Андижон вилоятида 26,3 гектар ердаги ноқонуний қурилмаларни мажбурий бузиш юзасидан судларга даъво аризалари киритилди

15:37 06 Июнь 2023 Жамият
590 0

Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида ер майдонларини ноқонуний тарзда, ўзбошимчалик билан ўзлаштиришлар бўйича 358 та ҳолат қайд этилди. Айниқса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган майдонларни ўзлаштириш ҳолатлари кўп бўлиб, 33,5 гектарни ташкил этмоқда.

—Ноқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф этиш мақсадида Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси томонидан тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда,—дейди бошқарма бошлиғининг ўринбосари Ботиржон Мирзааҳмедов. —Натижада 226 та ҳолатда 11,6 гектардан иборат ер майдони ихтиёрий бартараф этилди. Бироқ, содир этган қонунбузарлигидан тўғри хулоса чиқармаган ҳамюртларимиз ҳам йўқ эмас. 82 та ҳолатда 26,3 гектар майдондаги ноқонуний равишда қурилган қурилмаларни мажбурий тартибда буздириш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалар киритилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 40 та ҳолатда жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳудудий прокуратура органларига тақдим этилди. Шунингдек, кўплаб фуқаролар олиб борилган тарғибот натижасида норасмий ер майдонларини қонун доирасида расмийлаштирмоқдалар.

Саминжон ҲУСАНОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?