Ар-Риёдда ўзбек адабиётшунослари қаламига мансуб рисола чоп этилди
Яқинда Ар-Риёддаги “Тадқиқотлар ва маърифий алоқалар маркази” ўзбек адабиётшунослари қаламига мансуб бўлган ҳозирги замон саудия адабиётининг энг сара намуналари таржималари асосида яратилган тадқиқотларидан иборат “Саудия адабиёти ўзбек адабиётшунослари талқинида” деб номланган илмий рисолани нашр этди. Ушбу китобнинг таржимони ва муҳаррири Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети хорижий тиллар кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Муртазо Сайдумаровдир. Ўн бобдан иборат ушбу китобда саудия адабиётидан ўзбек тилига қилинган таржималар асосида яратилган ўзбек адабий танқидчилиги асарлари жамланган. Бу тадқиқотлар ўзаро маданий-маърифий алоқаларни фаоллаштириш доирасида амалга оширилмоқда ва у Саудия Арабистонининг ўзга маданиятлар, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни ривожлантиришга йўналтирилган.
Илмий рисоланинг Муртазо Сайдумаров томонидан ёзилган биринчи боби адиб Иброҳим Носир ал-Ҳумайдон ижодига бағишланган бўлиб, муаллиф адибни саудия араб ўсмирлар адабиёти муассиси сифатида тавсифлайди. Адибнинг “Тун зулматидаги нур” романи батафсил таҳлил этилади. Иккинчи бобда таниқли ўзбек ёзувчиси Хуршид Дўстмуҳаммад араб адиби Ҳамза Муҳаммад Буқарийнинг “Сафо айвони” романини таҳлил этади ва муаллифнинг оддий, содда услубини таъкидлаб, “Чинакам буюклик оддийликдан, соддаликдан бошланади” дейди. “Сафо айвони” замонавий Саудия Арабистони адабий насрининг қалдирғоч намуналаридан эканлигини таъкидлайди.
Рисоланинг учинчи бобида Адҳамбек Алимбеков Ҳомид Даманҳурийнинг “Қурбонлик қиймати ёхуд муҳаббат ва бурч” романини таҳлил этар экан, уни “Ўқишли роман” деб тавсифлайди. Баҳодир Карим эса тўртинчи бобда адиба Маҳа Муҳаммад ал-Файсалнинг “Тавба ва Сулайё” романида бир неча адабий ижодий услублар уйғунлашувига ишора қилиб, унда бир қанча адабий-ижодий методлар, романтик, реалистик ва модернистик оқимига хос хусусиятлар уйғунлашганини кўрсатади. Тадқиқотчи ““Тавба ва Сулайё” — бу идрок романи, ўқувчи фаҳм-фаросатини, эслаб қолиш қобилиятини, тафаккур кўламини, нуқтаи назари ва ҳатто китоб ўқиш маданиятини имтиҳондан ўтказадиган асарга ўхшаб кўринади” деб хулоса қилади.
“Араб адабиёти Ўзбекистонда: Азиз Зиёнинг “Ғурбатдаги ҳаёти” деб аталган бешинчи бобни Анқара Ҳожи Байрам Валий Университети Туркий тиллар кафедраси профессори Зайнабидин Абдирашидов ёзган. У 1997 йили “Жаҳон адабиёти” журнали таъсис этилгандан буён ўтган чорак аср давомида ўзбек ўқувчиларини бир қатор араб адиблари асарларини мутолаа қилганларини, ҳамда саудия адабиётининг намуналари билан ўзбекча таржималар орқали танишганларини эслаб ўтади. Сўнг адиб Азиз Зиёнинг “Ғурбатдаги ҳаётим” романини таҳлил этиш си расида саудия адабиётидаги автобиографик асарлар шаклланиши ҳақида тўхталади. Азиз Зиё ҳаётининг мамлакат ижтимоий ва сиёсий тарихида муҳим ўрин тутган воқеаларга боғлиқлигини кўрсатади. Бу нарса, муаллифнинг фикрича, Азиз Зиё адабий асарини тарихчилар ва бошқа соҳа мутахассислари учун дастлабки манбалардан бирига айлантиради. Шу билан бир қаторда ушбу роман кенг китобхонлар учун муносиб роман эканини таъкидлайди.
Олтинчи бобда Дилафрўз Муҳиддинова Саудия адабиётида қисқа ҳикоя жанрига эътибор қаратиб, мазкур жанрнинг келиб чиқиши, шаклланиши ва замонавий насрий жанрлар илдизлари ва уларнинг ҳозирги замон араб адабиётидаги турлари ҳақида тўхталади, сўнг саудия адабиётидаги қисқа ҳикоя жанри ҳақида сўз юритиб, Холид ал-Юсуф, Тоҳир аз-Заҳроний, Абдулжалил Ҳофиз, Ҳиям ал-Муфлиҳ, Вафо Умейр, Шайма аш-Шиммарий, Ҳакима ал-Ҳарбий ва бошқалар ижоди ҳақида сўз юритади.
Еттинчи боб саудиялик адиба Хайрия ас-Саққофнинг “Денгизлар оша олислар сари” ҳикоялар тўпламини ўзбек тилида ўқиб, тадқиқотчи Алимурод Тожиев томонидан ёзилган таҳлилни ўз ичига олади. Тадқиқотчи “Хайрия ас-Саққоф аёллар насрининг сарбони, журналистика, матбуот соҳасида самарали меҳнат қилиб, анчайин юксак мартаба ва эътирофларга сазовор бўлган араб адибаси экан”лигини, шунингдек у “Арабистон ярим оролидаги энг биринчи араб адибаларидан бири” эканлигини айтиб ўтади.
Алимурод Тожиев “Хайрия ас-Саққофнинг ҳикоялари полифоник характерга эга”лигини, “уларда ёзувчи ҳаётни турли рангларда кўришини, ҳаётни қандай кўрса, шундай акс эттиришга уринишини” баён этади. “Баъзи ҳикояларида араб аёлининг ижтимоий ҳаётдаги муаммолари, жамият билан қаҳрамон орасидаги руҳий зиддиятларини акс эттирса, баъзи ҳикояларида ҳаёт ва инсон, тирикчилик ва қалб, борлиқ ва йўқлик каби кўплаб абадий ҳамда мураккаб саволларга ечим қидиришини” таъкидлайди.
Саккизинчи бобдаги Раъно Хўжаеванинг тадқиқоти саудия шеъриятидаги дастлабки асарлар таҳлили сари йўналтирилган. Бунда Муҳаммад Ҳасан Аввод, Ҳусайн Сарҳон, Муҳаммад Ҳасан Фақий, Ҳасан Қураший, Абдулазиз Муҳйиддин Хўжа каби дастлабки шоирлар билан бир қаторда, улардан кейинги давр шоирлари Ҳасан ас-Сабаъ, Аҳмад ас-Сомий, Ашжон Ҳинд, Абдуллоҳ ас-Самиҳ шеърлари атрофлича таҳлил қилинган.
Тўққизинчи ва ўнинчи бобдаги Улуғбек Ҳамдам ва Муртазо Сайдумаровнинг тадқиқотлари саудия модернизм шеъриятига бағишланган. Муаллифлар Солиҳ Замананнинг “Абадият манзиллари” шеърий тўпламини таҳлил ва тадқиқ этиш билан бир қаторда, саудия адабиётида модернизм шеъриятининг келиб чиқиши, унинг хусусиятлари ҳақида тўхталганлар. Саудия насрий шеъриятининг намояндаларидан бир Саад Ҳумайдин “Девордаги расмлар” шеърий тўплами нашр қилиниши билан бошланган ҳозирги замон саудия модернизм шеърияти майдонига кириб келган бир қатор шоирлар исмларини келтирадилар.
“ар-Риёд” газетаси,
8 зул-қаъда 1444 ҳижрий йил / 28 май 2023-йил.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг