20 дақиқали дарс пандемия пайтида яхши самара беради

13:11 04 Август 2020 Жамият
620 0

Бугунги пандемия мактаб ва устозларнинг жамиятга қанчалар зарур эканини исботлади. Аксарият инсонлар айнан мактабда яхши билим ва тарбия олган болалар келгуси ҳаётида муваффақиятга эришиш имкони кенгроқ бўлишини тушуниб етишди. Жамият тараққиётини мактабсиз тасаввур қилиб бўлмаслиги кундек равшан бўлди. Дунё бугун битта масала устида бош қотирмоқда — карантин қачонгача давом этади ва таълим тизимини қандай йўлга қўйиш лозим.

Бу борада аниқ таклифлар билан ўртоқлашмоқчиман.

Биринчиси, умумий ўрта таълим мактабларида ва бошқа таълим муассасаларида уқув йилини 2020 йил 20 августдан бошлаш керак.

Бунда ҳар бир дарслар 45 дақиқадан эмас, балки 20 дақиқадан бўлиши лозим. Синф ўқувчилари 2 гуруҳга бўлинади ва дарслар 2 сменада ташкил этилади.

Эрталаб соат 8.00 гача таълим муассасаси маъмурияти СEС билан ҳамкорликда ўқув хоналарини дезинфекциялаши керак. Биринчи гуруҳ соат 8.00 да дарсларни бошлайди ва 5 дақиқали танаффуслар билан бирга жами 6 та дарс ўтади ва соат 10.30 да дарсларни тугаллаб уйга кетади.

Таълим муассасаси маъмурияти СEС билан ҳамкорликда ўқув хоналарини қайтадан дезинфекциялайди ва шамоллатади.

Иккинчи гуруҳ соат 12.00 да дарсларни бошлайди ва 5 дақиқали танаффуслар билан бирга жами 6 та дарс ўтади ва соат 14.30 да дарсларни тугаллаб уйга кетади.

20 минутли дарснинг афзалликлари жуда кўп.

Энг аввало дарслар ўз вақтида жонли ўтказилади. Ўқитувчи синфда 30-40 нафар эмас, балки 15-20 нафар ўқувчига дарс ўтади. Синфда ва мактаб ҳудудида ижтимоий масофа сақланади. Ўқувчиларнинг бир жойда туриш сони икки баробарга камаяди. Ҳар бир дарсда уй вазифалари сўрашнинг ўрнига 2 ҳафтада бир марта оралиқ назорат синовлари ўтказилади.

Бу жараёнда ўқитувчиларга 2 карра қийин бўлиши ҳам табиий. Чунки ўқитувчи 1 ставканинг ўрнига 2 ставка ишлайди. Яъни, битта дарсни такрор икки марта ўтади.

Ўқитувчиларнинг бу жараёндаги меҳнатига иш ҳақи тўлаш, уни моддий томондан қўллаб-қувватлаш учун Республика махсус комиссияси, Молия вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги алоҳида тўлов тизими ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўқув йилига тайёргарлик ишлари, аввало, ўқувчиларни дарсликлар, ўқитувчиларни услубий қўлланмалар билан таъминлаш, ўқув жараёнининг педагогик ва методик таъминотини яхшилаш, замонавий АКТдан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, таълим сифатини яхшилаш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширишни 15 августгача якунлаш лозим.

Асосий мактаб ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлмаган жойларда эса, ўқувчиларнинг асосий мактабга боришлари учун автобус хизматлари йўлга қўйилиши масаласини ўрганиб чиқиш долзарб вазифалардан бири.

Бошланғич синфлар, айниқса биринчи синфлар масаласини шошилмай, атрофлича кўриб чиқиш зарур.

Иккинчи муҳим таклиф: онлайн дарслар, электрон тизим керак. Бироқ аксарият ҳудудларда интернетнинг сифатли ишламаслиги, айниқса қишлоқ шароитида интернет ва телевидение ҳар доим ҳам онлайн эмаслиги қийинчиликлар туғдиради. Ижтимоий тармоқларда ўтказилган сўровнома натижалари ҳам онлайн таълим кутилган натижани бермаслигини ўзида акс эттирди.

Бу муаммони бартараф этиш учун «Офлайн» усулидан фойдаланиш зарур.

Таклиф этилаётган лойиҳа интернетсиз, телевидениесиз ва ҳаттоки компьютерларсиз ишлашга мўлжалланган.

«УЭМ» — уй электрон мактаби лойиҳаси

Лойиҳанинг асосий мақсади замонавий ахборот коммуникация технологияларини ўқитишга жалб этган ҳолда, ўқувчилар билим даражасини бир неча баробарга ошириш, ўқувчиларни мустақил таълим олишларига, пандемия шароитида таълим узлуксизлигини таъминлаш, айниқса имконияти чекланган болаларга уй шароитида таълим бериш учун «Уй электрон мактаби» тизимини ишлаб чиқишдан иборат.

Уй шароитида янада чуқурроқ билим олишни истаган ўқувчи истаган фандан (ўзбек, инглиз, рус, қорақалпоқ тилларида) дарсларни томоша қилмоқчи бўлса, УЭМ дисклари (дастурий таъминот) дан компьютер ёки DVD ёрдамида фойдаланиши мумкин.

Нафақат ўзи таълим олаётган мактабида фаолият кўрсатаётган, балки республика миқёсида таниқли ўқитувчиларнинг дарсларидан уйда, муолажа олаётган шифохонада, дам олаётган оромгоҳда — хоҳлаган жойда ва вақтда фойдаланиши мумкин. Тушунмаган саволларига мазкур дарсларни қайта-қайта томоша қилиш ёки бошқа ўқитувчиларнинг шу каби видеодарсларини томоша қилиш орқали жавоб топиши мумкин. Ўзини қизиқтирган саволларни интернет ёки телефон орқали лойиҳа ташкилотчиларига етказиши мумкин. Мазкур лойиҳа ҳар йили республика Таълим маркази ва тегишли мутахассислар томонидан мунтазам таҳлил қилиб борилади ва камчиликлар бартараф этиб борилади.

Лойиҳани амалга ошириш учун, аввало, ўз фанининг билимдонлари бўлган тажрибали, фидойи ўқитувчиларни жалб этган ҳолда, барча фанлардан амалдаги Давлат таълим стандартлари асосида видео дарслар ҳамда мазкур дарсларга алоқадор бўлган тестлар банкини, қизиқарли ўйинлар, бошқотирмалар, машқлар жамланмасини яратиш (бир неча вариантларда) лозим. Қолаверса, тўпланган видеодарсларни инглиз, рус, қорақалпоқ тилларига таржима қилиш керак. Руҳшунослар, сурдотаржимонлар, логопедлар ва дефектологлар ёрдамида мазкур видеодарсларни сурдотаржимасини яратиш, субтитрлар ёзиш талаб этилади. Мутахассисларни жалб этган холда, дастурий таъминот ҳолига келтириш, тайёр дастурий маҳсулотни (кўп вариантлилик асосида) тегишли идоралар ва ташкилотлар кўмагида фойдаланувчиларга етказиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Мазкур лойиҳа нафақат болалар, балки ёшидан қатъий назар ўз билими, илмий салоҳиятини ошириш истагидаги инсонларга яқиндан ёрдам беради, деб ўйлаймиз.

Қобилжон ҚОСИМОВ,
Чортоқ туманидаги 5-ДИМИ ўқитувчиси,

Халқ таълими аълочиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?