8 январь — Прокуратура органлари ходимлари куни

18:56 08 Январь 2021 Жамият
5461 0

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, коррупцияга қарши кураш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясининг алоҳида бир йўналиши айнан — Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилгани ҳам бежиз эмас. Ўтган 3-4 йил давомида Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида, биргина суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга оид қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, Президент Фармонлари ва қарорлари қабул қилинди.

Ҳужжат қабул қилинади, аммо уни кенг жамоатчиликка етказиш, онгига сингдириш, бу — алоҳида масала. Яъни ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳар бир бандини сўзма-сўз, содда ва халқчил тилларда тушунтира олишда журналистлардан катта маҳорат талаб этилади.

Хўш, бу маҳорат қачон ва қандай тўпланади? Албатта, бу давлат идоралари билан ОАВ ўртасидаги ўзаро мустаҳкам ҳамкорликка бориб тақалади. Мана масаланинг моҳияти қаерда?

Таъкидлаш жоизки, газетамиз саҳифаларида прокуратура органлари фаолиятига оид материалларга кенг ўрин ажратиляпти. Чоп этиладиган материалларда Президент ташаббуси туфайли амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида прокуратура органлари фақат жазоловчи эмас, балки фуқароларга, хусусан, тадбиркорларга, ёрдамга муҳтож оилаларга кўмаклашувчи, уларни қўллаб-қувватловчи органга ва чинакам «халқ прокуратураси»га айланаётгани ёритилмоқда.

Эътиборлиси, нафақат босма нашрларимиз, балки унинг расмий сайти ҳамда интернетдаги ижтимоий саҳифаларида ҳам прокуратура органлари ходимларининг турли мавзулардаги чиқишлари тобора кўпаймоқда.

Масалан, биргина ўтган йили газетамизнинг,

— 21 январь ва 8 ноябрь сонларида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишларида муҳокама қилинган масалаларга бағишланган материаллар берилди.

— 4 февраль сонида «Ер — халқ мулки, уни сотиш қонунга зид» ёхуд экин майдонларини талон-тарож қилиш ҳолати «болалаб» кетаётгани хусусида» сарлавҳали мақола чоп этилди.

— 4 декабрь сонида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг «Демократик тараққиёт замини» сарлавҳали мақоласи газетхонлар эътиборига ҳавола этилди.

Шунингдек, бошқа масъул ходимларнинг ҳам долзарб мавзулардаги бир неча мақолалари чоп этилди. Пандемия пайтида дори-дармон нархларининг асоссиз ошиб кетиши, мулкни талон-тарож қилиш, одам савдоси, порахўрлик, тамагирлик ҳолатлари билан боғлиқ жиноятларнинг фош этилгани бўйича танқидий-таҳлилий мақолалар тайёрланди.

Бу эса бир томондан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилса, иккинчи томондан, турли жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олишга имкон яратади. Бу ҳам прокуратура билан «Халқ сўзи»ва «Народное слово» газеталари ўртасидаги ҳамкорликнинг ижобий томонларидан бири.

Жорий йилда бундай ҳамкорликни янада ривожлантириш, ҳуқуқий тарғибот ишларини янада кучайтириш ниятидамиз.

Яна бир муҳим жиҳатга тўхталиб ўтиш керак. Бугун прокуратура ходимлари кабинетларда ўтириб ишламаяпти. Энди улар халқнинг ичига кириб боряпти, фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларига қонуний ечим излаяпти.

Бир сўз билан айтганда, тизим фаолияти тубдан ўзгарди. Бу ўзгаришлар жамиятимизда юз бераётган демократик жараёнларга ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир. Халқимизнинг прокуратура органларига бўлган ишончи тобора ортиб бораётгани ҳам шундан.

Биргина мисол: яқинда Бош прокурор турли соҳаларда йўл қўйилган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан ахборот бериб, жамиятимизда учраб турган коррупция, порахўрлик, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш каби иллатларни рўй-рост очиб ташлади. Бу ахборот юртдошларимиз орасида катта акс-садо берди. Одамларда адолат тантанасига умид уйғонди.

Бу мисол яна бир ҳақиқатни англаб етишимизга ёрдам беради: бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларни, амалга оширилаётган ишларни халқимизга холисона етказишимиз жуда муҳим.

Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Мурожаатномасида ҳам айтиб ўтилди. Президентимиз оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни холис ёритиш билан бирга, жойлардаги мавжуд долзарб муаммоларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратиб, уларни бартараф этишга барча даражадаги раҳбарларни даъват этиб келаётганини алоҳида таъкидлади.

Оммавий ахборот воситалари том маънода «тўртинчи ҳокимият»га айланиб бораётганига, ошкоралик ва сўз эркинлиги давр талаби, Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби эканлигига урғу берилди. Жорий йилда ҳам сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналистларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асосларни янада кучайтириш, давлат идораларида ахборот хизматлари фаолиятини такомиллаштириш, оммавий ахборот воситалари билан давлат идораларининг ҳамкорлигини янги босқичга чиқариш бўйича зарур чоралар кўрилиши таъкидлаб ўтилди.

Шу жиҳатдан прокуратура органларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги катта аҳамият касб этади. Чунки ошкоралик муҳити ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халқимизга етказишга хизмат қилади, жамоатчилик назоратини кучайтиради, амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини таъминлайди.

«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририятининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишидан ҳам айнан шу мақсад кўзланган. Бош прокуратура билан мунтазам алоқада бўлиш, ўтказилаётган турли тадбирларда, матбуот конференциялари ва брифингларда иштирок этиш, Коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилиш ва бошқа муҳим масалаларга оид мажлисларда қатнашиш журналистларимизга соҳада эришилаётган ютуқлар билан бирга, оғриқли муаммолар ва уларни ечиш йўллари хусусида таҳлилий мақолалар тайёрлаш имконини бермоқда.

Бизни хурсанд қиладиган томони шундаки, журналистлар прокуратура биносини ҳадик билан айланиб ўтадиган даврлар ортда қолди. Бугун прокуратура органларининг эшиги оммавий ахборот воситалари учун, хусусан, «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари мухбирлари учун доим очиқ. Исталган саволимизга матбуот хизматидан аниқ далилларга асосланган жавоб оламиз. Прокуратура тизимида олиб борилаётган ишларда очиқлик, ошкоралик, шаффофлик тўла таъминланяпти, деб ишонч билан айта оламиз.

Сўзимиз якунида барча прокуратура органлари ходимларини «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти ижодий жамоаси номидан касб байрами билан самимий муборакбод этаман. 8 январнинг прокуратура органлари ходимлари куни сифатида нишонланиши мамлакатимизда ҳуқуқий давлат барпо этиш борасидаги қатъиятимизнинг мустаҳкамлигидан, мазкур жараёнда бу шарафли касб эгаларининг фаолияти беқиёс аҳамиятга эга эканлигидан далолатдир. 

Таҳририятимиз номидан прокуратура органлари ходимларини бугунги касб байрами билан қутлаймиз. Уларга жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, халқ манфаатларини таъминлаш йўлидаги ўта масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этишда куч-қувват, янги марралар ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламиз.

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер