“АрМИ–2021”: VII Халқаро армия ўйинларини Ўзбекистон тарихий натижа билан якунлади

10:41 05 Сентябр 2021 Жамият
461 0

Хабар берганимиздек, йилнинг энг нуфузли халқаро ҳарбий мусобақаларидан бири –VII Халқаро армия ўйинлари ўз ниҳоясига етди. Унда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси ҳам муносиб иштирок этиб, тарихий натижаларни қайд этди.

Кеча, 4 сентябрь куни Россия Федерацияси Москва вилоятида жойлашган “Патриот” паркида ушбу нуфузли мусобақанинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирокчи давлатлар жамоа аъзолари, ҳарбий делегация вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментидан маълум қилишларича, жорий йилнинг 22 август кунидан 4 сентябрига қадар ўтказилган “АрМИ – 2021” Халқаро армия ўйинларида иштирок этган миллий армиямиз ўғлонлари жонажон юртимизнинг қудрати ва салоҳиятини яна бир бор, тўла-тўкис кўрсата олди.

Дунёнинг 11 та давлати ҳудудида ўтказилган мусобақаларда 42 та давлатнинг жами 277 та жамоаси, бошқача айтганда 5000 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар ўзаро куч синашди. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикаси жамоалари ҳам ушбу нуфузли мусобақаларнинг 24 йўналиши бўйича муносиб иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур беллашувлар давомида вакилларимиз 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида мусобақа ташкилотчисидан кейин фахрли 2-ўринни эгаллади.

Хусусан,

“Содиқ дўст” эркаклар жамоаси - 1 та олтин;

“Содиқ дўст” аёллар жамоаси - 1 та олтин;

“Ҳарбий-тиббий эстафета” жамоаси - 1 та олтин;

“Дала ошхонаси” жамоаси - 1 та олтин медалларни қўлга киритди.

Кумуш медалларга сазовор бўлган жамоаларимиз қуйидагилар:

“Эльбрус халқаси”;

“Мерганлик марраси”;

“Отлиқ марафон”;

“Қуролсоз уста”;

“Хавфсиз муҳит”;

“Муҳандислик формуласи”;

“Хавфсиз маршрут”;

“Қутб юлдузи”;

“Қўшинлар разведка аълочиси”.

Шунингдек, муросасиз кечган беллашувлар давомида бронза медалини қўлга киритган жамоаларимиз билан ҳам танишинг:

“Автозирхли танк-техника устаси”;

“Ишончли қабул”;

“Йўл патрули”;

“Саян юриши”.

Айтиш керакки, мазкур мусобоқалар давомида жамоалар томонидан жами 37 та рекорд натижа қайд этилган бўлиб, шундан 10 таси Ўзбекистон Республикаси ҳисобига ёзилди. Хитой Халқ Республикаси 6 та, Беларусь ва Ҳиндистон республикалари ҳисобида эса 2 тадан.

Хусусан, “Ҳарбий-тиббий эстафета” мусобақасида вакилларимиз 3 та рекорд натижаларини янгилади.

Қизғин ва муросасиз кечган “Эльбрус ҳалқаси” мусобақасида ҳам юртдошларимиз мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилди. Жумладан, кичик сержантлар Санжар Тўқлиев, Абдумухтор Абдуғаниев ва Азимжон Ибрагимовлар “Тоғ тўсиқлар йўлаги” шартини 12 дақиқа 58 сонияда бажариб, рекорд натижа кўрсатган бўлса, “Музли ҳудуддан ўтиш” шартини адо этишда ҳам жамоамиз пешқадамлик қилди. Ўғлонларимиз мазкур вазифани 11 дақиқа-ю 37 сонияда уддалаб, рекордлар сериясини давом эттирди.

“Содиқ дўст” жамоасида сержант Улуғбек Нуриллаев “300 метрлик тўсиқларни хизмат итлари билан ўтиш” шартида 1 дақиқа 13 сония билан босиб ўтиб, тенгсиз эканини амалда намоён этди ҳамда рекорд ўрнатди.

“Мерганлар марраси” мусобоқасининг “Якка синов” беллашувида кичик сержант Фазлиддин Қирғизов “Мўлжалга олиш нуқтасини ўзгартириб отиш” машқини 15 дақиқа-ю 6 сонияга бажариб, янги рекорд натижа кўрсатди.

Юртдошларимизнинг бу каби ютуқларини кўриб, бугун миллий армиямизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳатлар ўз самарасини бераётганига амин бўламиз. Халқаро майдонда юрт шаънини муносиб ҳимоя қилиб, мамлакатимиз байроғини баланд кўтарган ўғлонларимиз билдирилган ишончни тўла оқлашди. Улар эришган бу ютуқ чинакам тарихий натижадир. Рекордлар кетма-кетлиги, медаллар шодаси истиқлолимизнинг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?