Андижон вилоятида ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган 832 нафар шахс огоҳлантирилди

14:40 24 Октябр 2022 Жамият
868 0

Ўзбекистон Республикаси Dавлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида Андижон вилоятида жами 82,5 гектар ер майдони фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Бу ҳақида Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг вилоятдаги бошқармалари томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

— Энг кўп қонунбузилиш ҳолатлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари билан боғлиқ, — дейди Кадастр агентлигининг Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. — 437 та ҳолатда 70 гектардан зиёд майдондаги ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этган жами 832 нафар шахс мавжуд ҳолатни бартараф этиш учун огоҳлантирилди. Бунинг натижасида 44,4 гектар майдондаги ноқонуний қурилмалар алоқадор шахсларнинг ўз ихтиёри билан бузиб ташланди. Бироқ 29,2 гектар майдондаги хатти-ҳаракатлар юзасидан айрим шахсларга нисбатан чора кўриш учун судга даъво аризалари киритишга тўғри келди. Умуман олганда, йилнинг уч чорагида кадастр қоидаларини бузган 3 минг 822 нафар фуқарога маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди. Улардан 2 минг 730 нафарига 7 млрд. 103 млн. 110 минг сўм миқдоридаги жарималар қўлланилди.

Матбуот анжуманида, шунингдек, Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси томонидан амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида тўхтаб ўтилди. Баён этилишича, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра жами 702 мингта кўчмас мулк объекти тўғрисидаги маълумотлар дастурга киритилган. Қолаверса, 35 минг 374 та кўчмас мулк объектига кадастр паспортлари шакллантирилди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?