Адолат йўлидаги фидойилик

06:51 15 Май 2025 Илм-фан
259 0

Ҳар қандай буюк шахсият ортида сабр-қаноат, меҳнат ва шижоат каби улуғ туйғулар, фидойилик, жасорат, тақдирнинг аччиқ синовларида тобланган метин ирода ётади. Атоқли олим, моҳир педагог, давлат ва жамоат арбоби Хадича Сулаймонова ҳаёти ва фаолияти фикримиз исботидир.

Ўзбекистон тарихидаги илк аёл ҳуқуқшунослардан бири бўлган бу инсон тақдирида турли тўсиғу машаққатлар доимий ҳамроҳ эди. Ва айнан ўша оғир синовлар уни қатъиятли қилиб тарбиялади. Юксак марралар сари элтди.

Қаҳрамонимиз болалигиданоқ билим олишга меҳр қўйган. Унинг оиласида таълимга, илмга бўлган ҳурмат устувор бўлган. Афсуски, падари Келгинбой ота қизининг юксак мартабаларга эришганини кўролмай ҳаётдан анча эрта кўз юмади. Онаси Отинча ая ўзида ҳам ота, ҳам она масъулиятини бирлаштириб, тўрт нафар фарзандини ёлғиз тарбия қилади. Фарзандларининг таълим олиши учун заводда ишлайди, сўнг ўзбек тили ўқитувчилари тайёрлов курсида ўқийди. Бошқа оналар сингари у ҳам “Ўзим қийналсам-да фарзандларим азоб чекмасин”, қабилида иш кўради. Ана шу фидокорлик, меҳнатсеварлик Хадича Сулаймонованинг ҳаёт фалсафасини белгилаб беради. Вояга етар экан, унинг ҳаёти тарихий бурилишлар, ижтимоий-сиёсий силкинишлар даврига тўғри келди. Ўлкадаги хотин-қизлар тақдирига оид содир бўлган турли воқеалар нафақат жамият тафаккурида, балки ёш Хадичанинг дунёқарашида ҳам чуқур из қолдиради.

XX асрнинг 20 — 30-йилларида аёлларни “очиқлик”ка чиқариш сиёсати авж олади. Бироқ бунга жамият ҳали тайёр бўлмаган. Натижада паранжисини ташлаган кўплаб аёллар яқинлари томонидан ўлдирилади. Жумладан, ёш санъаткор Нурхон Йўлдошхўжаевани акаси мутаассибларнинг таъсири остида пичоқлаб қўяди. Марғилонда Нурхоннинг қотили устида очиқ суд бўлган. Унда 17 ёшли Хадича Сулаймонова ҳам қатнашади. Мазкур суд унинг ҳаётида тарихий воқеалардан бири бўлди. Таниқли адиб Марк Твен ёзганидек, “Инсон ҳаётида икки муҳим кун бор: бири — у дунёга келган кун, иккинчиси — нима сабабдан дунёга келганини англаган кун”. Қаҳрамонимиз айнан шу жараёнда гўёки ўзининг ҳаёт йўлини англаб етади. Боиси судда қатъият билан сўзлаган қораловчи Тожихон Шодиеванинг чиқиши унинг қалбида ҳуқуқшунослик касбига меҳр уйғотади. Андижонга қайтиб орзусини онасига айтганда, Отинча ая уни қўллаб-қувватлайди. Бу ўша таҳликали даврда аёл матонатининг ёрқин намунаси эди.

Хадича Сулаймонова орзуси йўлида собитқадамлик билан аввал Москвада тайёрлов курсида, сўнг Тошкентда очилган ҳуқуқ институтида ўқиди. Тўрт йиллик таҳсилни муваффақиятли якунлаб, 22 ёшида халқ судяси бўлиб ишлай бошлайди. Кўп ўтмай Олий суд аъзолигига қабул қилинади. Ўзи масъул ҳар бир жиноят ишини чуқур ўрганади. Ҳар бир ҳужжат, ҳар бир иш ортида инсон тақдири турганини билган Хадича ишига чинакам фидойилик билан ёндашди.

Аспирантурада ўқишни давом эттирар экан, таниқли олим А.Трайнин раҳбарлигида диссертация ишини олиб боради. Иккинчи жаҳон уруши сабаб илмий иши бир муддат тўхтайди, ўзи эса ўша вақтдаги Тошкент юридик институтида фаолиятини давом эттиради. Бу ерда талабаларга сабоқ бериш билан бирга номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилади.

Ўтган асрнинг 50-йилларида Хадича Сулаймонова жиноят ҳуқуқининг шаклланишига оид докторлик диссертациясини ёқлаб, профессор илмий унвонига эга бўлади. Унинг тадқиқотлари ўзбек ҳуқуқий тафаккурининг шаклланишига улкан ҳисса қўша олди, десак, муболаға эмас.

Қаҳрамонимиз энг таҳликали йилларда қатағон қурбонларини ҳимоя қилишга журъат этган саноқли ҳуқуқшунослардан биридир. Хусусан, махсус комиссия аъзоси сифатида минглаб бегуноҳ инсонларнинг айбсизлигини исботлашда жонбозлик кўрсатган. 1956 йилга келиб эса Адлия вазири этиб тайинланади. Бу лавозимда у халқнинг ҳуқуқий онгини ошириш, адолатни мустаҳкамлаш йўлида жонкуярлик билан иш юритади.

Хадича Сулаймонова нафақат олган билимларини, балки ҳаётий тажрибасини фаолиятига татбиқ эта олган. Суд тизимидаги мавжуд ҳолатни чуқур таҳлил қилиш мақсадида вилоят судларига бориб, у ердаги иш юритиш тартибини шахсан ўрганади, судялар билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, жараёнларнинг адолатли ва шаффоф кечишига қатъий талаб қўяди. Унинг учун қонун — оддий матн эмас, балки жамиятни тўғри йўлга бошловчи муқаддас бир мезон эди.

Қаҳрамонимиз нафақат адолатни қарор топтириш, балки кейинги авлод савияли ҳуқуқшуносларини тарбиялашни ҳам мақсад қилган. Жиноят ва процессуал кодекслар, меҳнат қонунчилиги бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқиш, қонун лойиҳаларини тузиш ва уларни ҳаётга татбиқ этишдек оғир, масъулиятли вазифаларни ҳам ўз зиммасига олган.

Таниқли олима Ўзбекистоннинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, демократик жамият қурилишига ўз ҳиссасини қўшган йирик ҳуқуқшунос сифатида тарихда қолди.

Хадича Сулаймонова — бир ўзбек аёлининг илм йўлидаги жасоратини, адолатга бўлган садоқати ва миллатга хизмат қилишда синмас иродасини намоён этади. Бугун мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш, қонунийлик ва судлар мустақиллигини таъминлашда ҳуқуқшунос олиманинг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳақиқий ибрат мактаби бўла олади.

Анбарой ЖУМАБОЕВА,

Тошкент давлат юридик университети талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?