500 миллиард евролик мудофаа харажатлари. Германия Европада ҳарбий гегемонликка интиляптими?

13:08 12 Март 2025 Дунё
184 0

Германия ҳукумати мудофаа ва инфратузилма харажатларини ошириш мақсадида мамлакат конституциясига жиддий ўзгаришлар киритишни режалаштирмоқда. Христиан-демократлар иттифоқи (ХДС) ва Социал-демократлар партияси (СДП) томонидан илгари сурилган мазкур ташаббус АҚШнинг НАТОга нисбатан ўзгарувчан позицияси ва Россиянинг Украинадаги уруш билан боғлиқ таҳдидлари ортиб бораётгани билан изоҳланмоқда.

Агар таклиф қилинган ўзгаришлар қабул қилинса, Германия мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 3 фоизига етказади ва 500 миллиард евролик махсус фонд ташкил этади.

Мазкур таклиф Германия Бундестаг (мамлакат парламенти)ида 13 ва 18 март кунлари муҳокама қилиниши режалаштирилган. Конституциявий ўзгаришлар қабул қилиниши учун парламентнинг учдан икки қисми овоз бериши лозим.

Шунга қарамасдан, бу масала Бундестагда қизғин тортишувларга сабаб бўлиши аниқ. Хусусан, «Германия учун Алтернатив» (АфД) ва Чап партиялар ушбу ўзгаришларга кескин қаршилик билдирмоқда.

Шунингдек, «Яшиллар» ва “Либераллар” партиялари ҳам ўз талабларини илгари сурмоқчи. Агар таклиф рад этилса, Германия НАТО олдидаги мажбуриятларини бажаришда қийинчиликларга дуч келиши ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин.

Нега мудофаа харажатларини оширмоқчи?

Бундесвер (мамлакат қуролли кучлари) сўнгги ўн йилликларда жиддий муаммоларга дуч келган. Германия мудофаа вазири Борис Писториус 2023 йилда Бундесвер техник ва моддий таъминот масалалари бўйича жиддий муаммоларга эга эканини айтганди. Россиянинг Украинага бостириб кириши ва АҚШнинг НАТО бўйича ноаниқ позицияси Берлинни тезкор қарорлар қабул қилишга мажбур қилмоқда.

Германия Канцлери Олаф Шольц 2022 йилда армияни модернизация қилиш учун 100 миллиард евролик махсус фонд ташкил этишни эълон қилганди, аммо бу маблағлар деярли сарфланиб бўлинди. Энди Берлин қўшимча маблағ ажратишга мажбур.

Германия ҳозирда ЯИМнинг 2 фоизини мудофаа харажатларига сарфламоқда, бу НАТО талабларига мос келади. Шунга қарамасдан, АҚШ Дональд Трамп НАТОга аъзо давлатлардан бу миқдорни 5 фоизгача оширишни талаб қилмоқда.

Агар Германия бу талабни бажармаса, Вашингтон НАТОдаги етакчи ролини қайта кўриб чиқиши ва Европадаги ҳарбий базаларини қисқартириши мумкин. Бу эса Германия ва бошқа Европа давлатлари учун жиддий хавф туғдиради.

Европадаги ҳарбий мувозанат ўзгарадими?

Германия армиясининг модернизацияси учун йирик қурол-яроғ шартномалари имзоланган. 2024 йилда Берлин 105 та “Леопард 2” танки ва 35 та “Ф-35” қирувчи самолётларини харид қилиш бўйича келишувга эришган. Бу харажатлар тахминан 11 миллиард еврони ташкил этади.

Бундан ташқари, Германия Украинага танклар, артиллерия ва ҳаво мудофааси тизимларини етказиб бермоқда. Шу сабабли, Бундесвер ўз техникасини янгилаши шарт. Берлин мудофаа харажатларини ошириш орқали Европадаги энг замонавий армияга айланишни ва халқаро майдондаги обрўсини янада оширишни кўзлаган.

Аммо сиёсатшунослар бу қарорнинг турли оқибатлари ҳақида икки хил фикр билдирмоқда. Хусусан, Берлиндаги Халқаро ва хавфсизлик масалалари институти тадқиқотчиси Маркус Кайм шундай дейди: «Германия мудофаа харажатларини ошириш орқали ўз мустақил ҳарбий кучини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Бу, ўз навбатида, Европа Иттифоқининг қўшма мудофаа сиёсати учун ҳам янги имкониятлар очади. Шунга қарамасдан, бу жараён Германия иқтисодиёти учун оғир юк бўлиши мумкин».

УкраинаРоссия уруши ва АҚШнинг таъсири

Германия АҚШнинг НАТО бўйича келгуси сиёсати борасида жиддий хавотирда. Вашингтоннинг Киевга ҳарбий ёрдамни вақтинча тўхтатиб, кейинчалик уни қайта тиклагани ҳам Германияни жиддий чоралар кўришга ундамоқда. Агар АҚШ Киевга ёрдам беришни камайтирса, Германия ва Европа Иттифоқи Украинага ҳарбий ёрдамни ўз бўйнига олиши керак бўлади.

«Биз Европанинг хавфсизлигини таъминлаш учун НАТОга таянишимиз керак, аммо бу биз ўз мудофаамизни кучайтиришни тўхтатишимиз керак дегани эмас. Украина уруши Европада ҳарбий модернизациянинг зарурлигини исботлади», деганди Борис Писториус.

Конституциядаги ўзгариш Европа хавфсизлигига қандай таъсир қилади?

Германия конституциясига ўзгариш киритилиши бутун Европа хавфсизлик тизимига таъсир кўрсатиши мумкин. Агар таклиф қилинган ўзгаришлар қабул қилинса, Германия НАТОнинг етакчи ҳарбий кучларидан бирига айланиши мумкин.

Шундай бўлса-да, Германия иқтисодиёти учун бундай катта харажатларнинг оқибатлари ҳақида таҳлилчилар икки хил фикр билдирмоқда. Германия Иқтисодиёт институти таҳлилчиси Ганс Вернер Зиннинг таъкидлашича, 500 миллиард евролик ҳарбий ва инфратузилма харажатлари давлат қарзини сезиларли даражада оширади. Агар ҳукумат бу маблағларни оқилона бошқармаса, иқтисодий тараққиёт тўхтаб қолади.

Германия қитъада ҳарбий етакчига айланадими?

Германия Бундестагида шу ойда бўлиб ўтадиган муҳокамалар Европа хавфсизлигининг келажагини белгилаб бериши мумкин. Агар Германия мудофаа харажатларини ошириш ва ҳарбий стратегиясини кучайтиришга қарор қилса, бу НАТО ва Европа Иттифоқи учун катта бурилиш нуқтаси бўлади.

Аммо сиёсий мухолифат ва иқтисодий хавф-хатарлар ушбу қарорни амалга оширишни қийинлаштириши мумкин. Агар Германия Бундесверни модернизация қилишда муваффақиятга эришса, у Европа қитъасидаги энг кучли армиялардан бирига айланиши ва Россия – Украина конфликтида асосий воситачи сифатида кўрилишига сабаб бўлади.

Санжар Шомуродов тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?