2027 йилда Минораи Калоннинг 900 йиллиги нишонланадими?

11:46 04 Март 2020 Маданият
20276 0

Бухорои шарифда қадимий обидалар бениҳоя кўп.Уларнинг ҳар бири қадрли.Ҳар биридан мозий нафаси келиб тургандай бўлади. Ҳар бири аждодларимизнинг қандай инсонлар бўлишганининг тилсиз гувоҳидек туюлади.Аслида ҳам шундай.Мана, Минораи Калонни олиб кўринг.Пойи Калон мажмуининг ажралмас бўлаги саналган бу обидасиз Бухорони тасаввур этиб бўлмайди.Биласиз, ўтган йилда Пекин шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли тадбирда ушбу мажмуа Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 8 та мўъжизаси рўйхатига киритилди.

Минораи Калон сўнгги қорахоний ҳукмдор Арслонхон фармонига мувофиқ, меъмор Уста Бақо раҳбарлигида 1127 йилда қуриб битказилган.Баландлиги 47,5 метр, диаметри эса 9 метрни ташкил этган,105 пиллапояли бу ёдгорлик ўз вақтида Арслонхон минораси дея аталган.Маҳобати, баландлиги туфайли унга кейинчалик Минораи Калон (Катта минора) деб ном берилган бўлса ажаб эмас.

Разм солинса, у инсоннинг хушбичим қоматини эслатади.Айрим тарихчилар Одам алайҳиссаломнинг бўйи олтмиш газ бўлганлигини, Минораи Калон ҳам худди шу ўлчамда қурилганини айтишади.

Минораи Калонни Бухоро меъморчилигининг ўзига хос қомуси, энциклопедияси ҳам дейишади.Гап шундаки, турли босқинлар, табиий офатлар оқибатида шаҳардаги кўплаб меъморий обидалар вайрон бўлган, изсиз йўқолган.Уста Бақо минорага нақшлар солаётиб ўша ёдгорликлардаги бетакрор безаклардан нусха олган экан.

-Минораи Калон қадимда савдо карвонлари учун маёқ вазифасини ўтаган,- дейди Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Шодмон Ҳайитов.- Унинг устига кечалари чироқ ёқиб қўйилган.Буюк ипак йўли бўйлаб ҳаракатланган карвонлар учун минора олис – олисдан кўриниб турган. Унда азон ҳам ўқилган.Бундан ташқари,минора душман босқинидан огоҳ бўлишда ҳам қўл келган.Ёв қўшини осмонўпар минорадан кўринган заҳоти мудофаа тадоригига киришилган...

Ривоят қилишларича, Бухорони босиб олиб, шаҳар ҳимоячиларига заррача шафқат кўрсатмаган, кўплаб қадимий осори атиқаларни ер билан яксон этган Чингизхон Минораи Калон рўпарасида бир лаҳза тўхтаб қолади.Осмонўпар минорага тикилар экан, бехосдан бошидаги қалпоғи тушиб кетади.

Минораи Калоннинг Фрунзе қўшинлари томонидан вайрон қилинганидан кейинги (1920 йил) ҳолати

Аста эгилиб, уни ердан оларкан, “Мен шу пайтгача ҳеч кимга бошэгмаганман.Лекин бу минора шу қадар маҳобатлики, унинг олдида бош эгсанг арзийди”, дейди.

Бу бир афсона.Аммо ҳар қандай ривоят замирида ҳақиқат ҳам бўлади. Минораи Калон асрлар давомида нималарни кўрмади, қанақанги воқеаларга шоҳид бўлмади, унинг олдида кимлар бош эгмади, дейсиз.Буни қарангки, миноранинг қисмати ҳам халқимизникига ўхшаб кетади.Дейлик, шўролар босқини чоғида халқимиз катта йўқотишларга учради.Миноранинг бошига ҳам мушкул савдолар тушди. Фрунзе бошчилигидаги шўро қўшинлари босқини пайтида у тўпга тутилди, аэропландан туриб нишонга олинди.Устига бомба ташланди.Минора қаттиқ шикастланди.Аммо талатўплардан омон қолди.Аслида уни билан яксон қилмоқчи эдилар.Бироқ худди халқимиз каби бўйин эгмади.Таъбир жоиз бўлса, имон – эътиқод, юртга садоқат тимсолига айланди.

У ўтган асрнинг суронли 20- йилларида юрт фидойилари куч – ғайрати билан таъмирланиб, асл ҳолига келтирилди.1976 йилги зилзиладан зиён кўрганида ҳам маҳоратли меъморлар томонидан талафот бартараф этилди.

-2027 йилда Минораи Калоннинг барпо этилганига роппа-роса 900 йил тўлади,- дейди Шодмон Ҳайитов.- Худди шу йилда дунёдаги саноқли мўъжизалардан бири саналган ушбу минорага бағишланган тадбирлар ўтказилса айни муддао бўларди.

Бу таклиф ўринли.Минораи Калоннинг 900 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш орқали биз халқимизнинг бой маънавий – маданий меросига бўлган ҳурматимизни кўрсатибгина қолмай, юртимиз сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги тасаввурларни янада бойитган бўлур эдик.Зеро, Чингизхондек жаҳонгирларни бўйин эгишга мажбур этган Минораи Калон ҳар қандай эъзоз ва шарафга муносибдир!

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?