Амин Маалуф: “Самарқанд сайқали рўйи замин аст!”

10:57 10 Октябр 2018 Маданият
8502 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэл Макроннинг таклифига биноан 8-9 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Ушбу ташриф арафасида Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонасида ўз салоҳияти ва изланишларини юртимиз тарихи билан боғлаган бир гуруҳ маданият ходимларига Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвонини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвонига муносиб кўрилган орасида таниқли француз ёзувчиси Амин Маалуф ҳам бор. Бу адибнинг номи ўзбек китобхонларига ҳам яхши таниш бўлиб, унинг машҳур “Самарқанд” романи француз тилидан Абдумурод Кўчибоев томонидан ўзбек тилига ўгирилиб, “Жаҳон адабиёти” журналининг 2003 йил 6-7, 2005 йил 7-8 сонларида чоп этилган.

Амин Маалуф 1949 йилда туғилган. Шарқ мавзуси доимий эътиборида бўлган ёзувчининг “Африка арслони”, “Самарқанд”, “Оймомадаги боғлар”, “Беатричадан кейинги биринчи аср” каби асарлари турли миллат китобхонлари томонидан севиб мутолаа қилинади. “Таниос қояси” асари учун Гонкур мукофотига сазовор бўлган ёзувчининг “Самарқанд” асари ҳақида таниқли француз адиби Жил Демер шундай ёзади: “Амин Маалуф ўзининг “Самарқанд” асари билан шарқона романнавислик истеъдодини намоён қилиб, француз адабиётида янгича бир йўналиш оча олди”.

Мазкур романда Амин Маалуф шоир ва файласуф Умар Хайёмнинг Самарқанддаги ҳаёти, XI асрдаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт талқини, янги пайдо бўлаётган турли диний мазҳаблар кураши ва ниҳоят, XIX асргача мусулмон дунёсида номаълум бўлган шоир рубоийлари қўлёзмасининг Европадаги шон-шуҳрати ҳамда бу қўлёзманинг 1912 йилда “Титаник” кемасининг машъум ҳалокати оқибатида океан қаърига чўкиб кетишига оид қизиқарли саргузаштлари юксак иқтидор билан тасвирлаган. 1988 йилда Париждаги “Матбуот уйи” мукофотига сазовор бўлган “Самарқанд” романи муқаддимасида ёзувчи, жумладан, шундай дейди: “Шундан бери кундан-кунга қон ва разолатга ботиб бораётган ушбу дунёда ҳаёт бирон марта менга кулиб боқмади. Бу ҳалокат ҳақидаги одамларнинг хотираларини эшитмаслик учун улардан қочадиган бўлиб қолдим. Бироқ қалбимдаги умид чироғи ҳам ҳеч қачон ўчмади: эрта бир кун уни, албатта, сув қаъридан олиб чиқадилар, олтин қутича ичида сув ости лойқаларидан омон қолган бу ажойиб китобнинг тақдири янги саргузаштлар билан бойийди. Одамларнинг бармоқлари яна унинг нафис саҳифаларини сийпалайди. Рубоийларни ўқиб ҳайратдан лол қолган китобхонлар, унинг ҳошияларига битилган шоир саргузаштларидан ҳам воқиф бўладилар. Ихлосмандлар буюк шоирнинг қалбини, унинг дастлабки шеърларини, қалб туғёнларини қайтадан кашф қиладилар. Китобни ўқиб чиқишгач, аллақачон оламдан ўтиб кетган бу ажойиб инсоннинг мислсиз қуввайи ҳофизасига қойил қолишиб, бу қумранг ёдгорлик олдида чуқур ўйга толадилар.

Бу китобда на бирон сана, на биронта имзо бор. Уларнинг ўрнига фақатгина оташқалб шоирнинг қуйидаги бағишловинигина ўқиш мумкин: “Самарқанд сайқали рўйи замин аст!”

Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси Амин Маалуф буюк Амир Темур салтанатининг пойтахти ҳақидаги қадим иборани яна бир бор дунё бўйлаб жаранглатгани туфайли ҳам биз учун қадрлидир.
Гулчеҳра ОМОНТЎРАЕВА 
тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?