Аҳолини “Яшил энергия” ресурслари билан таъминлаш масаласи — кун тартибида
Халқ депутатлари Навбаҳор тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишлар, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини “Яшил энергия” ресурслари билан барқарор таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан Навбаҳор тумани ҳокими А. Ўроқов ҳамда ҳокимнинг биринчи ўринбосари М. Жумабоевнинг ҳисоботлари эшитилди.
Ҳисоботларда туман аҳолисини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 15 км. масофага асосий ичимлик суви тармоғи, 145,3 км. масофага эса ички тармоқ тортиш ишлари амалга оширилгани, аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларни узлуксиз электр энергия билан таъминлаш мақсадида 59,8 км. электр тармоғи тортилгани, 1196 дона электр узатиш тармоғи таянчи янгисига алмаштирилгани, 14 дона янги трансформатор ўрнатилгани ҳақида ахборот берди.
Бундан ташқари, истеъмолчиларга куз-қиш мавсумида жами 360 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, белгиланган график асосида жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб, суюлтирилган газ етказиб берилиши кўзда тутилган. Бугунги кунда туман аҳолисига куз-қиш мавсуми учун 630 та суюлтирилган газ баллони захираси яратилган.
Депутатлар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича бажарилаётган ишлар, хусусан, ижтимоий соҳа объектларидаги 81 та иситиш қозонхоналарига давлат хусусий шериклик асосида хизмат кўрсатиш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратдилар. Шундан келиб чиқиб, ушбу масала юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарларининг ахборотларини Кенгашнинг навбатдаги сессиясида алоҳида эшитиш белгилаб олинди.
Сессияда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали турар жой фондини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш ишларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариш ҳамда уни узлуксиз таъминлаш вазифалари депутатлар назоратида бўлиши таъкидланди.
Йиғилишда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини “Яшил энергия” ресурслари билан барқарор таъминлашга туманда устувор аҳамият қаратилаётгани қайд этилди.
Хусусан, туманда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш мақсадида ижтимоий соҳа объектлари ва давлат ташкилотларига
569 кВт қуёш панеллари, тадбиркорлик субъектларига 200 кВт қуёш панеллари, аҳоли хонадонларига 301 кВт қуёш панеллари ўрнатилган.
Йиғилишда маҳаллий Кенгашлар депутатлари муҳокама этилган масалалар юзасидан ўз муносабатларини билдирдилар. Хусусан, халқ депутатлари Навбаҳор тумани кенгаши депутати Маҳлиё Бердиева қайта тикланувчи энергия манбалари, шу жумладан, қуёш панелларидан фойдаланишни тўла қўллаб-қувватлаб, ўрнатилган қуёш панеллари бўйича сервис хизматининг йўлга қўйилмаганлиги, панелларни эксплуатация қилиш, хавфсизлигини таъминлашга доир масалалар етарли даражада таъминланмаётганлигини таъкидлади.
Халқ депутатлари Навбаҳор тумани Кенгаши депутати Маъсуда Ғаффорова эса аҳолига суюлтирилган газ белгиланган жадвал асосида етказиб берилаётгани, бироқ турли сабабларга кўра, айрим фуқаролар суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида олишга имконияти бўлмаётганини таъкидлади.
Депутатларнинг юқоридаги ва бошқа масалалар юзасидан саволларига тегишли раҳбарларнинг жавоблари эшитилди.
Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Н. Исмоилов ҳамда Қонунчилик палатасининг бир қатор депутатлари иштирок этди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича халқ депутатлари Навбаҳор тумани Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Шу куни халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, маҳаллий партия ташкилотлари фаоллари иштирокида маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, хусусан, вакиллик органлари ўртасидаги ҳамкорликни яхшилаш, депутатларнинг фаоллигини ошириш масалаларига бағишланган семинар машғулотлари ҳам ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқи, унда илгари сурилган ташаббуслар, “Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг аҳамияти, мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, Кенгашлар фаолиятида доимий комиссияларнинг ролини кучайтириш, депутатларнинг ўз сайлов округларидаги фаолияти шакл-шамойилини ўзгартириш, уларнинг сайловчилар билан доимий мулоқот ўрнатиш механизмларини такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди.
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг