Алишер Навоий ҳайкали — кўп асрлик дўстлик намунаси
Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши қардош ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстликнинг нақадар теран ҳамда аҳамиятли эканини акс эттирувчи рамзий воқеадир. Мамлакатларимиз тарихи саҳифаларида муҳим ўрин тутувчи ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
Алишер Навоийнинг ижодий салоҳияти Марказий Осиёдаги кўплаб халқлар адабиёти ва фалсафасида ўз аксини топиб, бугунги кунга қадар донолик ҳамда илҳом рамзи бўлиб келмоқда. Буюк шоирнинг гуманистик ғояларга бой асарлари халқларни бирлаштиришда давом этмоқда, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.
Болат ТИЛЕП,
Абай номидаги Қозоқ миллий педагогика университети ректори:
— Мамлакатларимиз маданий ҳаётида муҳим воқеа — Остонада ўзбек халқининг буюк шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкалининг очилишига гувоҳ бўлдик. Мир Алишер Навоий — туркий халқларнинг маънавий тараққиётига чуқур таъсир кўрсатган улуғ шоир ва файласуф. Унинг асарлари ва ғоялари маданиятлараро мулоқот, ўзаро ҳамжиҳатлик учун муносиб асос бўлиб хизмат қилади.
Яқинда университетимизда Алишер Навоий маркази ташкил этилганидан фахрланамиз, ўйлайманки, бу жой улуғ шоирнинг ижодини ўрганиш ва оммалаштиришнинг ўзига хос платформасига айланади. Марказ талабалар ва олимлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлашга, билим ва ғоялар алмашинувига, Алишер Навоий меросига бағишланган конференциялар, семинарлар ўтказилишига ёрдам беради.
Остонада Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши ва Олмаотада, яъни бизнинг университетимизда Шарқнинг буюк мутафаккири ҳаёти ва ижодини ўрганишга бағишланган марказнинг ташкил этилиши — буларнинг барчаси умумий маданий меросимизни сақлаш ҳамда ривожлантиришга интилиш йўлида бирлаштирувчи қадамлардир. Ишонамизки, бундай эзгу ташаббуслар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.
Алишер САТВАЛДИЕВ,
Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати депутати:
— Қозоғистон пойтахтида ўзбек халқининг асл фарзанди Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши, авваламбор, унинг ижодий меросига ҳурмат рамзи ҳисобланади. Бу тарихий воқеа Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий, маънавий алоқаларни мустаҳкамлашга қўшилган муҳим ҳиссадир.
Халқларимизни нафақат географик жиҳатдан яқинлик, балки кўп асрлик дўстлик, умумий тарихий илдизлар бирлаштиради. Қозоқлар ва ўзбеклар ҳамиша бир-бирини қўллаб-қувватлаб келган, бу ҳамкорлик ҳозир ҳам давом этмоқда ҳамда тинч ва самарали ҳамжиҳатлик учун асос яратмоқда.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги парламентлараро алоқалар ҳамкорлигимизда муҳим элементдир. Қўшма ташаббуслар ва қонунчилик лойиҳалари турли соҳаларда, иқтисодиётдан маданиятгача бўлган алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўш-моқда, икки томонлама муносабатларни фаоллаштиришга ва мамлакатларимиз олдидаги умумий вазифаларни ҳал этишга ёрдам беради.
Қайрат САҚ,
Л. Н. Гумилёв номидаги Евроосиё миллий университети сиёсатшунослик ва журналистика факультети декани:
— Алишер Навоий асарлари ўз давридан тортиб шу кунгача ҳали-ҳануз долзарб бўлиб, кўплаб авлодлар учун илҳом бағишлаб келмоқда. Улуғ мутафаккир дўстлик, инсонийлик ва ўзаро тушуниш ғоялари орқали халқларни бирлаштирган. Унинг мероси халқ-ларимиз ўртасидаги маданий ва тарихий алоқалар кўп асрлик тарихга эга эканини эсга солади, замонавий ҳамкорлик ҳамда яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Қозоғистон пойтахтида ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши бутун минтақамиз учун муҳим ва рамзий воқеадир. Шоирнинг улуғвор ҳайкали унинг умумий тарихимиздаги энг муҳим шахслардан бири сифатидаги ролини ҳурмат ва эътироф этиш рамзидир.
Ишонамизки, ҳам тарихий, ҳам маънавий ушбу воқеа Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги қардошлик ришталарини мустаҳкамлашда янги босқич бўлади, ёш олимларимиз ўртасидаги илмий ва маданий алмашинувларни янада ривожлантиришга илҳомлантиради.
Нурлан УСМОНОВ
(«Халқ сўзи») ёзиб олди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг