АҚШ Ўзбекистоннинг гендер сиёсатни амалга оширишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни давом эттиради

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати
Вашингтонда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси - Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раҳбари Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Президент Ж.Байден Оқ уйининг Гендер сиёсати Кенгашидаги катта маслаҳатчиси Рейчел Фогелштейн ва Давлат департаментининг Хотин-қизларнинг глобал ишлари бўйича идораси директори Катрина Фатоват билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда Америка томон Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси фаолияти билан батафсил таништирилди.
Республика комиссияси қисқа вақт ичида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, гендер тенглик, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни ишга жойлаштириш, хотин-қизларнинг турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган ишларни амалга оширди.
Оқ уй вакили Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлаш, қарор қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг ролини кучайтириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, таълим олиш ва касбий билимларни ривожлантириш имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, оиладаги зўравонликка қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Иқтисодий имкониятлар, шу жумладан аёллар тадбиркорлиги ва касаначилигини кенгайтириш бўйича ташаббусларнинг муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Р.Фогелштейн Ўзбекистоннинг Гендер тенгликни таъминлаш стратегияси ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат томонидан молиялаштириладиган миллий дастурлар қабул қилинганини олқишлади.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини гендер экспертизадан ўтказиш амалиёти, гендер бюджетлаштиришни жорий этиш ва гендер статистикасини юритиш жараёни муҳокама қилинди. Маслаҳатчи Ўзбекистонда гендер зўравонликка қарши курашишга қаратилган қонунлар қабул қилинишини қўллаб-қувватлади ва бу масала Президент Ж.Байден ҳамда вице-президент К.Харриснинг алоҳида диққат марказида эканлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, Давлат департаментининг Хотин-қизларнинг глобал ишлари бўйича идораси директори К.Фатоват ҳам АҚШ Ўзбекистоннинг гендер сиёсатини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқчи эканини тасдиқлади. У айниқса қишлоқ жойларда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигини таъкидлади.
Айниқса, қўшма ташаббусларни амалга ошириш орқали «хотин-қизлар ва иқлим ўзгариши» кун тартиби доирасида Оролбўйи минтақасида аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар истиқбол эканлиги қайд этилди.
Гендер кун тартибини “C5+1» мулоқот форматида биргаликда тарғиб қилишдан манфаатдорлигига урғу бериб, Давлат департаменти вакили Ўзбекистонда “C5+1» аёллар бизнес-форумини АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари етакчи ва ишбилармон аёллари иштирокида ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг