Андижонда хитойлик ҳамкорлар билан муқобил энергия манбалари жорий этилади

15:50 17 Февраль 2023 Жамият
504 0

Фото: Халқ сўзи

Айни пайтда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бошчилигидаги вилоят делегацияси Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди. Делегация аъзолари ҳозиргача муқобил энергия тизими бўйича маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарга ташриф буюриб, икки томонлама музокаралар ўтказдилар.

Жумладан, Хебей провинциясида жойлашган “Yingli solar” компанияси билан тузилган келишувга биноан Асака туманининг фойдаланилмай турган адирлик қисмидаги 150 гектар ер майдонида қуёш фотоэлектр станцияси барпо этиладиган, Улуғнор, Балиқчи, Асака туманларида гидроэлектростанциялари қуриладиган бўлди. Бунинг учун ҳамкор томон 20 млн. долларлик инвестиция киритади.

“China Huadiang Engineering” компаниясида бўлиб ўтган музокара натижасида эса жорий йилнинг июль ойида «Янги Андижон» массивида қуёш фотоэлектр станциясини қуришга келишиб олинди. Шу билан бирга Улуғнор туманида гидроэлектростанциясини қуриш имкониятлари ўрганиладиган бўлди. Шунингдек, август ойида мазкур компания вакиллари Андижон вилоятига ташриф буюриб, қуёш панелларини ўрнатиш бўйича ўқув семинари ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди. Ўз ўрнида сентябрь ойида Андижон вилоятидан 10 нафар мутахассислар Хитой давлатида малака оширадилар.

Вилоят делегацияси яна бир муқобил энергия тизимлари ишлаб чиқарувчи “Zhong Tei" га ташриф буюрди. Компания томонидан жорий йилнинг май ойида Андижон вилоятига қуёш панелларини етказиб бериш бўйича ўзаро келишув имзоланди.

Андижонлик делегация иштирокчиларининг хизмат сафари давом этмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?