Алвидо, эски олам музлаткичлари! Олимлар экологик тоза магнит иссиқлик насосини яратишди

10:42 18 Декабрь 2024 Илм-фан
209 0

Америка Қўшма Штатларининг Амес Миллий лабораторияси олимлари экологик хавфсиз магнитокалорик иссиқлик насосини ишлаб чиқишди. Ушбу технология анъанавий совутгичлардан фойдаланадиган иссиқлик насосларига рақобатчи бўлиб, унинг вазни, таннархи ва ишлаш самарадорлиги деярли бир хил. Энг муҳими, янги ускунада зарарли совитувчи моддалар қўлланилмайди, бу эса табиатга зарар етказишни камайтиради.

Магнитокалорик иссиқлик насослари совитиш ва иситишда самаралироқ ва тоза ечим таклиф қилади. Анъанавий иссиқлик насосларида ишлатиладиган совитувчи моддалар атмосферага чиқиб кетганда атроф-муҳит ва инсон саломатлигига катта хавф туғдиради. Янги технологиянинг ривожланиши эса, бу муаммоларни бартараф этишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.

Тадқиқотчилар гуруҳи раҳбари Жули Слотер ўзларининг тадқиқотлари босқичма-босқич қандай ўтгани ҳақида гапириб берди. «Дастлаб биз мавжуд магнитокалорик қурилмаларни ўргандик ва уларни компрессорлар билан таққосладик. Кейин технологияни янада самарали қилиш йўлларини изладик», — деди у.

Магнитокалорик иссиқлик насоси магнит майдон ўзгарганда иссиқликни узатиш орқали ишлайди. Асосий механизм доимий магнитлар, магнитокалорик материал ва магнит пўлатни ўз ичига олади. Уларнинг ўзаро жойлашуви ва самарали ишлаши насоснинг қувват зичлигини оширишда катта рол ўйнайди.

Тадқиқотчилар самарадорликни ошириш учун гадолиний ва лантан-темир-кремний гидрид каби кенг қўлланиладиган материалларни таҳлил қилишди. «Гадолиний оддийроқ ва кўпроқ қўлланилади, лекин лантан асосидаги материаллар юқори қувватни таъминлайди», — дейди Слотер.

Жули Слотер жамоаси доимий магнит ва магнит пўлатнинг миқдорини камайтириб, оғирлик ва таннархни пастлаштиришга эришди. Бу эса, технологияни мавжуд компрессорлар билан тенг даражада самарали ва арзон қилади. «Бизнинг қурилмамизнинг оғирлиги ва қуввати бозорда мавжуд компрессорларга тенг бўлди» — дейди у.

Янги технология масштабли ишлаб чиқаришда анча рақобатбардош бўлиши кутилмоқда. Олимларнинг сўзларига кўра, магнитокалорик иссиқлик насослари келажакда совитиш ва иситиш тизимларини тўлиқ ўзгартириши мумкин. Бу эса глобал исиш билан курашиш ва энергия тежамкорлигига катта ҳисса қўшади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?