Адлия вазирлиги томонидан сунъий интеллектга асосланган «Одил» чат-боти ишга туширилди

Адлия вазирлиги томонидан фуқароларга давлат хизматлари бўйича тезкор ва қулай маълумот тақдим этиш мақсадида сунъий интеллектга асосланган «Одил» чат-боти яратилди. «Телеграм» мессенжерига интеграциялашган ушбу чат-бот (@Odil_chat_bot) давлат хизматлари ҳақидаги маълумотлардан фойдаланишни соддалаштириш ва фуқаролар учун қулайликлар яратиш учун ишлаб чиқилган. Мазкур тизимнинг ишга туширилиши орқали 1148 ишонч телефони операторлари юкини сезиларли даражада камайтириш ва фойдаланувчиларнинг сўровларига реал вақт режимида тезкор жавоб бериш имконияти яратилади.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда 1148 ишонч телефони орқали фуқаролардан 135 мингга яқин қўнғироқ қабул қилинган. Шундан қарийб 128 мингта мурожаат ёки 95 фоизи юзасидан мутахассислар томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. «Одил» чат-ботининг ишга туширилиши эса ушбу юкни камайтириб, фойдаланувчиларга янада қулай ва самарали хизмат кўрсатишни таъминлайди.
Чат-бот фойдаланувчиларга турли имкониятларни тақдим этади. У давлат хизматларидан фойдаланиш тартиблари, талаблар ва жараёнлар ҳақида батафсил маълумот беради. Шунингдек, керакли ҳужжатлар ва аризаларни топишда ёрдам беради ҳамда қайси масала бўйича қаерга мурожаат қилиш лозимлигини тушунтиради. Бу эса фуқароларга ҳуқуқий масалаларни тез ва осон ҳал қилишда катта ёрдам беради.
Келажакда «Одил» чат-ботининг функционал имкониятлари ва фаолият доирасини кенгайтириш режалаштирилган. Бу орқали янада кўпроқ хизматларни қамраб олиш ва фойдаланувчилар учун қулайликларни ошириш кўзда тутилган. Чат-бот доимий равишда такомиллашиб бориши натижасида фуқароларнинг эҳтиёжларига мос равишда янги имкониятлар яратилиши кутилмоқда.
«Одил» чат-ботининг афзалликлари ҳам кўзга кўринади. Аввало, у осон ва қулай бўлиб, ҳужжатларни варақлаб чиқишга ҳожат қолдирмайди — барча зарур маълумотлар бир жойда тақдим этилади. Шунингдек, тезкор ва самарали бўлиб, фойдаланувчиларга керакли маслаҳат ва жавобларни бир зумда тақдим этади. Энг асосийси, чат-бот сунъий интеллект асосида ишлагани сабабли фойдаланувчиларнинг фикр ва таклифлари асосида доимий равишда такомиллашиб боради.
Шу тариқа, Адлия вазирлиги томонидан яратилган «Одил» чат-боти фуқароларга давлат хизматлари бўйича зарур маълумотларни тез ва қулай шаклда олиш имкониятини яратиб, ҳуқуқий маълумотлардан фойдаланишни соддалаштиради. Бу эса давлат хизматлари тизимининг янада ривожланиши ва фуқаролар учун қулайликларни оширишга хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг