АҚШ ва Украина хавфсизлик соҳасида узоқ муддатли келишувга эришди. Киев уни «тарихий» демоқда

11:04 14 Июнь 2024 Дунё
356 0

Фото: AP

Италияда бўлиб ўтган G7 саммитида Украина президенти Владимир Зеленский ва АҚШ президенти Жо Байден Украина ва АҚШ ўртасида хавфсизлик бўйича 10 йиллик икки томонлама шартнома имзолади. Бу Киев томонидан «тарихий» деб баҳоланди.

Шартнома Америка Қўшма Штатларининг Украинага ҳарбий ва ўқув ёрдамини ўз ичига олади, аммо Вашингтон иттифоқдоши учун жанг майдонига қўшин юбориш мажбуриятини олмайди.

Украина биринчи навбатда шаҳар ва электр станцияларига йўлланаётган ракета ва дрон ҳужумларини тўхтатиш учун ҳаво мудофаа тизимларига, шунингдек, узоқ кутилган «F-16» қирувчи самолётларига эҳтиёж сезаётганини маълум қилган. Зеленский янги хавфсизлик келишувида ушбу жанговар қуролларни етказиб бериш ҳам киритилганини айтди.

Шунингдек, G7 давлатлари Киевга музлатилган Россия активларидан 50 миллиард доллар йиғиб беришга келишиб олишган.

Байден бу пуллар Украина фойдасига ишлатилиши ва бу ҳаракати билан Путинга ўз фикридан қайтмасликни билдириб қўйишини айтган.

«У бизни ажрата олмайди, Украина бу урушда ғалаба қозонмагунча биз билан бирга бўлади», — деган Байден. Лекин ушбу пуллар йил охиригача Украинага келиб тушмайди, яъни 50 миллиард долларлик ёрдам урушнинг ҳозирги ҳолатига таъсир кўрсата олмайди.

Россия Марказий банкининг музлатилган активларининг катта қисми Бельгияда сақланмоқда. Халқаро ҳуқуққа кўра, давлатлар Москвадан бу активларни мусодара қилиб, Украинага бера олмайди. G7 қарори эълон қилинишидан олдин Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўта оғриқли жавоб чоралари бўлишидан огоҳлантирган.

Маълумот учун айтиб ўтамиз, G7 — «Еттилик гуруҳи» Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция, Япония ва АҚШни бирлаштирган норасмий халқаро клубдир. Ушбу давлатлар раҳбарларининг норасмий форуми (Европа комиссияси иштирокида) доирасида долзарб халқаро муаммоларга ёндашувлар мувофиқлаштирилади. Гуруҳ саммитлари ҳар йили аъзо давлатларнинг бирида навбатма-навбат ўтказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер