Андижондаги энг катта сада дарахти сайёҳлар эътиборида
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон туманидаги Дўнгқишлоқ маҳалласидан сайёҳлар қадами аримай қолди. Бунга сада дарахти сабаб бўлмоқда. 35 йил аввал экилган ниҳол бугунги кунга келиб 2,90 метр айланага эга. Шохларининг узунлиги нақд 27 метрга етади. Бўйи эса 20 метрдан иборат. Унинг остида бир пайтнинг ўзида 50 нафар одам бемалол салқинлаб ўтириши мумкин.
— Бу каби улкан дарахтлар нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам камдан-кам учрайдиган ҳолат экан, — дейди шу маҳаллада яшовчи Зайнобиддин Саидмуродов. — Шу боис кейинги пайтларда садани кўргани келадиган сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Сўнгги кунларда Япония, Швейцария, Ҳиндистон, Россия, Янги Зеландия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан меҳмонлар келишди. У ҳақидаги маълумотлар барчани бирдек қизиқтирмоқда.

Эманлар оиласига мансуб ушбу дарахт сершохлиги ва серсоялиги билан аҳамиятлидир. Шу боис ёмғир ёққан пайтларида ҳам унинг ости нам бўлмайди.
— Бу дарахт қатъий назоратимизга олинган, — дейди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси масъул ходими Лочинбек Исомиддинов. — Вақти-вақти билан унинг шохларини озиқлантириш, турли касалликлардан ҳимоя қилиш, агротехник тадбирларини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб кетмоқда. Ана шундай пайтда сада дарахти остида бир дам тин олиш танангизни тетиклаштиради. Айниқса, унинг остидан оқиб ўтувчи ариқдаги сув барча чарчоқни аритади.
— Бу дарахт ҳақида ўтган йили ижтимоий тармоқ орқали ўқиган эдим, — дейди Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти Сузоқ туманидан келган Улуғбек Абдурайимов. — Бугун уни кўриб, кўзим қувнаяпти. Она табиатга бўлган муносабат ўзлигимизга, инсонийлигимизга бўлган муносабат, деб биламан. Биз фарзандларимизга мусаффо ҳаётни мерос қолдириш учун уни ўз қўлимиз билан яратишимиз керак. Сада дарахти остида шу фикр хаёлимга келди. Қишлоғимга боргач, мен ҳам маҳалламга шу дарахт кўчатини экишга қарор қилдим.

Кўпчиликнинг эътибори ва қизиқишини ўзига жалб этаётган сада дарахти сайёҳлар тўхтаб ўтадиган манзиллардан бирига айланибди. Менимча, бу ерда яратилган шароитлар ҳам шунга монанд бўлиши керак. Масалан, дарахт остида ўриндиқлар жойлаб, салқин ичимликлар савдоси ташкил этилса кўпчиликка манзур бўларди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг