанбедаги Маслаҳат учрашуви, МДҲ, ИҲТ, ТДТ ва бошқа минтақавий ҳамда халқаро саммитларда ҳам муҳим таклиф ҳамда ташаббусларни фаол илгари суряпти. Яқинда Дубайда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида дунё мамлакатлари “яшил” генерацияни уч баробар оширишга келишиб олди. Ўзбекистон ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлади ва 2030 йилгача “яшил” энергетика манбаларини 27 гигаваттга етказиш учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттиришини маълум қилди.
Бу уддаласа бўладиган вазифа. Негаки, мамлакатимизда “яшил” энергетика бўйича ниҳоятда улкан салоҳият мавжуд. Айни пайтда соҳани рағбатлантириш мақсадида қуёш панеллари ўрнатишга имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш, ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатли сотиб олиш бўйича “Қуёшли хонадон” тизими йўлга қўйилган. 2023 йилнинг ўзида юртимизда 50 минг хонадон ва тадбиркорлар томонидан қуёш панеллари ўрнатилди. Мамлакатимизда 7 миллиондан ортиқ уй-жойлар борлигини ҳисобга олсак, бу инвесторлар учун катта бозор ҳисобланади.
Ҳозирги кунда глобал миқёсда “яшил” энергиядан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга алоҳида устунлик берилмоқда. “Яшил энергия” сертификати кенг жорий қилинмоқда. Ўзбекистон келгусида аниқ режа ва қатъий саъй-ҳаракатлар орқали “яшил” энергияни Осиё ва Европа мамлакатлари бозорига ҳам етказиб бериш бўйича дадил қадамлар ташлаяпти.
Гапнинг сирасини айтганда, 2024 йил мамлакатимиз ҳаётида, одамлар турмушида катта ўзгаришлар юз берадиган йил бўлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизнинг олтита ҳудудида мегалойиҳаларнинг ишга туширилиши, ҳеч шубҳасиз, юртимизнинг иқтисодий юксалишида катта аҳамият касб этади.
Энг муҳими, ушбу лойиҳалар амалга оширилиши билан газ, нефть, кўмир каби ер ости бойликлари захирасини тежаш, экологияга чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини камайтириш имкони яратилади. Осмонимиз мусаффо, табиатимиз беғубор, пировардида халқимиз соғлом, турмушимиз фаровон бўлади. Бу эса жонажон Ўзбекистонимизнинг азалий орзусидир.
Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,
шарҳловчи (“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг