Фестиваль ёшларнинг янги қирраларини кашф этмоқда

22:05 12 Июнь 2021 Жамият
1041 0

Самарқандда «Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик» шиори остида ўтаётган фестивалнинг иккинчи куни югуриш марафони мусобақаси билан бошланди. Регистон майдони олдидан старт олган марафонда 300 нафар ёш спортчилар 10 километр масофани босиб ўтиб яна ўша жойда ўрнатилган финишга қайтиб келишди.

Баҳс якунида СамДУ талабаси Отабек Тошқувватов ҳамда Севара Чориева финиш чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтди. Маррага иккинчи бўлиб Азизбек Насимов ҳамда Зуҳра Амирова етиб келган бўлса, учинчи ўрин Алишер Аҳмадалиев ҳамда Эъзоза Ҳошимовага насиб этди. Ғолибларга планшет ва ноутбуклар совға қилинди.

Ёшлар фестивали доирасида “Regal palace” меҳмонхонаси ҳовлисида «Ўзбекистон ёшлари, кеча, бугун, эртага» мавзусида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви ўтказилди.

Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ёшлар вакиллари лойиҳалари, ғоялари, фикрлари билан ўртоқлашди. «Ҳоким ва ёшлар» учрашувида вилоят ҳокими 3 нафар «Старт-ап» лойиҳаси ғолибини махсус сертификат билан, ёшлар етакчиларидан 2 нафарини фахрий ёрлиқ билан тақдирлади. Шунингдек, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлардан 20 нафари вилоят ҳокими стипендиясига сазовор бўлди. Уларга 6 ой давомида 1 миллион сўмдан стипендия олиш ҳуқуқини берадиган сертификатлар топширилди.

Ёшлар фестивали доирасида ўтказилаётган «Вилоят ҳокими фан олимпиадаси»да 14 та фандан 1576 нафар 10-11-синф ўқувчилари ўнта олий ўқув юртларида ўз билимларини синовдан ўтказдилар.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари Улуғбек Ташкенбаев ва вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиевалар билан биргаликда «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида ўтказилаётган фестиваль доирасидаги фан олимпиадаси жараёнларини кузатиб, ўқувчи ёшлар билан мулоқотда бўлди.

Олий ўқув юртлари ректорлари, профессор-ўқитувчиларига уларнинг билимини холисона баҳолаб, энг муносибларини кашф этиш бўйича тавсиялар берди. Фан олимпиадаси якунида ғолиблар эълон қилинди. Улар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Қўшработ туманининг Қўрғон қишлоғидаги Эргаш Жуманбулбул ўғли музей-мажмуасида бахшилар кўрик-танлови ҳам ўтказилди. Унда 50 нафарга яқин ёшлар иштирок этди. Улар орасида қўшработлик 2 ёшли қиз Нилуфар Тоғаймуродова ҳам ўз маҳоратини синаб кўрди. Қатнашчилар орасида самарқандлик бахшиларидан ташқари Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан келган ёшлар ҳам бўлди.

Танлов якунига кўра, 1-ўрин қўшработлик Бобобек Раҳматовга насиб этди. 2-ўринни Паст Дарғом туманидан Жавлонбек Шарибоев ҳамда булунғурлик Фирдавс Суюнбоев, 3-ўринни булунғурлик Заҳриддин Суюнбоев ва нурободлик Муҳаммаджон Шавкатов қўлга киритди. 

Мазкур фестиваль дорасида Самарқанд шаҳридаги «Чорсу» галереясида «Амир Темур ўйинлари» спорт мусобақаси ўтказилди. Тадбирда вилоят, туман шаҳар ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, ёш спортчилар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда 2000 га яқин ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Мусобақада иштирокчилари кўп кураш, армрестлинг, тош кўтариш, арқон тортиш каби шартлар бўйича беллашди. Мусобақа ғолиблари Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Фестиваль шукуҳи полвонларни ҳам четлаб ўтмади. Самарқанд шаҳридаги якка кураш турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида миллий кураш мусобақаси бўлиб ўтди. Тадбир аввалида туман-шаҳар вакилларидан таркиб топган 16 та жамоа чиқиши намойиш этилди. Халқаро тоифадаги спорт усталари маҳорат машғулотлари ўтказди. Вилоят ҳокимлиги, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда кураш федерациясининг ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ўсмир-ёшлар вилоят прокурори кубоги учун беллашдилар.

Нуробод туманининг Жарқудуқ маҳалласидаги Жарқудуқ «Чўпон отарида суҳбат» мавзусида чорвадор-чўпонлар ва ёш чўпонларнинг гулхан атрофидаги давра суҳбати «Нурли эл чорвадори» МЧЖга қарашли «Файзобод» отарида бўлиб ўтди. Тадбирда чўпончилик касбига қизиқувчи тумандаги ёшлар иштирок этишди. Уларга чорвачилик ва чўпончилик соҳасининг сир-асрорларидан сўзловчи кўргазмалар тақдимот қилиниб, иштирокчилар учун от ва туяларда сайрлар ташкил қилинди. Гулхан ёқилиб, тажрибали чорвадор-чўпонлар ва ёш чўпонлар томонидан гулхан атрофида йиғилган ўғил-қизларга ушбу касбнинг машаққат ва қийинчиликлари, шунингдек ушбу касб орқасидан топилган ризқ-рўз ва муваффақиятлар ҳақида сўзлаб беришди.

Суҳбатда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор» унвони соҳиби, «Олға» чорвачилик хўжалигининг бош чўпони Машраб Тўраев ҳам иштирок этиб, йиғилганларга ўзининг ҳаётий тажрибаси, ушбу касбнинг қийинчиликлари ва муваффақиятлари тўғрисида айтиб ўтди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларига тажрибали чорвадор-чўпонлар томонидан батафсил жавоблар берилди. Тадбир давомида бахшилар томонидан куйланган қўшиқ ва халқ оғзаки ижоди намуналари йиғилганлар кайфиятига хуш кайфият улашди.

Мана икки кундирки  Самарқанд вилояти бўйлаб «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида ўтказилаётган ёшлар фестивали доирасида вилоятнинг шаҳар ва туманларида ҳам  фаол ёшлар, ҳарбийлар, уюшмаган ёшлар иштирокида жуда кўплаб лойиҳалар, қатор ажойиб учрашув ва тадбирлар ўтказилмоқда.

Иштихон туман маданият ва истироҳат боғида ҳам туман ҳокими Шухрат Негматов ёшларни фестиваль билан қутлаб, уларни фаол ва ташаббускор бўлишга, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтарган юртдошимиз Нигина Ўктамова ва Мохинур Рўзиевалар сингари юксак марраларга эришишга чақирди.

Фестиваль давомида туман маданият бўлими ва Самарқанд шаҳридан ташриф буюрган хонандалар ижросидаги куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлади.

Фестиваль тадбирлари давом этмоқда

Абдулазиз Йўлдошев

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер