“Адабиёт дунёси” — ўзбек адабиётининг синчи олимидан муҳташам мажмуа
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг катта тадбирлар залида Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим ва таржимон Иброҳим Ғафуровнинг “Адабиёт дунёси” деб номланган 8 жилдлик китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирга ижодкорнинг яқин дўстлари, оила аъзолари, адабиёт ва Иброҳим Ғафуров мухлислари, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид олиб борди. Тақдимот давомида академик Акмал Саидов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Шарифа Салимовалар сўзга чиқиб Иброҳим Ғафуровнинг шонли ҳаёт йўли, ижоди, таржималари ҳақида алоҳида тўхталишди.
— Иброҳим Ғафуров нақд ярим асрдан бери ўзбек адабиётидаги жараёнларни теран таҳлил, тадқиқ ва талқин этиб келаётган жонкуярлардан биридир. — деди ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад. — Бадииятда ҳаққонийлик ва инсонийлик, адолат ва миллий ўзига хослик, илмийлик ва холислик тамойилларининг намоён ҳолатларини кузатади. Бугунги чоп этилган китоблар ижодкор умридан сўзловчи муҳташам мажмуа десак муболаға эмас.
Мазкур мажмуа “Жозиба”, “Юрак — аланга”, “Шеърият — изланиш демак”, “Дил эркинлиги”, “Ҳаё — халоскор”, “Мангу латофат”, “Олтин қозиқ” деб номланган 8 жилддан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирида олимнинг умри давомида ёзган танқидий-таҳлилий мақолалари ўрин олган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, Иброҳим Ғафуров “ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, бир умр одамларга илму зиё, маърифат улашиб келаётган ҳассос сўз санъаткоридир”.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳозирда Иброҳим Ғафуровнинг 4 жилдлик “Асарлар”и нашрга тайёрланмоқда.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг