Актриса Брижит Бардо 91 ёшида вафот этди

17:24 28 Декабрь 2025 Дунё
329 0

Француз киноси афсонаси, машҳур актриса Брижит Бардо вафот этди. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар берди.

Var-Matin газетаси хабарига кўра, Бардо жорий йилнинг октябрь ойида оғир касаллик сабаб операцияни бошдан кечирган, ноябрь ойида қайтадан шифохонага ётқизилган. Ўтган аср ўрталарида кино оламининг асосий юлдузларидан бирига айланган актриса 91 ёшда эди.

Брижит Бардо 1934 йил 28 сентябрда Париж шаҳрида туғилган. 1948 йили Олий миллий мусиқа ва рақс консерваториясига ўқишга кириб, уч йил давомида рус хореографи Борис Князев синфида таҳсил олган. Ижодий фаолиятини модель сифатида бошлаган Бардо 14 ёшидаёқ мода журнали учун суратга тушган, 1949 йилда эса унинг сурати илк бор Elle журнали муқовасида чоп этилган.

Актриса кино соҳасидаги дебютини 1952 йили «Нормандия тешиги» комедиясида амалга оширган. 1956 йилда «Ва Худо аёлни яратди» мелодрамасидаги бош роли уни жаҳон миқёсида машҳурликка олиб чиқди. Бардо иштирок этган энг таниқли фильмлар орасида «Парижанка», «Вива, Мария!», «Ҳақиқат», «Нафрат», «Бахтсизлик юз берганда», «Шалако», «Бабетта урушга кетади» каби картиналар бор.

1973 йилда «Колино-юбочники ҳақидаги ҳикоя» комедиясидан сўнг Брижит Бардо кинематографияни тарк этган ва кейинчалик ҳайвонларни ҳимоя қилиш фондини ташкил этган. Қарийб 20 йиллик ижодий фаолияти давомида у 50 дан ортиқ фильмда суратга тушган, асосан, ўта жозибали ва тақдирли аёллар образини гавдалантирган. Шунингдек, актриса 70 дан ортиқ қўшиқ ёзиб қолдирган.

Брижит Бардо ҳаёти давомида тўрт марта турмуш қурган. Актёр Жак Шарье билан никоҳидан Николя исмли ўғли бор. У нафақат кино оламидаги улкан мероси, балки жамиятдаги фаол фуқаролик позицияси билан ҳам хотираларда қолади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?