Акция доирасида 150 нафар беморнинг кўриш қобилияти тикланди

10:46 29 Сентябр 2025 Жамият
105 0

Қўқон шаҳрида хитойлик мутахассислар иштирокида ўтказилган хайрия акцияси доирасида жарроҳлик амалиётлари бажарилиб, 150 нафар ҳамюртимиз кўз хасталигидан шифо топди.

Шу тариқа уч кун давом этган муолажаларда мурожаатчилар юқори даражадаги тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш ҳамда саломатлигини тиклаш имконига эга бўлди.

Фарғона вилояти 2-сонли офтальмология шифохонаси бош шифокори Моҳирахон Назированинг қайд этишича, бу мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари ҳар жиҳатдан мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.

— Дунёнинг бор гўзаллигини кўриш ва ҳис қилиш энг катта бахт,—дейди жарроҳлик амалиёти туфайли кўриш қобилияти тикланган Каримжон Болтабоев ва Сабохон Акбарова. — Кейинги йилларда ушбу касалликдан азият чекиб, бундай бахтдан бебаҳра эдик. Бугун ана шу дарддан халос бўлганимиз чексиз қувонч бахш этди.

Айтиш жоиз, акция мобайнида Қўқон шаҳрида Хитойдан келган мутахассислар томонидан фарғоналик шифокорлар учун семинар-тренинглар ҳам ўтказилди. Юзма-юз мулоқотларда Хитой ва жаҳоннинг бошқа ривожланган мамлакатлари тажрибаси асосида кўз касалликларини даволаш, жарроҳлик амалиётлари технологиялари бўйича маҳорат дарслари бўлиб ўтди. Шунингдек, клиник шароитда даволаш, касалликлар профилактикаси соҳасида маҳаллий шифокорларнинг амалий кўникмаси оширилди.

Ўз навбатида, кўз линзалари ва уларни қўллаш бўйича ҳам амалиётга татбиқ этилаётган янги тажрибалар хусусида тўлиқ маълумот берилди.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?