Американинг машҳур “The Wall Street Journal” газетасида Амир Темур мақбарасига бағишланган мақола чоп этилди

18:52 03 Январь 2024 Дунё
755 0

Мақола муаллифи Мелик Кайлан Амир Темур мақбарасидан олган таассуротлари билан ўртоқлашиб, унинг Самарқанднинг сокин ҳудудида жойлашганлигини алоҳида таъкидлайди.

Муаллиф мақбарага шундай таъриф беради: “Фасадга яқинлашганингизда, ажойиб кошинлар ва муқарнаслар билан безатилган мажмуанинг монументал дарвозаларига дуч келасиз. Ундан ўтгач, сиз тахминан 40 метрлар чамасида горизонталь йўналишда чўзилган ва унинг орқасидаги биноларни деярли сояда қолдирадиган, кўплаб меҳроблар билан безатилган асосий қабр қўйилган оқ порталга рўбарў келасиз. Унинг икки томонида нафис хаттотлик кошинлар билан безатилган асл тўртта миноранинг иккита қайта тикланган нусхаси жойлашган. Мажмуанинг узоқдан қараганда энг устун жиҳати – бу бош бино тепасида қуёшда ярақлаб турган, баландлиги 40 фут келадиган жуда нафис гумбазларидир. Икки кириш йўлаги ўртасида бир вақтлар мадраса ва меҳмон уйи бўлган ярим чўккан, лой харобалари қолган тўртбурчак ҳовли бор. Мажмуа ичида меҳмон учун аниқ геометрияни таъкидлайдиган, гумбазнинг дабдабасини ва мақбаранинг асосий биносининг саккиз қиррали тузилишини тўғридан-тўғри кўришдан ниқоблайдиган эффект мавжуд”.

Мақолада Мелик Кайлан Самарқанд ҳақида ҳам тўхталиб, Амир Темур уни улкан салтанатининг пойтахти этиб танлагани, шаҳарни кенгайтириб, Ипак йўлидаги савдо, фан ва маданият маркази сифатида бунёд этганини таъкидлаган.

Шунингдек, Амир Темур даврида астрономия, математика ва метафизика ягона фан бўлганини, ҳукмдор ўзининг жаҳон пойтахтида муҳим маданият марказини ташкил этиш учун босиб олинган шаҳарлардан ҳунармандларни Самарқандга олиб келингани, шу сабабли, бу даврда Самарқандда санъат ва фан, айниқса меъморчилик ва миниатюрада янги Уйғониш даврига асос солинганини ҳам алоҳида эътироф этади.

Мелик Кайлан мақолани якунлар экан, Амир Темур мақбараси ўтган асрнинг 50 йилларигача қайта тикланмагани, бироқ Ўзбекистон мустақилликка эришгач мақбарани қайта тиклаш ва Амир Темур меросини қайтаришга киришилганини ҳам ижобий баҳолайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер