«85 фоиз аниқлик, 4 марта рақибнинг хавфли ҳужумини барбод қилиш» ёхуд Ҳусанов Гвардиолани ҳайрон қолдиришда давом этмоқда

11:25 27 Февраль 2025 Спорт
405 0

27 февраль куни Англия Премер-лигаси 27-туридан ўрин олган марказий баҳсда «Манчестер Сити» Лондонда «Тоттенҳэм» меҳмони бўлди. Учрашувнинг 12-дақиқасида Эрлинг Холанд томонидан киритилган гол ягоналигича қолди ва «Ман Сити» муҳим уч очкони қўлга киритди.

Ушбу баҳсни асосий таркибда бошлаган ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов ишончли ўйин кўрсатиб, якунда 7,4 баллга лойиқ кўрилди. Мазкур ўйиндаги энг юқори баллни «Ман Сити» дарвозабони Эдерсон қўлга киритиб, учрашув давомидаги ҳаракатлари учун 8,8 баллга эга чиққан.

«Шаҳарликлар» бош мураббийи Пеп Гвардиола «Тоттенҳэм» устидан сафарда қўлга киритилган ушбу ғалабадан сўнг Абдуқодир Ҳусановнинг ҳаракатлари ҳақида фикр билдирди.

«Ҳусанов фақат футбол ҳақида ўйлайди. «Тоттенҳэм»га қарши ўйин учун у Лондонга ҳеч нарсасиз келди, ҳаттоки тиш шеткасини ҳам олиб келмади. Унда ортиқча буюмни кўрмайсиз. Ҳусанов фақат футбол ўйнашни истади», — дейди мутахассис.

Ҳусанов мазкур баҳс давомида 56 марта тўпга тегинишни амалга ошириб, 41 та аниқ пас бера олди. Умумий узатмалар аниқлиги 85 фоизни ташкил этган. Олдинги чизиққа 6 та узун пас ҳамда 4 бор рақибдан тўпни олиб қўйишни уддалади. Бундан ташқари, 4 марта рақибнинг хавфли ҳужумини тўхтатишга муваффақ бўлди.

«Ҳусанов жамоадаги дебют ўйинида «Челси»га қарши баҳсда йўл қўйган хатосидан сўнг тикланиб олиши осон эмасди, шунга қарамай у ишлашда давом этмоқда. У жуда тез, тўп узатишлари ҳам мукаммал. Мен кўплаб тезкор ўйинчиларни кўрганман, Ҳусанов улардан бири. У меҳнаткаш, ишлашдан тўхтамайди. Мухлисларимиз ҳам уни яхши кўришади», — деб қўшимча қилади Гвардиола.

Шу тариқа, «Манчестер Сити» клуби АПЛ тирнир жадвалида 47 очко жамғарган ҳолда 4-ўринга кўтарилиб олди. Қайд этиш жоиз, Ҳусанов кетма-кет уч ўйиндан буён асосий таркибда майдонга тушиб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?