Ангренда зўравонликка учраган 15 ёшли қиз иши судда кўрила бошланди

18:27 20 Ноябрь 2025 Жамият
311 0

Фото: Болалар омбудсмани

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида вояга етмаган 15 ёшли қизни зўрлашда айбланаётган 4 нафар йигитга оид суд жараёни бошланмоқда. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

Билдирилишича, Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судида вояга етмаган жабрланувчи С. Я. (2010 йилда туғилган)га нисбатан Жиноят кодексининг 118, 119, 28,118 ва 28,119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган 18 яшар С.Қ., 20 ёшли З.У. ва Д.Ў. ҳамда 21 ёшли А.У.га оид жиноят ишини кўриб чиқилиши бошланган.

Қўшимча қилинишича, мазкур иш Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

«Қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилади», деб ёзди Олий суд матбуот котиби.

Маълумот учун, мазкур воқеа жорий йилнинг июль ойида Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида рўй берди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова 24 июль куни Ангренга бориб, жабрланган қиз билан боғлиқ вазиятни ўрганганди. Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан, қиз, Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган тиббий муассасага кўчирилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 ноябрь куни Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова шифохонага бориб, жабрланувчи қизнинг ҳолати билан шахсан танишди.

Унинг маълум қилинишича, қизнинг умумий аҳволи барқарорлашган, тана вазни ошган ва босқичма-босқич руҳий инқироз ҳолатидан чиқиб боряпти. Психологлар томонидан мунтазам олиб борилаётган муолажалар ҳам фойда беряпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер