Андижонда «Ташаббусли бюджет» орқали 232 лойиҳа молиялаштирилди
Фото: Халқ сўзи
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, айниқса, маҳаллаларда йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни амалий ҳал этишда «Ташаббусли бюджет» платформасининг аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Бинобарин, шу йилнинг 11 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари 2023 йилдан вилоят бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи айнан «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларига берилишини таъкидлар экан, маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина «Ташаббусли бюджет» орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилишини маълум қилди.
Андижон вилоятида ҳам ҳозирга қадар «Ташаббусли бюджет» орқали 232 та таклиф молиялаштирилди. Натижада қатор маҳаллаларда йўл, сув таъминоти яхшиланди, янги ижтимоий инфратузилма объектлари қурилди. Жумладан, Балиқчи туманидаги Қияли маҳалласида замонавий стадион барпо этилди. 347 млн. сўмлик ушбу лойиҳа туфайли эндиликда қишлоқ ёшлари спортнинг ўнлаб турлари билан мунтазам шуғулланиш имконига эга бўлдилар.
— Яратилган шароит ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини сезиларли оширди, — дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Сарварбек Абдуазимов. — Ҳозирда бўш вақтимизда футбол, волейбол, баскетбол билан шуғулланяпмиз. Тез кунларда футбол бўйича қўшни маҳалла вакиллари билан ўртоқлик учрашувини ўтказиш ниятимиз ҳам бор.
Туманнинг Дўнгсарой маҳалласи аҳолиси онлайн платформа яратган имконият туфайли дастлаб 850 млн. сўмлик маблағ эвазига 2 км йўлдаги муаммоларга ижобий ечим топган бўлсалар, ҳозирга келиб манзилдаги 15-умумтаълим мактаби учун спорт мажмуаси қурилишига эришдилар. Бунинг учун 1 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Айни пайтда ўйингоҳда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
— Авваллари мактабимизда фақат ёзги стадион бўларди,-дейди шу мактаб ўқувчиси Азамат Собиров. — Ёғин-сочин кунлари жисмоний тарбия дарсида қийналардик. Ҳозирда қишки спорт зали қурилмоқда. Унинг фойдаланишга топширилиши билан спортнинг ўнлаб тури билан шуғулланиш имкониятига эга бўлишимиздан хурсандмиз.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг