Адлия педагогларга яна ёрдам берди

13:02 29 Январь 2025 Жамият
226 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Навбаҳор туманида умумий ўрта таълим мактабларининг директор ўринбосарлари уларга рағбатлантириш пуллари тўлаб берилмаётганлиги юзасидан туман адлия бўлимига мурожаат қилишди.

Ушбу мурожаатни ўрганиш давомида туманда 2021-2022 ўқув йилида эришилган ютуқларига асосан, мактабларнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида натижаларга асосан белгиланган тўловлар тўлаб берилмаганлиги оқибатида Навбаҳор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимида 125 миллион сўм қарздорлик аниқланди.

— Республикамиз Президентининг “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан умумтаълим муассасалари битирувчиларининг олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга кириш ҳамда ишга жойлашиш кўрсаткичлари асосида директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумтаълим муассасалари раҳбар ходимлари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбатлантирилиши белгиланган, — дейди Навбаҳор тумани адлия бўлими Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлинмаси бош маслаҳатчиси Ш.Сайфудинов. — Шу асосда туман адлия бўлими томонидан 24 нафар педагогнинг манфаатини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судига даъво тартибида ариза киритди. Суднинг тегишли ҳал қилув қарори билан 24 нафар фуқаронинг мурожаатлари тўлиқ қаноатлантирилди.

Адолат қарор топди. Бироқ бир савол қийнайди. Нега адлия аралашгачгина қарийб тўрт йил аввалги қарз тўланди? Бунинг ортида мутасаддиларнинг мабодо хато қилган бўлсак, адлия ва суд жавоб беради, деган масъулиятдан қочиш зоҳир эмасмикин? Ҳар ҳолда ўша даврдаги рағбат пуллари билан ҳозир тўланганининг қурбида анчагина фарқ бор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер