АҚШ Россия ва Украина музокараларининг иккинчи босқичи қачон бўлишини маълум қилди

12:35 23 Май 2025 Дунё
234 0

Иллюстратив фото

Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг иккинчи раунди май ойи охирида бўлиб ўтиши мумкин, бироқ муддат Москванинг Ватиканни воситачи сифатида қабул қилишга тайёрлигига боғлиқ. Бу ҳақда «Bloomberg» агентлиги хабар берди.

Европа расмийларининг айтишича, Ватиканнинг музокараларда потенциал мезбон ёки воситачи роли ҳақида мунозаралар давом этмоқда.

Музокаралар келаси ҳафтада бўлиб ўтиши мумкин, гарчи бу Россиянинг қатнашишга тайёрлигига боғлиқ бўлса ҳам, — дейилади нашр хабарида.

Шунингдек, мақолада Россия Ватиканни Украина бўйича музокаралар жараёнига жалб қилишдан манфаатдор эмаслиги, Москва ўтган ҳафта Истанбулда бошланган делегациялар учрашувларини давом эттиришни афзал кўраётгани ёзилган.

«Bloomberg» маълумотларига кўра, Россия расмийлари президент Владимир Путиннинг Ватиканга ёки ҳозирги вақтда музокаралар учун бошқа жойга боришини режалари йўқ. Бунинг ўрнига Москва шу йилнинг 16 май куни Истанбулда бўлиб ўтган техник музокараларни давом эттиришга эътибор қаратгани айтилган.

Кеча «The Wall Street Journal» ўз манбаларига таяниб Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг янги босқичи июнь ойи ўрталарида Ватиканда бўлиб ўтиши мумкинлигини ёзганди.

Ўз навбатида, АҚШ президенти Дональд Трамп ўтган якшанба куни Европа етакчиларига Давлат котиби Марко Рубио ва махсус элчи Кейт Келлогни ушбу музокараларга юбориши мумкинлигини айтган.

Аввалроқ, Рим папаси Лео XIV Италия бош вазири Жоржиа Мелони билан суҳбатда Россия ва Украина ўртасидаги музокараларни Ватиканда ўтказишга тайёрлигини тасдиқлаган эди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Ватиканнинг таклифини изоҳлар экан, Россия ва Украина ўртасида кейинги музокаралар ўтказиш жойи бўйича қарор ҳали қабул қилинмаганини айтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?