Актёрлар ҳам, томошабинлар ҳам ўқувчилар бўлди

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». ... Спектакль тугади. Томошабинлар билан тўла Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида «Офарин», «Браво» деган олқишлар янгради. Барча тик турган ҳолда асар ижрочилари маҳоратини давомли қарсаклари билан эътироф этди. Эътиборлиси, актёрлар профессионал, яъни ҳақиқий санъаткорлар эмас, мактаб ўқувчилари эди. Шу билан бирга, драмани охиригача ҳаяжон ва диққат билан томоша қилганлар ҳам турли мактабларнинг ўқувчилари бўлди.
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг драма тўгараги аъзолари Президент, ижод ҳамда ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари театр жамоалари ўртасидаги «Театр – ибратхонадир» шиори остида ўтган танловда ғолиблик келтирган Туроб Тўланинг «Қувваи қаҳқаҳа ёхуд Нодирабегим» драмасини мазкур театрда айнан, Гулистон шаҳридаги мактаблар ўқувчилари учун намойиш этди. Мазкур асар ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакилларидан бири Нодирабегимнинг ҳаётига бағишланган. Малика ва шоира образи ижод мактаби ўқувчиси Шабнам Савурова томонидан маҳорат билан ижро этилди.
— Ёшларни маънавий-маърифий дунёқарашини бойитишда, ҳар жиҳатдан баркамолликка етишида театр санъатининг катта ўрни бор, — дейди Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори ўринбосари Турсуной Маматхолиқова. — Шу боис мактабимизда драма тўгараги фаолият юритиши баробарида ўқувчиларимиз бўш вақтларида театр томошаларига ҳам тушиб туради. Драма тўгараги машғулотларини вилоят театрининг истеъдодли актёри Қандиёр Рустамов олиб боряпти. Мактабимизда жами 12 та тўгарак мавжуд бўлиб, уларда ҳам соҳанинг малакали ва профессионал мутахассислари мураббийлик қилмоқда.
«Театр — ибратхонадир» республика танловида биринчи ўринни олгани учун Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчилари театр жамоаси хорижий давлатлардан бирига таълим саёҳати йўлланмаси соҳиби ҳам бўлди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг