2025 йилнинг дастлабки 3 ойи мобайнида қанча маъмурий иш кўриб чиқилган?

18:04 16 Апрель 2025 Жамият
183 0

2025 йилнинг дастлабки 3 ойи мобайнида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилган маъмурий ишлар бўйича ҳисобот эълон қилинди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жамоатчилик билан алоқалар маркази раҳбари Азиз Абидов маълум қилди.

Унда айтилишича, жорий йилнинг I-чораги давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 162 минг 665 нафар шахсга нисбатан 138 минг 557 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, 105 минг 418 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилган.

Ярашилганлиги муносабати билан эса 19 минг 201 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод қилинган.

Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини:

  • майда безорилик;
  • ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик;
  • автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш;
  • электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш,
  • ҳақорат қилиш;
  • транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши;
  • савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш;
  • жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш;
  • транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш;
  • совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этган.

Шунингдек, апелляция тартибида 1 минг 924 нафар шахсга нисбатан 1 минг 632 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган. 637 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 577 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари эса ўзгартирилган.

Кассация тартибида 2 минг 540 нафар шахсга нисбатан 2 минг 380 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган. 1 минг 21 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 625 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Бундан ташқари, Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 467 нафар шахсга нисбатан 420 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган. 102 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 83 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?