Арзимас важлар билан бузиб ташланган Нақшбандия тариқати кутубхонаси ва музейи қачон қайта қурилади?

19:46 23 Сентябр 2021 Жамият
2430 0

Фото: "Халқ сўзи"

Даставвал Нақшбандия тариқати музейи ҳақида. У Баҳоуддин Нақшбанднинг 675 йиллиги муносабати билан 1993 йилда Бухоро музей-қўриқхонаси таркибида ташкил этилган.

— Тасаввуф илмунинг асосий вазифаларидан бири инсонни ҳар жиҳатдан баркамол, етук, чин инсон қилиб тарбиялашдан иборат эканлигини сайёҳларга атрофлича тушунтириб беряпмиз, — дейди музей мудири Алишер Искандаров. — Масканимизда 200 га яқин экспонат бор.

Музейнинг Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасидаги ХVII асрга тааллуқли мадрасада жойлашгани эътиборни тортмай қўймайди. Табиийки, мадраса музейбоп қилиб қурилмаган. Тор ҳужраларда экспонатларни сақлаш, авайлаш айтишга осон. Қолаверса, бу кўҳна обиданинг ўзини томоша қилганга нима етсин?!

Маълум бўлишича, мустақиллик йилларида мазкур музей ва Нақшбандия тариқати кутубхонаси учун махсус бино барпо этилган. Жуда катта маблағ эвазига қад ростлаган бинони безаш ишларини тажрибали усталар бажаришган. Ганчкорлик, ёғоч ўймакорлигининг ажойиб намуналари тўпланган, санъат асари мисол қиёфа касб этган бинонинг умри афсуски, қисқа бўлди. Арзимас важлар билан уни бузиб ташлашди.

Фото: "Халқ сўзи" 

— Ваҳоланки, Баҳоуддин Нақшбанд қадамжоси зиёратгоҳга айланганидан буён ўтган салкам 700 йил ичида бу ерда ўз даврининг зукко кишилари томонидан масжиду мадраса, айвонлар қурилган. Бу манзилдаги бирор бир ғиштга дахл етмаган эди, — дейди Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта ходими Комилжон Раҳимов. — Гап шундаки, бино бузиб ташлангач, музей мадрасага кўчирилди. Кутубхона эса...

Нақшбандия тариқати кутубхонаси эса бошпанасиз қолди. Аслида, бундай зиё масканига эҳтиёж катта. Зеро, мажмуага келаётганлар, айниқса, ёшлар фақат зиёрат қилиш билан чекланиб қолмай, Нақшбандия тариқатининг мазмун-моҳияти, тасаввуф илми ҳақида ҳам тушунчага эга бўлишлари жуда зарур. Бу баркамол авлод тарбиясида асқатади. Ўғил-қизларни қадриятларимизга ҳурмат руҳида диёнатли, маърифатли қилиб ўстиришда қўл келади.

Фото: "Халқ сўзи" 

— Сир эмас, кейинги тўрт-беш йил орасида муқаддас қадамжоларни обод этишга жуда катта эътибор қаратиляпти, — дейди К. Раҳимов. — Буни «Етти пир» қадамжолари, жумладан, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ушбу манзилдаги ободончилик, бунёдкорлик ишларини кўриб ҳайратланасан, киши. Шу билан бирга «Қанийди, Нақшбандия тариқати кутубхонаси ва музейи қайта қад ростласа», деган бир эзгу истак, орзу кўнглимиздан ўтади.

Назаримизда, бу жўяли, фойдали таклиф. Зеро, музейбоп бино қадимий экспонатларнинг умрига умр қўшиш имконини беради, сайёҳларга қулайлик юзага келади. Кутубхона эса тариқатнинг мағзини чақишимизда кўмакчи бўлади.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?