Абдуқодир Ҳусанов «Реал Мадрид»га йўқ дедими? У Буюк Британия ишчи визасига ҳужжат топширгани айтилмоқда

12:01 09 Январь 2025 Спорт
369 0

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Франциянинг «Ланс» клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англиянинг «Манчестер Сити» клубига ўтиш учун ишчи визасига ҳужжат топширди. Бу ҳақида «Telecomasia» нашри хабар бермоқда.

«Ўтган ҳафтада 20 ёшли футболчи ва унинг вакиллари Буюк Британияга виза олиш учун барча керакли ҳужжатларни тақдим этишди. Ҳусанов ва унинг агентлари шу ой охиригача шартнома имзолаш учун Манчестерга учиб кетишлари кутилмоқда», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон миллий жамоаси футболчисига вакиллик қилувчи агентлик «Манчестер Сити»ни танлаган. Бунга бош мураббий Пеп Гвардиоланинг шахсан қизиқиши сабаб қилиб кўрсатилган. Қайд этиш керакки, Ҳусановга «Реал Мадрид» ҳам қизиққан ва 20 миллион евро тўлашга тайёрлиги ҳақида айтилганди.

Аввалроқ, таниқли инсайдер Фабрицио Романо Манчестер клуби Абдуқодир Ҳусанов бўйича бир ҳафтадан буён давом этаётган музокараларда ижобий силжишга эришгани ҳақида хабар берган эди.

«Ҳусановнинг трансфери бўйича «Манчестер Сити» ва «Ланс» ўртасидаги музокаралар давом этмоқда. Ҳусанов Манчестер клубининг январ ойидаги биринчи рақамли асосий нишони бўлиб турибди», — деб ёзган Романо.

«The Athlitic» нашри эса «Манчестер сити» клуби январь ойида икки футболчи, Абдуқодир Ҳусанов ҳамда «Айнтрахт» футболчиси Омар Мармушни ўз сафига қўшиб олиш борасидаги ҳаракатларда бошқа клублардан анча илгарилаганлиги ҳақида ёзганди.

Маълумотларга кўра, Абдуқодир Ҳусанов трансферининг тахминий қиймати 36 миллион еврони ташкил этади.

Маълумки, 20 ёшли Ҳусанов 2023 йилда «Энергетик-БГУ»дан 100 минг евро эвазига «Ланс»га кўчиб ўтганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?