Шунчаки ёзмоққа бормайди қўли...
Айрим тоифа ижодкорларга нисбат берилганда “серқирра” деган таъриф ишлатилади. Яъни бир эмас, бир неча йўналишда қалам тебратадиган ижодкорлар шундай таърифга муносиб. Мен қаламкаш Истам Иброҳимовни ана шулар сирасига киритган бўлардим.
Бир умр газетачиликнинг нонини еган журналист сифатида айта оламанки, босма нашрда ишлаш ниҳоятда оғир ва сермашаққат иш. Маълум бир мавзуни ёритиш учун материал йиғиш, уни фикрлар билан бойитган ҳолда қоғозга тушириш,саҳифада босилиб чиққунга қадар қайта ва қайта ишлов бериб, хато- нуқсонлардан тозалаш ҳамда иложи борича “курмаксиз” ҳолда газетхонга етказиш...Ва бунинг эвазига гоҳ мақтов, гоҳ танқид эшитиш...
Истам Иброҳимов бутун умр ана шу қийин ва залворли юкни елкасида ортмоқлаб келаётган маҳоратли ижодкор. Шунча юкни кўтариш баробарида шеърлар ирод қилиш, ҳикоялар ёзишга ҳам вақт топади. Яъни юқорида айтганимдай, ўзидаги ноёб қирраларни ёзганларида намоён қилиб, қалам аҳли орасида ялт этиб кўзга ташланиб келмоқда.
У шунчаки ёзмайди, кўп ёзади ва хўп ёзади. Битикларида, у хоҳ шеър бўлсин, хоҳ мақола ёки ҳикоя – маъно бор, китобхон унда қалби тубида яшириниб ётган дардни кўради,қувончни ҳис қилади, “менинг ичимдагини топиб ёзибди” дейдиган даражада хулоса чиқаради.Аслида ижодкор кўзлаган пировард мақсад ҳам шу эмасми?
Яқинда муаллифнинг “Оқ гул “ деб номланган шеърлар, мақола ва ҳикоялар жамланган тўпламини ўқий туриб, ана шу фикрлар хаёлимдан кечди. Баъзи асарларни ўқий бошласангиз охирига етказмагунча қўлдан қўйгингиз келмайди. Фикримча, бу китоб ҳам шулар сирасига киради. Сатрдан сатрга, саҳифадан саҳифага “ҳатлаб” борганингиз сайин онгингиз ёришаётганини, қалбингизда ажиб ўзгаришлар содир бўлаётганини ҳис қилиб, асар охирига етганини сезмай ҳам қолар экансиз. Муаллиф ортиқча тафсилотлар, икир-чикир гаплар, майдакашликдан қочиб, фақат аниқ мақсад- моҳият йўлидан кетгани учун ҳам тезда фикрингиз бир ерга жамланади, хулосалар чиқарасиз. Жумлалар лўнда, сиқиқ, ихчам бўлгани учун вақтингизни беҳуда сарфламайсиз .
Ўзбек адабиётининг суянч тоғлари Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Пиримқул Қодиров каби машҳур адибларимиз сўзга ниҳоятда хасислик билан, тежамкорона ёндашганлари туфайли ҳам эл назарига тушган. Ана шундай забардаст қаламкашлар асарларини мутолаа қилиб улғайган Истам Иброҳимов ижодида ҳам ушбу услуб таъсири яққол сезилиб туради. Шунинг учун ҳам тўпламдаги барча насрий битикларнинг бирор сўзи ҳам “нишхўрд” бўлмай ўқилади ва бундан фақат ҳузур туясиз..
Тўпламни мутолаа қилатуриб чиқарган биринчи хулосам шу бўлдики, Истам Иброҳимов Бухоро тарихидан анчагина хабардор. Шунинг баробарида ушбу мавзуга бемалол муносабат билдира олади. Билдирганда ҳам Шодмон Ҳайитов, Камол Раҳмонов, Раҳмат Шарифов, Аҳмаджон Ғаниев каби таниқли олим ва ўлкашунослар билдирган фикрларга асосланиб мушоҳада юритади. “Минораи Калоннинг 900 йиллиги нишонланадими?”, “Амирнинг зиндони”, “Машҳур китоба қаерда?”, “Николай пошшонинг совғаси”, Бухоронинг “Қуйи ҳовлиси” қаерда?” каби мақолалари шулар жумласидан.Уларни ўқий туриб Бухоро тарихининг биз билмаган, эшитмаган гоҳ катта, гоҳ кичик саҳифалари кўз ўнгимизда жонлана боради.
Атоқли композитор Мутал Бурҳонов номини эшитмаган, асарларини тингламаган киши бормикан? Истам Иброҳимов ана шу бухоролик буюк ижодкор, Ўзбекистон давлат мадҳияси муаллифи ҳаёти ҳақида бобма-боб ҳикоя қиладики, беихтиёр “Наҳотки бу нуроний отахон шунча кўп алғов-далғовларни бошидан кечирган бўлса” деган мулоҳаза туғилади. Муаллиф қаҳрамони қиёфасини ёритишда шунчаки таржимаи ҳолини келтириб ўтиш билан чекланиб қолмайди. Ундаги ибратли жиҳатларни кўрсатиб, хулосасини китобхон ҳукмига ҳавола этади.
Мана бир мисол. Ўтган асрнинг 30-йилларида бўлажак бастакор Москвада ўқиб юрган кезлари бир куни дўконга кириб, “Мусиқа тарихи” деган китобга кўзи тушади. Қиммат бўлсада сотиб олади. Бор пулини китобга сарфлагани боис икки кун ҳеч нарса емай оч юради, ўқишга трамвайда эмас, пиёда бориб келади. Боз устига уйидагиларга “Менга ёрдам керакмас, жуда яхши яшаяпман” деб хат ёзиб, улар кўнглини хотиржам қилади.
Муаллиф шу ҳаётий мисол воситасида китобга меҳр қўйиш, машаққатларга бардошли бўлиш, сабр-қаноат инсонни камолотга етаклашини, буюклик сари йўл очишини таъкидлайди.
Бухоро амири Саййид Олимхоннинг аянчли тақдири барчамизга таниш. Амирлик ағдарилгач у Бухородан чиқиб кетиб, Афғонистондан бошпана топганидан хабардормиз. Аммо амирнинг хотинлари, қариндошларидан 64 нафари Бухорода қолиб кетгани, улар орасида уч ўғли борлигини, бу йигитларнинг тақдири Шўро даврида қандай кечганини кўпчилик билмаса керак. Тўпламдан ўрин олган “Отасини оқ қилган ўғил” деб номланган мақолада айнан шу ҳақда, яъни учала ўғилнинг аянчли тақдири ҳақида сўз юритиладики, тарихий асосга эга бу маълумотлар сизни бир зумда қизиқтириб қолиши табиий.
Китобдан ўрин олган мақолалар мазмундорлиги билан аҳамиятга молик. Бухоро жадидчилик ҳаракати илғор вакилларидан бири Қори Йўлдош Пўлатов, Ўзбекистон Халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров, таниқли шоир Шариф Нурхон ҳақидаги мақолалар шулар жумласидандир. Ушбу мақолаларни ёзиш Истам учун осон кечмаганини унда келтирилган бой маълумотлар ҳам айтиб турибди. У қаҳрамони қиёфасини тўлақонли очиб бериш учун уларни таниган , билган, мулоқот қилган инсонлар билан суҳбатлашади, керак бўлса архивга мурожаат қилиб, ҳужжат титкилашдан эринмайди. Алал оқибат муайян бир шахс қиёфасини очиб берувчи портрет чизгилари юзага келади. Кўзлаган мақсади йўлида пировард натижага эришиш фақат ўз касбини севувчи , ишга юксак масъулият билан ёндашувчи ижодкорларгагина насиб этади. Тўпламни ўқиб, Истамни ана шундай ижодкорлар сафида кўрдим.
Аслида мен Истам Иброҳимов билан “Бухоронома” вилоят газетасида ўн йилдан зиёд бирга ишлаган ҳамкасб сифатида ундаги бу фазилатларни аллақачон илғаганман. “Оқ гул “ тўплами орқали у юзлаб китобхонларга буни исботлай олди.
Китобдан ўрин олган шеърларга тўхталиш ниятим йўқ эди. Аммо мени ҳайратга солган “қадимий карвон--туннинг судралиб одим отиши”, “шафтолининг шохига қўниб, боғлар бағрига йиқилаётган Август”, “паришон сочлари ёзиқ намозшом”, “арқонини узун ташлаган қиш”, “баҳор мисли сувга чўккан тош” каби ташбеҳларни ўқиб, ҳайратланганим учун тилга олиб ўтишни истадим. “Соғинч” шеъридаги сабр косаси тошганини англатувчи “Сабр бир кун симёғочдаги симлар каби кетар узилиб”, киприкдан узилган ёшни кўрсатувчи “Ва соғинчнинг сўнгги зарбаси киприклар сафини ёради” каби мисраларни ўқиган ҳар қандай китобхон муаллифни тасаввур доираси кенг, бадиий ўхшатишлар устаси сифатида тан олиши табиий. Мен Истам Иброҳимовнинг шоирлик маҳоратига муносиб баҳо беришга ожизлик қиламан. Забардаст қаламкаш Тошпўлат Аҳмад берган таъриф билан якунламоқчиман: “У шеър йўли оғир ва машаққатли йўл эканини, шоирлик шунчаки ҳавас эмас, тақдир эканлигини яхши билади. Шу боисдан ҳам оз ва соз ёзишга ҳаракат қилади”.
Зуҳра ҚУРБОНОВА,
журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг