Амалий ташаббуслар самаралари ҳаётимизда акс этмоқда

19:53 16 Ноябрь 2023 Жамият
91 0

Мамлакат тараққиёти, аҳоли фаровонлиги амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлигига бевосита боғлиқ. Шу боис бугун барча ҳудудда Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар, аввало, инсон қадрини улуғлаш, турмуш тарзини яхшилаш, сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлаш, пировардида халқимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб умргузаронлик қилишларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш жараёнида фаол иштирок этиб, пойтахтимиз аҳолиси билан самимий мулоқот қилмоқда.

Хусусан, Яшнобод, Чилонзор, Бектемир, Янгиҳаёт, Олмазор, Учтепа, Шайхонтоҳур туманларида шаҳар ва туман маҳаллий Кенгашлари депутатлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар иштирокида ташкил этилган тадбирларда мамлакатимизда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, конституциявий ислоҳотлар натижалари, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳрига бераётган эътибори, охирги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, аҳоли учун яратилаётган шароитлар, таълим, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ижобий ўзгаришлар тўғрисида сўз юритилди.

Хусусан, биринчи марта умумхалқ референдуми орқали янги таҳрирдаги Конституция қабул қилингани, унга инсон қадрини улуғлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир муҳим янги нормалар киритилгани ҳақида кенг тушунчалар берилди.

— Бош Қомусимизда белгиланган конституциявий нормалар барча соҳада “инсон қадри”нинг юксалишига, давлат ва жамият ҳаётини “инсон — жамият — давлат” тизими асосида янги ва замонавий тарзда бошқариш имконини беради, — дейди Қонунчилик палатаси депутати Ақшагул Тулегенова. — Унинг ижросини тўлиқ таъминлаш биринчи навбатдаги устувор вазифа бўлиб, биз, депутатлар ҳам ушбу жараёнда фаол бўлишимиз керак. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтказилаётган мулоқотлар ҳам ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Масалан, Конституциямизда мажбурий меҳнат, болалар меҳнатининг оғир шаклларидан фойдаланиш тақиқланиши ва жавобгарликка сабаб бўлиши, шунингдек, фуқаролар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги акс этган. Бугун ҳар бир фуқаро шу каби ва бошқа ҳуқуқларини ҳам билиши керак ва шарт.

Мулоқотлар чоғида “Ўзбекистон — 2030” стратегияси, шунингдек, бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган ва яқинда қуйи палатада қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумотлар берди.

— Конституциявий Қонун юртимиздаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим ўрин тутади, — дейди Қонунчилик палатаси депутати Мухтабар Ҳусанова. — Мазкур ҳужжат билан мамлакатимизда биринчи марта сайлов тизими мутлақо янгича асосда ўтказилишининг ҳуқуқий замини мустаҳкамланди. Яъни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш белгиланди. Ушбу амалиёт сиёсий партиялар ва депутатлар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига, партиялар мавқеи ҳамда сайлов органларининг профессионаллик даражаси янада ошишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Маълумки, 18 ноябрь — “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган кун. Ҳар йили ушбу кун муҳим сана сифатида кенг нишонланади.

Учрашувларда Давлат байроғининг аҳамияти, унинг мамлакат ҳаётидаги ўрни ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Депутатлар ташаббуси билан 2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун асосида давлат байроғидан фойдаланиш тартиби янада соддалаштирилгани ҳақида тўхталиб ўтилди.

Мулоқотлардан сўнг, Қонунчилик палатаси депутатлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мактаб, тиббиёт муассасаси ва маҳаллаларда кўчатлар экиб, “яшил боғлар” ташкил қилишга ўз ҳиссаларини қўшди.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов ва бир гуруҳ депутатлар Яшнобод туманидаги 339-умумтаълим мактабида нуронийлар, маҳалла фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда ёшлар билан кўчатлар экди. Шунингдек, яна бир гуруҳ депутатлар иштирокида Чилонзор тумани фаоллари билан биргаликда кўплаб дарахт ва кўчатлар ўтқазилди.

— Бутун мамлакат бўйлаб қулоч ёйган ушбу ташаббус барчани бир мақсадга бирлаштирмоқда, — дейди яшнободлик пенсионер Икром Шермуҳаммедов. — Маҳаллалар атрофи ободонлаштириляпти, шаҳримизнинг ижтимоий инфратузилмаси янада яхшиланмоқда. Янги қурилаётган уй-жойлар кўплаб ёш оилаларнинг ўз уйларига эга бўлишларини таъминламоқда. Илгарилари буни фақат орзу қилиш мумкин эди. Пойтахтимиз чиндан айтганда, кейинги йилларда яшаш учун энг қулай ҳудудга айланмоқда. Замонавий янги йўллар ва кўприклар қурилмоқда, жамоат транспорти йўналишлари кўпайтирилмоқда, янги метро линиялари ташкил этилмоқда. Албатта, бундан биз, ёши улуғлар жуда мамнунмиз.

Қисқача айтганда, Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу эзгу ташаббус атрофимизни яшилликка буркаш, экология мусаффолигини таъминлашда муҳим ўрин тутиши баробарида, шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудудини янада оширишга хизмат қилади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар давом этади.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер