Амир Темурнинг шамшири

16:51 02 Апрель 2025 Жамият
156 0

Халқимиз жуда бой маданий меросга эга. Улар музейларимизда кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинмоқда. Шу билан бирга, аждодларимиздан ёдгор кўплаб осори атиқалар дунё бўйлаб тупроқдек сочилиб кетган. Яқинда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги гранти асосида Эрон Ислом республикаси музейлари ва олий ўқув юртларида тажриба алмашиш жараёнида бунга яна бир бор амин бўлдик.

Айтмоқчи, илмий ва касбий, қолаверса, шахсий қизиқишлар ортидан анчадан буён Эрон маданияти, тарихи, санъатига оид маълумотларни тўплаяпман. «Бухоро музейи материаллари маҳаллий эронийлар тарихини ўрганиш манбаси» мавзусида докторлик (PhD) диссертацияси устида ишлаяпман. Дастлаб Эрон Ислом республикасининг Аҳвоздаги Шаҳид Чамрон университетида тарихий манбашунослик, музейшунослик, эпиграфика ва форс тили бўйича малака оширдим.

Мазкур университет Эронда олий тоифадаги олийгоҳ ҳисобланади. У тарих ҳамда табиат музейи, 14 та алоҳида институт ва 4 табақадан иборат йирик марказий кутубхонага эга. Кутубхонадаги қадимий қўлёзмалар, ҳужжатлар бўлими тадқиқотчилар учун жуда фойдали маскан саналади.

Ҳузистон вилоятининг ижтимоий-иқтисодий тарихига бағишланган конференцияда «Бухоро музейи экспонатларининг Форс кўрфази музейларидаги эквивалентлари» деб номланган маърузам билан иштирок қилдим. У катта қизиқиш билан кутиб олинди. Эроннинг Теҳрон, Машҳад, Шероз шаҳарларидаги музей ва кутубхоналарда Ўзбекистон тарихига бевосита дахлдор ашёлар кўп. Шунингдек, асрлар давомида аҳоли яшаш тарзи ўзгармаган қишлоқлар бор. Маҳаллий қўл ҳунармандчилигининг қадимий турлари асл ҳолида сақланган. Буларни ўрганиш орқали қадимий ҳунарлар, уларнинг Ўрта Осиёга таъсири ҳақида қимматли илмий хулосаларга келиш мумкин.

Бухоро шаҳри азал-азалдан Шероз, Исфаҳон, Ҳамадон, Машҳад, Теҳрон каби шаҳарлар билан мустаҳкам алоқада бўлган. Ҳар икки давлат музейларида бир-бирини эслатувчи тарихий ашёларнинг нисбатан кўпроқ учраши шундан далолат беради. Ҳамадонда жойлашган Абу Али Ибн Сино музейидаги амалиётимиз давомида музей маъмурияти ва шу ерда жойлашган шаҳар маданий мерос бошқармаси билан келгусида ҳамкорликда ишлаш ва тажриба алмашиш борасида фикрлашиб олдик.

Умуман, илмий сафар давомида Эроннинг элликка яқин музейига бўлдик. Таъкидлаганимиздек, уларда Ўзбекистон, хусусан, Бухоро маданияти тарихига оид ашёлар жуда кўп сақланган. Жумладан, Теҳрондаги Малик музей-кутубхонасида Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбекнинг ўз дастхатлари билан ёзилган асарларини, Машҳаддаги Остон Қуддис Ризавий музейида Хоразмшоҳларга тегишли буюмлар ва Бойсунғур Қуръони, Теҳрондаги Садобод мажмуаси, Ҳарбий тарих музейида Амир Темур шамшири ва хоразмлик усталар тайёрлаган ҳарбий қуролларни, Ислом санъати музейида Алишер Навоий асарларини кўриш мумкин.

Тарихий манбалар халқларимиз ўртасидаги алоқалар меъморчилик йўналишида ҳам чуқур илдиз отганини кўрсатади. Масалан, Темурийлар даврида Самарқанд ва Бухорода Исфахоний исм-шарифли усталар сулоласи бинокорлик ишларида фаол бўлишган. Буни қарангки, Эрон жанубидаги Хорг оролида Муҳаммад бин Ҳанафия қадамжосини зиёрат қилаётганимизда, ушбу иншоотни аждодимиз Саид Али Ҳусайн Бухорий бунёд этганини айтиб беришди. Мақбара муқарнаслари орасига устанинг исми ёзиб қолдирилган.

Эронга иккинчи бор қилган сафаримиз асносида Ироқда ҳам бўлдик. Басра шаҳрида VIII асрда Бухородан асир сифатида олиб кетилганларнинг авлодлари ҳозирги кунгача яшаб келаётганлигини аниқладик. Тарихнинг қизиқ томони шундаки, ҳозирда Жогари қишлоғида яшаб келаётган араб миллатига мансуб юртдошларимиз ҳам айнан шу асрда Бухорога келиб қолган.

Нажаф шаҳрида Халифа Имом Али дафн қилинган. Бу ерда дунёдаги энг катта қабристон «Води ус-салом» жойлашган. Нажафнинг эски шаҳар қисмида бухороликлар томонидан қурилган мадрасалар сақланиб қолган. Тадқиқот давомида шу мадрасалар тарихини ўргандик. Бағдод шаҳрида дунёдаги энг бой масканлардан бири «Ироқ музейи» мавжуд. У олти минг йиллик тарихни ўзида жамлаган. Албатта, бу ерда ҳам ватандошларимизнинг излари бор. Хусусан, Замахшарийнинг «Муфассал», «Ал-Муфассал фи ал-ароб» ва «Муфассил фи ал-наҳу» асарлари, шунингдек, самарқандлик ва хўжандлик олимларнинг китоблари ҳам шу музей кўргазмаларидан ўрин олган. Эрон ва Ироққа уюштирган илмий сафарларимиз бу давлатлар маданияти билан Ўзбекистон тарихида муштарак жиҳатлар кўплиги, аждодларимизнинг мероси ҳозиргача бу юрт эгаларини ҳайратлантириб келаётганлигига ишонч ҳосил қилдик. Бинобарин, турли йўналишларда олиб борилаётган тадқиқотлар қамрови янада кенгайса, бу мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада янги босқичга олиб чиққан бўларди.

Ўктамали РАВШАНОВ,

Бухоро давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?