Ургутда туристик-рекреацион зона дирекцияси ташкил этилади

18:04 25 Ноябрь 2025 Сиёсат
172 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Ургутга йил бошидан 500 минг хорижий ва 1 миллион маҳаллий сайёҳ келди. Бу ҳақда Президент иштирокида ўтаётган Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди.

Тадбиркорлар Зарафшон тоғ тизмасида жойлашган «Қортоғ» зонасида 600 гектар майдонда туризм зонаси ташкил этиш ташаббусини билдирган.

Ёки, «Қоратепа» сув омбори атрофида кемпинг ва капсула уйлар қуриб, «Эко шаҳарча» барпо этилса, туристларга йил 12 ой хизмат кўрсатадиган масканга айланади.

Шу боис, мутасаддиларга Ургутда туристик-рекреацион зона дирекциясини ташкил этиш, мастер-режа ишлаб чиқиб, лотларни савдога чиқариш топширилди. Ушбу лойиҳанинг инфратузилмаси учун 50 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Ургутдаги ёндашувлар асосида яна 245 миллион долларлик лойиҳалар ҳисобига 8 та туманда 15 минг иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Умуман, келаси йил 600 миллион долларлик туризм лойиҳаларини бошлаб, камида 35 минг аҳолини банд қилиш зарурлиги қайд этилди.

Ургутдаги маҳаллалар инфратузилмасига келаси йил 260 миллиард сўм ажратилиши эълон қилинди.

Мисол учун, Ургутдаги Тинчлик маҳалласи ҳудудидан логистика маркази қуриш учун 5 гектар жой ажратилиб, 5 миллиард сўмлик инфратузилма қилиб берилса, 100 га яқин дўкон, ошхона ва сервис объектлари қураман, деган ургутликлар кўп.

Туман марказидаги 1,5 километрли «Навоийшоҳ» кўчасини туну-кун ишлайдиган масканга айлантириш орқали 60 та савдо-сервис объекти ташкил қилиб, 500 нафар одамни ишли қилиш мумкин.

Шунингдек, туманнинг 8 та маҳалласи инфратузилмасини яхшилашга Ислом тараққиёт банкидан 10 миллион доллар жалб қилинмоқда. Бундан ташқари, Тожикистон билан чегарадош 15 та маҳаллада меҳмон уйи ва дам олиш маскани қуришга 10 миллиард сўм ресурс йўналтирилмоқда.

Умуман, 2026 йилда вилоятдаги маҳаллаларда савдо ва сервис ҳисобидан 40 минг иш ўрни яратиш муҳимлиги қайд этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?