“Amirsoy Mountain Resort” тоғ-чанғи курортида Авто-мото фестиваль!

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
26-27 сентябрь кунлари Ўзбекистонда илк марта “Amirsoy Mountain Resort” тоғ-чанғи курорти ҳудудида давлатимиз раҳбарининг Бўстонлиқ туманида туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари ва аҳоли орасида фаол дам олиш турларини оммалаштириш тўғрисидаги фармони ижроси доирасида автомобиль ихлосмандлари учун катта байрам –
Авто-мото фестиваль бўлиб ўтмоқда.
Uzbekinvest, UzAvto Motors, Adrenaline Rush ҳамда бошқа бир қатор таниқли компаниялар мазкур фестивални ташкиллаштиришда ҳамкор бўлишди.

Шу икки кун мобайнида "Амирсой" барча мавсумий тоғ-чанғи курорти эксклюзив авто ва мото техника учун битта йирик автопаркка айланади. Ҳаётини тезлик ва машина бошқаришсиз тасаввур қила олмайдиганлар учун 150 дан ортиқ ажойиб тюнингланган машиналар, етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг мотоцикллари, гаражлар, автоспорт клублари ва бошқа кўплаб қизиқарли нарсалар намойиш этилади.

Фестиваль ташкилотчилари меҳмонлар ва иштирокчилар учун кенг кўламли кўнгилочар дастурни тайёрладилар, уларни DJларнинг жонли (Live) чиқишлари, автомашиналар учун тест-драйв, мотоцикл райдерларининг бошни айлантирувчи баландликдаги трюклари, “Амирсой” тоғ-чанғи курорти бўйлаб экскурсия, совринли ўринлар ҳамда тюнинг, авто учун аудио, дрифт, ретро, 4х4, суперкарлар, элита машиналар каби номинациялар бўйича қизиқарли танловлар кутмоқда.


Ёрқин ва ҳайратланарли томоша билан бир қаторда Ўзбекистон тоғларининг тоза ҳавоси ва ажойиб манзараларидан баҳраманд бўлиш, “LE CHALET BY AMIRSOY” меҳмонхонасининг шинам шале-уйларида шаҳарнинг шовқин-суронидан дам олиш, тоғ-чанғи курортининг «OLIVE GARDEN”, «LA BRASA», «THE OPERA BAR» ресторанларида маҳоратли ошпазлар томонидан тайёрланган тансиқ таомлардан лаззатланиш, шунингдек, баландликкдаги канат йўллари ва квадроциклларда сайр қилиш, фаол дам олиш турларидан адреналин тўлқини ва унутилмас ҳаяжон туйғуларни ҳис этиш ҳамда ақл бовар қилмайдиган фотосуратларни олиш мумкин бўлади.

Бундай катта миқёсдаги тадбир, албатта, тўғри ташкиллаштиришни талаб этади. Ушбу фестивалнинг кўлами ҳам, мураккаблиги ҳам, пойтахт вилоятининг энг чиройли ва кўркам жойларидан бирида жойлашган, хизматлари сифат ва шинамлик жаҳон стандартларига жавоб берадиган "Амирсой" барча мавсумий тоғ-чанғи курортининг янги инфратузилмаси имкониятларига тўлиқ мос келади.


Таъкидлаш жоизки, курорт ҳудудида барча санитария-эпидемиология талаблари ва хавфсизлик чоралари таъминланган. Фестиваль меҳмонлари ва иштирокчилари фақат ўзларининг ҳаракатланиш йўналишларини диққат билан кўриб чиқишлари, ниқоб тақиб, ижтимоий масофа ва шахсий гигиена қоидаларига риоя этишшлари керак. Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилаётган Авто-мото фестиваль учун танланган қулай жой, "Amirsoy Mountain Resort" инфратузилмаси ва хизматлари томошабинлар ва иштирокчиларнинг максимал сонини таъминлаши, шубҳасиз. Ташкилотчилар автомобиль ихлосмандлари учун ушбу кенг кўламли тадбир ҳар йили ўтказиладиган муҳим минтақавий лойиҳага айланишига умид қилишмоқда.


Эслатиб ўтамиз, "Amirsoy Mountain Resort" қисқа мудатда барпо этилган. Италия, Германия, Австрия, Аргентина, Испания ва Дания мутахассислари иштирокида 2 йилдан кам вақт мобайнида 900 гектар майдонда чанғичилар ва сноубордчилар учун 15 км узунликдаги замонавий сунъий қорлантирувчи тизимга эга трасса қурилди. Узунлиги 2193 метр бўлган канат йўли, кўп функцияли марказлар, шинам шалелар, ресторан ва барлар, ҳаммом мажмуаси, СПА, бассейнлар ва бошқа турли ёшдаги майёҳлар ва оилавий дам олиш учун мўлжалланган иншоотлар қурилди.


Ҳозирда Бўстонлиқ вилоятида халқаро стандартларга жавоб берадиган тоғ-чанғи курортини яратиш лойиҳасининг иккинчи босқичига тайёргарлик кўрилмоқда. “Ғарбий Амирсой” лойиҳаси доирасида 206 хонага эга 4 ва 5-юлдузли меҳмонхоналар, канат йўллари, кўтаргичлар, шунингдек, 16,8 км узунликдаги тоғ-чанғи трассаси, 2400 ўринли тўртта ресторан, офислар ва савдо зоналари бўлган 500 та автомобил учун кўп қаватли автотураргоҳ, тоғ-чанғи ва бошқа жиҳозларни ижарага бериш пунктлари, сузиш ҳавзалари ва фаол мавсумий дам олиш учун махсус жойлар қурилади.



Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг