85 ёшли отахон ташкил этган кутубхонада 12 мингдан ортиқ китоб жамланган

10:25 21 Апрель 2025 Жамият
163 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Риштон туманидаги Носгар маҳалласи уста кулоллари билан машҳур. Шу боис ҳунармандчилик маҳалла драйвери сифатида белгиланган бўлиб, ҳар бир оила авлоддан авлодга ўтиб келаётган ҳунари орқали доимий даромад манбаига эга.

Шу маҳаллада яшовчи 85 ёшли Ҳусанбой ота Эргашев ўз хонадонида кутубхона ташкил этиб, каттаю кичикка маърифат улашаётгани ҳам эътиборга молик. Эзгу ташаббус туфайли кейинги йилларда янги авлод вакиллари ўртасида китобхонлик маданияти юксалмоқда.

— Айни пайтда маҳалладаги қарийб 100 нафар йигит-қизлар мамлакатимизнинг нуфузли олий таълим муассасаларида ўқимоқда, — дейди «Носгар» МФЙ ёшлар етакчиси Уйғун Абдуҳамидов. — Қувонарлиси, кейинги уч йил давомида маҳалла ёшлари ўртасида бирорта ҳам ҳуқуқбузарлик ёки жиноятчилик қайд этилмади. Ана шу сабабли ҳозирги кунда маҳалламиз «яшил ҳудуд» тоифасига киритилган.

Бу йил маҳаллада жойлашган 58-умумтаълим мактабини 19 нафар ўғил-қизлар тамомлайди. Олий таълимга кириш мақсадида қарийб барча битирувчилар бугунгача бу борада имтиёз тақдим этувчи турли сертификатларни олишга муваффақ бўлишди. Шу кунларда Тошкентдаги Вестминстер университетида таълим олаётган Жамшид Эминов маҳалладош ука-сингиллари учун бепул ўқув курси очиш ҳаракатида.

— Маҳалламиздаги 717 та оилада 2546 нафар аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 500 нафардан зиёди ёшлар, — дейди ўз хонадонида кутубхона фаолиятини йўлга қўйган отахон. — Бугунги кунда маҳалладаги ҳар бир оила, хусусан, баркамол авлод вакиллари кутубхонага аъзо бўлган. Бу ерда ойда бир ёки икки маротаба маънавий-маърифий тадбир ўтказамиз. Китобхонлик келажагимиз ворисларини ҳунар ўрганиш, астойдил меҳнат қилишга ҳам рағбатлантиради.

Айтиш жоиз, «Эргаш ота Сангинов» номини олган ушбу кутубхонада 12 мингдан ортиқ китоб жамланган. Ташриф буюрувчилар зиё масканида ноёб тарихий асарлар, жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари ҳамда ўқув-услубий қўлланмалардан фойдаланиши мумкин. Ўз навбатида, кутубхона қошида Риштон тумани тарихи ҳақида маълумот берувчи кичик музей ҳам ташкил этилган.

— Инсонга китобдан яхши дўст йўқ, — дейди отахон. — Ижтимоий тармоқ, телефон ёшларга мукаммал билим бера олмайди. Шу боис йигит-қизлар қалбида китобга меҳр уйғотиш, китобхонлик маданиятини юксалтириб боришни асосий мақсад сифатида белгилаб олганман. Ишонаманки, яқин келажакда маҳалламиз ёшлари орасидан илм-фан, адабиёт соҳасида машҳур шахслар етишиб чиқади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?