22 ёшли йигит сунъий интеллект яратди
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Ахборот технологиялари соҳаси бўйича мутахассис Акбаржон Исоқжонов бундан икки йил аввал «Uniprojects tehc» масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, биллинг тизимлари, веб-сайтлар яратишни йўлга қўйганди. Ўтган давр мобайнида ушбу МЧЖда йигирмадан зиёд тажрибали IT мутахассислари жамланиб, корхона тизим бозоридан муносиб ўрин олишга эришди.
Шунингдек, бир қатор давлатлар компаниялари билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари натижасида хорижий буюртмаларни ҳам бажаришга киришилди. Жумладан, Россия учун тиббиёт соҳасига йўналтирилган Tour-Voyazh, Бирлашган Араб Амирликларига тақдим этилган Topstrething fitnes платформаларидан ушбу мамлакатларда кенг фойдаланилмоқда.
Яқинда А. Исоқжонов жамоаси БААнинг «Team falcon digital» компанияси билан биргаликда навбатдаги лойиҳасини ниҳоясига етказди. Бу кўп қиррали вазифаларни ўз ичига олган Ipsilon-1 сунъий интеллекти бўлиб, уни яратишга 13 миллион еврога тенг маблағ йўналтирилди. Турли интеллект амалларни бажаришга мўлжалланган алгоритм ва дастурий тизимлардан иборат қурилманинг ахборот базасига инсон онги бажариши мумкин бўлган бир қанча вазифалар бўйича етарли маълумотлар киритилган. Бу, ўз навбатида, қўйилаётган масала юзасидан мантиқли, изчил мулоҳаза қилиш ва мақбул тавсия бериш имкониятини беради. Масалан, унинг ўзида виртуал лаборатория ташкил этиб, ўрганилаётган касалликнинг кимёвий ва биологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда тезкор равишда янги дори воситаси кашф этиш мумкин. Бундан ташқари, атроф-муҳит муҳофазаси, илм-фан, ахборот хавфсизлиги, ижтимоий ёрдам соҳасидаги долзарб вазифалар ҳам интеллект тезкорлик билан ечиб берадиган мавзулар сирасидан ўрин олган.
— Ҳозирги кунда Ipsilon-1ни тест усулида ишлатяпмиз, — дейди ёш мутахассис. — Бу жараёнда унинг ишлаш тартиби жиддий синовдан ўтказилиб, зарурат туғилса ўзгартиришлар киритишимиз мумкин. Ўйлайманки, шиддат билан ривожланиб бораётган замон талабига мос равишда яратган янгилигимиз илғор технология ёрдамида инсон меҳнатини янада енгиллаштиришга ҳисса қўшиши билан кўпчиликка маъқул бўлади.
Шу ўринда Наманган вилоятида ахборот технологиялари соҳасига қаратилаётган эътибор ва унинг натижалари ҳақида айтиб ўтиш жоиздир. Масалан, жорий йилнинг апрелида вилоят марказида янги «IT-Park» барпо этилиб, унга соҳанинг етакчи экспортёр компаниялари йил якунига қадар бепул ижара ҳуқуқи асосида жойлаштирилган эди. Айни пайтда «IT-Park»да 15 га яқин хорижий ва маҳаллий компаниялар АҚШ, Буюк Британия, Малайзия, Россия, Чехия ва бошқа давлатларга дастурлаш, логистика хизматларини кўрсатиб келмоқда. Маълумот учун, 2024 йил 1 январь ҳолатига вилоятда «IT-Park« резидентлари сони 30 тани ташкил этган бўлиб, ҳозирга қадар яна 36 та компания резидент мақомини олган ва уларнинг жами сони 66 тага етказилган. Йил якунига қадар бу кўрсаткич 80 тадан ортади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг