Афғонистон ва Покистон можаросининг илдизи қаерда?

16:40 15 Октябр 2025 Дунё
271 0

Афғонистон ва Покистон ўртасидаги кескинлик сўнгги кунларда ўқ отиш билан бошланиб, кенг кўламли можарога айланиб кетиш хавфини туғдирмоқда.

Тўқнашувлар ўтган пайшанба куни Афғонистон пойтахти Кобул ва чегарадош Пактика вилоятида уюштирилган зарбалар ортидан содир бўлди. Бунга «Толибон» Покистонни айблади, бироқ Исломобод ҳужумларни расман тан олмаган.

Сўнгги қарама-қаршиликлар «Толибон» ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақийнинг Покистоннинг рақиби саналадиган Ҳиндистонга қилган тарихий сафарига тўғри келди ва бу Исломободда хавотир уйғотди.

Мутахассисларнинг фикрича, баҳсли чегараларга қарамай йилларда давомида барқарор ва стратегик муносабатларни сақлаб келаётган қўшнилар учун бу келишмовчилик минтақада янги можароларни келтириб чиқариши мумкин.

Хитой, Россия, Саудия Арабистони ва Қатардан кескинликни пасайтириш чақириқлари ҳамда АҚШ президенти Дональд Трампнинг тинчликка воситачилик қилиш таклифи ҳам янграган.

Низонинг кескинлашуви

«Толибон» Покистонни пайшанбага ўтар кечаси Кобул ва Патикадаги нишонларга мисли кўрилмаган ҳужум уюштирганликда айблади.

Исломобод ҳужумлар учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмади. Аммо жума куни бўлиб ўтган матбуот брифингида Покистон ҳарбий амалдори генерал-лейтенант Аҳмад Шариф Чаудри Афғонистон Покистонда террорчилик амалиётларини ўтказиш учун база сифатида фойдаланилаётганига оид далиллар борлигини айтди.

Покистон узоқ вақтдан бери Кобулни Покистон «Толибон»и жангари гуруҳига бошпана берганликда айблаб келади, Афғонистон «Толибон»и эса буни рад этади. «Толибон» 2021 йилда Кобулни босиб олганидан сўнг Покистон зўравонликларга дуч келгани ва бу жангари гуруҳларга далда бергани айтилади.

Шанбага ўтар кечаси «Толибон» Покистон қўшинларига қарши жавоб ҳужумлари сифатида Кунар ва Нангарҳор чегара вилоятлари яқинидаги турли ҳудудларда ҳужум уюштирди.

Ҳарбийлар баёнотига кўра, Покистон Афғонистон ҳужумига жавобан «Толибон» лагерлари, постлари ҳамда Афғонистондаги террорчиларни ўқитиш объектлари ва қўллаб-қувватлаш тармоқларига зарбалар ва жисмоний рейдлар ўтказган.

«Толибон» Қатар ва Саудия Арабистони воситачилигидан сўнг ярим тунда ҳарбий амалиётини тўхтатганини айтди. Иккала давлат ҳам ўлимлар сони қўшнилари очиқлаганидан кўпроқ эканлигини айтишган.

Покистон 200 дан ортиқ «Толибон» ва жангариларни ўлдирганини даъво қилган ва бу «Толибон» эълон қилган 9 нафар йўқотишидан кўп. Афғонистон томони 58 нафар покистонлик аскар ҳалок бўлганини қайд этган, бу Исломобод очиқлаган 23 та йўқотишдан икки баравар кўп дегани.

Узоқ ва мураккаб тарих

Покистон ва Афғонистон узоқ ва мураккаб тарихга эга ва «Дуранд чизиғи» деб номланувчи тоғли, 1600 милялик баҳсли чегара бўйлаб тез-тез тўқнашувлар содир бўлиб келган.

Покистон 2000 йиллар бошида Афғонистон ҳукуматига қарши қўзғолон кўтарган «Толибон»нинг асосий қўллаб-қувватловчиларидан бири бўлган.

Икки давлат ҳам йирик савдо ҳамкорлари бўлиб, халқлар ўртасида мустаҳкам алоқаларга эга. Покистон ўнлаб йиллар давом этган уруш давомида миллионлаб афғон қочқинларига бошпана берган бўлсада, сўнгги йилларда терроризм хавфи туфайли уларнинг кўпчилигини чиқариб юборишга ҳаракат қилган. Аммо Афғонистон-Покистон муносабатлари Покистонга қарши жангарилар зўравонликлари авж олган бир пайтда ёмонлашган.

Мустақил қуролли можаролар жойлашуви ва низоларни таҳлил қиладиган нотижорат ташкилотининг сўнгги ҳисоботига кўра, Покистон «Толибон»и ўтган йили Покистон кучларига қарши 600 та ҳужум уюштириб, мамлакатнинг миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи энг йирик хавфлардан бири сифатида қайта пайдо бўлди .

Шанба кунги ҳужумлардан сўнг Покистон ҳарбийлари мамлакат дипломатияни афзал кўрсада, Афғон тупроғидан Покистонга қарши терроризм учун фойдаланишга тоқат қилмаслигини айтди. Шундан сўнг Исломобод якшанба куни Афғонистон билан чегарадаги иккита асосий ўтиш жойини ёпганини маълум қилди.

Ҳиндистон омили

Покистон ҳарбийлари низолар «Толибон» ташқи ишлар вазирининг Покистоннинг минтақадаги асосий рақиби Ҳиндистонга яқинда қилган ташрифи чоғида содир бўлганини таъкидлади. Шу йил бошида Исломобод ва Нью-Дели ўртасида можаро бўлиб ўтган эди.

Жума куни Нью-Дели Кобулда элчихонасини қайта очишини айтганида «Толибон» ва Ҳиндистон ўзаро қалин алоқалари борлигини яширмади ва Муттақийнинг ташрифи ҳамкорликни ривожлантириш ва икки давлат ўртасидаги мустаҳкам дўстликни тасдиқлаши айтилган.

Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг Жанубий ва Марказий Осиё мудофаа, стратегия ва дипломатия бўйича катта илмий ходими Антуан Левескес CNN телеканалига берган интервьюсида Исломобод ва Нью-Дели Афғонистонда ўнлаб йиллар давомида таъсир доирасини кенгайтириш учун қон тўкиш орқали рақобатлашганини таъкидлади.

Левескеснинг айтишича, «Толибон»нинг Ҳиндистонга ташрифи ҳукуматлараро алоқалар учун босқичма-босқич ўзгариш бўлиб, Покистоннинг шарқий ва ғарбий чегараларида ишончсизлик ҳиссини оширганига урғу берди.

«Покистон узоқ вақтдан бери Афғонистон билан яхши муносабатларни Ҳиндистонни мувозанатлашнинг калити сифатида кўриб келади, шунинг учун у АҚШ ва НАТОнинг террорга қарши урушини ташқи томондан қўллаб-қувватлаганига қарамай, «Толибон»ни ҳокимиятга келмаган вақтда ҳам яширинча қўллаб-қувватлашда давом этди. Шунга қарамай ўзаро ҳисоб-китоблар яхши бўлмаганга ўхшаяпти», — деди Жанубий Осиё бўйича катта таҳлилчи Пеарл Пандя.

Бошқа давлатлар бунга қандай муносабатда бўлишди?

Қатар, Саудия Арабистони, Хитой ва Россия вазиятни юмшатишга чақирди.

Қатар Хʼга берган баёнотида минтақанинг хавфсизлиги ва барқарорлиги учун потенциал оқибатлар ҳақида ташвиш билдирди, яқинда Покистон билан мудофаа шартномасини имзолаган Саудия Арабистони ҳам босиқлик ва мулоқот га чақирди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги душанба куни ҳар икки давлат ҳам мулоқот орқали масалани ҳал қилишга умид билдирган. Шунингдек, Россия дипломатик воситалар орқали резолюция қабул қилишга чақирди.

Пандянинг айтишича, яқинда Покистон ва Афғонистон ўртасида воситачилик ролини ўз зиммасига олган ва ҳар икки мамлакатда иқтисодий манфаатларга эга бўлган Хитой вазиятни диққат билан кузатиб боришини қўшимча қилган.

Минтақадаги низо тинчликка воситачилик қилишни таклиф қилган Трампнинг ҳам эътиборини тортди.

«Мен ҳозир Покистон ва Афғонистон ўртасида уруш кетаётганини эшитдим. Мен урушларни яхши ҳал қиламан, тинчлик ўрната оламан», — деган Трамп журналистларга.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?