Афсонага айланган шоир

18:33 11 Март 2025 Жамият
217 0

Жаҳонгир Боймуродов/«Халқ сўзи». Косон туманидаги Некўз қишлоғи. Қўнғиртоғ этагида жойлашган. Бу қишлоқ адабиёт мухлисларига Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг таржимаи ҳоли, асарлари орқали яхши таниш. Шоир ҳаётининг асосий қисми пойтахтда кечган, ижоди доимо мухлислар эътиборида бўлган. У туғилиб вояга етган қишлоқда шоирнинг болалиги, ўқувчилик йиллари ўтган. Кейинчалик қишлоқдаги турли тадбирлар, адабий-бадиий кечалардаги иштироки билан боғлиқ кўпчиликка маълум бўлмаган янги саҳифалар ҳам мужассам. Ўтган йили туман ҳокимлиги ташаббуси билан шоир илк сабоқларни олган Косон туманидаги 44-умумий ўрта таълим мактабида «Абдулла Орипов музейи» ташкил этилиши ана шу қимматли маълумотлар, экспонатларни бир жойга жамлаш ва келгуси авлодларга ҳам етказиб беришда муҳим ўрин тутди.

— Мактабимиз 1930 йилларда ўз фаолиятини бошлаган, — дейди мактаб директорининг ўқув-ишлари бўйича ўринбосари Юлдуз Ҳайитова. — Аввал бу ер фақат бошланғич мактаб бўлган. Ўқувчилар 8-синфга қадар шу ерда ўқиб, кейин Обдида қишлоғидаги мактабга кўчиб ўтган. Шу боис Абдулла Орипов ҳам 1948 – 1956 йилларда мактабимизда 1-8-синфларни ўқиган. Шу ердаги устозлардан сабоқ олган. Бугун бутун жамоамиз мактабимиздан Абдулла Ориповдек улуғ шоир етишиб чиққани билан фахрланади. Мактабда «Абдулла Орипов музейи»нинг ташкил этилиши ана шу фахр ҳиссини яна ўн чандон оширди. Ҳозирги кунда нафақат туман, балки вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан ҳам ўқувчилар, шоир мухлислари келиб, музейдаги экспонатлар билан танишиб кетмоқда.

Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жаҳонгир Яркуловнинг айтишича, аслида мактабда Абдулла Орипов фаолияти, ижоди билан боғлиқ экспонатлар, ҳужжатларни йиғиш 1980 йилларда бошланган. Айни пайтда музейга топширилган «Шоир Абдулла Орипов ҳақида эсдаликлар дафтари» бунинг ёрқин мисоли. Ушбу дафтарга илк битиклар 1987 йилнинг мартда туширилган. Шундан сўнг турли йилларда таниқли ижодкорлар, раҳбарлар, жамоатчилик фаолларининг шоир ҳақидаги дил сўзлари билан бойиб борган. 1991 йилнинг 4 апрелида мактабга атоқли адабиётшунос олимлар Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ғафуров ҳамда яна бир қатор таниқли санъаткорлар, журналистлар келиб, ўқувчилар билан учрашув ўтказган. Тадбирдан сўнг уларнинг Абдулла Орипов, у ўқиган мактаб жамоаси, содда ва танти некўзликлар ҳақидаги фикрларини эсдаликлар дафтарига ёзиб қолдирган. Бугун бу битикларнинг ҳар бири юксак қадрга эга.

— Музейни шоир ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ буюмлар, суратлар, хатлар ва шу каби турли экспонатлар билан бойитиб боряпмиз, — дейди мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Маҳлиё Бобомуродова. — Бизга шоирнинг яқинлари, дўстлари ҳам катта кўмак кўрсатмоқда.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, Абдулла Орипов ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ яна бир музей Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номли ижод мактабида ташкил этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?