«Афросиёб» поездига нисбатан қўпорувчилик қилганлар узоқ муддатга қамалди
«Афросиёб» тезюрар поездига нисбатан қўпорувчилик ҳаракати содир этган темирйўлчилар узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Темирйўлинфратузилма» АЖ Бухоро минтақавий темир йўл узели «Зиёвуддин темир йўл масофаси» корхонасида темир йўл тўсиқлари бўйича бригадир лавозимида фаолият юритувчи, Навоий шаҳрида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро 2023 йилнинг декабрь ойида корхонада бригадир штат бирлиги тугатилгач, у йўл созловчиси ва темир йўл тўсиқлари қўриқчиси вазифасига ишга ўтказилган. Бундан норози бўлган собиқ бригадир буни раҳбариятга кўрсатиб қўйиш мақсадида Кармана туманида яшовчи 1992 йилда туғилган ҳамкасби билан жиноий режа тузган.
Жорий йилнинг 14 январь куни кечки вақт улар Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани «Бурқут» МФЙ ҳудудида жойлашган «Зиёвуддин-Навоий» темир йўл бекатлари оралиғининг 3872-км ҳудудига бориб, оғирлиги 110 кг бўлган темир-бетон шпални «Афросиёб» электропоезди ҳаракатланувчи темир йўл рельси устига кўндаланг ҳолатда қўйиб, воқеа жойидан яширинган.
Орадан 15-20 дақиқа ўтиб, «Тошкент-Бухоро» йўналишида 159 км/с тезликда ҳаракатланаётган, жами 148 нафар йўловчиси бўлган «Афросиёб» тезюрар поезди темир-бетон шпал билан тўқнашади. Оқибатда поезднинг ҳаракатлантирувчи қисмларига жиддий шикаст етади.
ДХХнинг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур шахслар ушланиб, уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 161-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан эса қонунбузарлар қўпорувчилик ҳаракатини содир этганликда айбдор деб топилиб, уларнинг бирига 13 йил, иккинчисига эса 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, қўпорувчилик ҳаракати натижасида жиноятчилар томонидан «Афросиёб» поездига 260 млн сўм миқдорида зарар етказилганлиги боис, ушбу пул маблағи давлат ҳисобига ундириб олинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг