Андижонда темирйўл цистернасига чиққан эркакни ток урди

02:53 14 Июнь 2025 Жамият
229 0

Андижон вилоятидаги Пойтуғ бекатида темирйўлдаги цистернага чиққан эркакни ток урди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 10 июнь куни содир бўлган. Унда бегона фуқаро темир йўл станцияси ҳудудига кириб, иккинчи йўлда бўш турган цистернага чиқиб олган.

Вагонда бўлган эркак контакт тармоғидаги кучланиш таъсирига тушиб, ерга йиқилган. Станция навбатчи ходими тез тиббий ёрдам бригадасини чақирган. Жабрланувчига зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, тиббиёт муассасасига олиб борилган.

Ушбу ҳолат тасвирланган видеолар ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Видеоларда эркак вагон юқорисида танаси ёнишни бошлаган ҳолда ёпишиб қолгани, сўнг ўзини пастга ташлагани кўринади.

«Темир йўл ва инфратузилма яқинида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз. Темир йўл инфратузилмаси объектларига ўзбошимчалик билан кириш ҳаёт ва соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради», дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкент шаҳар Юнусобод туманида поезд устида селфи тушмоқчи бўлган икки болани ток ургани ҳақида хабар қилгандик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?